Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги аппарати ходимлари учун Тошкент шаҳрига икки кунлик маърифий саёҳат ташкил этилди, хабар бермоқда "Зарафшон" нашри.
Саёҳат иштирокчилари дастлаб мамлакатимизнинг илмий ва маънавий салоҳиятини ўзида мужассам этган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлишди. Улар бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, буюк аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган ишлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг саёҳат дастури пойтахтнинг рамзий масканлари — Мустақиллик майдони ва «Янги Ўзбекистон» боғида давом этди. Шунингдек, иштирокчилар Тошкент шаҳридаги театрлар ва музейларга бориб, мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар билан танишиш имконига эга бўлишди.
- Бундай саёҳатлар давлат хизматчилари учун нафақат мазмунли ҳордиқ, балки катта маънавий озуқа ҳамдир, - дейди вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Шерали Темиров. - Айниқса, Ислом цивилизацияси марказида яратилган шароитлар, бой тарихий меросимиз ва пойтахтимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари барчамизда чуқур таассурот қолдирди. Бу каби сафарлар жамоадаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, янги ғоя ва ташаббуслар билан қайтиш ҳамда иш фаолиятига янада катта иштиёқ билан киришишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Пойтахтимиздаги INNO инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа фидойилари ҳамда «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали педагоглар, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган олимлар ҳамда тизимда фидокорона фаолият юритаётган бир гуруҳ ходимларга «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.
Қувонарлиси, ушбу юксак эътирофга сазовор бўлганлар қаторида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳам муносиб кўрилиб, «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мазкур мукофот билан устозни қизғин муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан эл-юрт ва динимиз равнақи йўлидаги хайрли ишларида куч-қувват ҳамда улкан зафарлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати