Бугун, 22 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида мамлакатимиз диний-маърифий ҳаётидаги муҳим воқеа – Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк магистрантларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтади.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли уламолар, имом-хатиблар, устоз-талабалар ва ОАВ ходимлари иштирок этади.
Эътиборлиси, Тошкент ислом институти тарихида илк бор 2024 йилда ташкил этилган магистратура босқичини иқтидорли талабалар муваффақиятли тамомлади.
Маросим "Ҳазрати Имом" жоме масжиди ёнидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси биносининг катта мажлислар залида бўлиб ўтади.
Тадбир тафсилотлари ва битирувчиларга кутилмаган хушхабарларни саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати