Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги аппарати ходимлари учун Тошкент шаҳрига икки кунлик маърифий саёҳат ташкил этилди, хабар бермоқда "Зарафшон" нашри.
Саёҳат иштирокчилари дастлаб мамлакатимизнинг илмий ва маънавий салоҳиятини ўзида мужассам этган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлишди. Улар бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, буюк аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган ишлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг саёҳат дастури пойтахтнинг рамзий масканлари — Мустақиллик майдони ва «Янги Ўзбекистон» боғида давом этди. Шунингдек, иштирокчилар Тошкент шаҳридаги театрлар ва музейларга бориб, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар билан танишиш имконига эга бўлишди.
- Бундай саёҳатлар давлат хизматчилари учун нафақат мазмунли ҳордиқ, балки катта маънавий озуқа ҳамдир, - дейди вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Шерали Темиров. - Айниқса, Ислом цивилизацияси марказида яратилган шароитлар, бой тарихий меросимиз ва пойтахтимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари барчамизда чуқур таассурот қолдирди. Бу каби сафарлар жамоадаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, янги ғоя ва ташаббуслар билан қайтиш ҳамда иш фаолиятига янада катта иштиёқ билан киришишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Август ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилган Медиафорум доирасида тарих фанлари доктори Муслим Атаев томонидан XIII асрда Мовароуннаҳрда яратилган болалар ҳуқуқига оид ноёб ҳуқуқий-фиқҳий манба — Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари ҳақида муҳим маълумотлар тақдим этилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Тарихий Мовароуннаҳр нафақат илм-фан ва маданият, балки ҳуқуқшунослик соҳасида ҳам улкан илмий мерос қолдирган замин ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, XIII асрда Уструшанада (ҳозирги Жиззах ҳудуди) яшаб ижод қилган буюк фақиҳ Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг илмий мероси алоҳида аҳамиятга эга. Унинг 625/1228 йил 28 июлда ёзиб тугатилган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари болалар ҳуқуқига бағишланган ноёб ҳуқуқий-фиқҳий манба сифатида эътироф этилади.
Асарда:
➖болаларга оид 1280 та фатво 45 та масала доирасида тизимлаштирилган;
➖бола ҳуқуқлари биринчи бор кенг қамровда ҳуқуқий жиҳатдан таснифланган;
➖болалар ёши она қорнидаги ҳолат, гўдаклик, балоғат ва ўсмирлик даврларига ажратилган;
➖болаларнинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, фуқаролик, мулкий, меҳнат ва мерос ҳуқуқлари таҳлил қилинган;
➖ҳуқуқий масалалар билан бир қаторда ижтимоий-маънавий ечимлар, ахлоқ-одоб меъёрлари ҳамда миллий ва диний урф-одатларнинг уйғунлиги ёритилган.
Қизиғи шундаки, Ғарб дунёсида бола ҳуқуқларининг ҳуқуқий жиҳатдан шаклланиши асосан XIX–XX асрларга тўғри келади. Жумладан, 1804 йилги Франция Фуқаролик кодексида 2281 та моддадан атиги 5 таси болалар ҳуқуқларига дахлдор бўлган. 1908 йилда АҚШда ювенал ҳуқуқ тизимига асос солинган бўлса, 1924 йилда Миллатлар Лигаси томонидан Бола ҳуқуқлари Женева декларацияси қабул қилинган. 1959 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги декларацияси, 1989 йилда эса Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинди.
Демак, бола ҳуқуқларини тизимли ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиш анъаналари тарихий Мовароуннаҳрда, хусусан, Уструшанада XIII асрдаёқ шаклланган. Уструшаний мероси миллий ҳуқуқий тафаккуримиз тарихининг бебаҳо қисми. Бугун ушбу илмий меросни ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш орқали биз нафақат буюк аждодларимизнинг ҳуқуқий тафаккурини намоён этамиз, балки Ўзбекистон заминида бола ҳуқуқларига бўлган эътиборнинг чуқур тарихий илдизларга эга эканини кўрсатамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати