Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448
Мақолалар

Тавбасини бузган нима қилади?

23.07.2026   22351   5 min.
Тавбасини бузган нима қилади?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари азза ва жалладан ҳикоя қилиб айтадилар: “Бир банда гуноҳ қилиб қўйди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди. Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” деди”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

“Ва гуноҳ учун жазолайдиган”, яъни ўша гуноҳни қилган кишини азоблашга қодир эканини билди. Имом Бухорий ривоятида: “Бандамни мағфират қилдим” деган зиёдаси бор.

Уламолар бу ҳадисни икки хил изоҳлаганлар:

Биринчиси, ким бир гуноҳига холис тавба қилиб, унга қайтмасликка қатъий қарор қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Шундан кейин нафси ёки шайтон ғолиб келиб, яна ўша гуноҳни қилиб қўйса-ю, сўнг иккинчи бор пушаймон бўлиб, яна қайтмаслик аҳди билан холис тавба қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Бу жараён шу тарзда давом этаверади. Ҳадисдан мурод – ҳар гал тавба қилаётганда “унга бошқа қайтмайман” деган азму қарорда бўлиш. Чунки тавба фақат қуйидаги икки асосий шарт билан мукаммал бўлади: гуноҳни дарҳол тўхтатиш ва унга бошқа қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Агар инсон шу ният билан, яъни ҳар сафар “бошқа қилмайман” деган чин аҳд билан тавба қилса-ю, лекин инсоний ожизлик ёки шайтон ғолиб келиб, гуноҳни такрорласа ҳам, унинг тавбаси қабул қилинаверади. Бу ҳолат юз, ҳатто минг марта такрорланса ҳам. Модомики, ҳар тавбасини бошқа унга қайтмаслик азму қарори билан қилса, Аллоҳ уни кечиради.

“Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” Банда, модомики, ҳар сафар гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб, истиғфор айтиб, тавба қилар экан, Аллоҳ таоло уни кечираверади. Бу асло гуноҳда давом этиш дегани эмас, балки ҳар гал хатодан сўнг янги тавба билан покланиш демакдир.

Иккинчиси, бу ўринда фақатгина истиғфор – Аллоҳ таолодан мағфират сўраш назарда тутилган бўлиши мумкин. Истиғфор тушунчаси тавбадан кўра кенгроқдир. Истиғфорда, тавбадан фарқли ўлароқ, гуноҳни дарҳол тўхтатиш ёки унга қайтмаслик аҳди шарт қилинмайди, балки мағфиратнинг ўзи сўралади, холос. Ким шу маънода истиғфор айтса, унинг гуноҳи кечирилишига кафолат берилмайди. Фақат Аллоҳ таоло унга Ўз лутфи ва марҳамати билан муомала қилиб, кечиб юборадиган ҳолатлар мустасно.

Шулардан маълум бўладики, ҳадисга берилган биринчи изоҳ тўғридир. Чунки гуноҳда давом этатуриб, тилида истиғфор айтадиган кимсалар шариатда қораланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Гуноҳидан тавба қилган киши гўё гуноҳи йўқ киши кабидир. Гуноҳни тўхтатмай туриб истиғфор айтувчи кимса эса Раббисини масхара қилаётган киши кабидир” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳни тўхтатмасдан айтилган истиғфор – ёлғончиларнинг тавбасидир”.

Ҳадисда “тавба” эмас, “истиғфор” лафзи ишлатилган бўлса-да, бу лафз кўпинча тавба маъносида қўлланилади. Гарчи луғатда “истиғфор” фақатгина “кечирим сўраш” маъносини билдирса ҳам, шаръий истилоҳда у кўпинча тавбани ҳам ўз ичига олади.

Имом Ғаззолий ва бошқа баъзи олимлар қуйидаги фикрни илгари сурганлар: “Агар инсон бирор сабабга кўра бирор гуноҳни бутунлай тарк этишга ўзида куч топа олмаётган бўлса, истиғфорни бутунлай ташлаб қўйгандан кўра, пушаймонлик ва истиғфор айтиш билан Аллоҳга юзланиб туриши афзалдир. Гарчи бундай истиғфор мағфиратни кафолатламаса-да, иншоаллоҳ, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу истиғфор вақти келиб, банданинг ўша гуноҳни ҳақиқий тарк этишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай киши истиғфорни асло тарк этмаслиги керак”.

Тавбадаги нозик нукта шуки, банда тавба қилаётган пайтида ўз ихтиёри билан бу гуноҳга қайтмасликка қалбан азму қарор қилиши керак. Гарчи унинг қалбида “нафсим ғолиб келиб, мен яна шу гуноҳни қилиб қўйсам-чи?” деган хавотир бўлса ҳам, тавбанинг саҳиҳлигига путур етмайди. Муҳими – тавбани чин кўнгилдан гуноҳга қайтмаслик азму қарори билан қилиш ва унда собит туришни Аллоҳ таолодан сўраш.

Тавба орқали банда ўзининг ожизлигини ва Парвардигорининг мағфиратига муҳтож эканини изҳор қилади. Мана шу ҳақиқий бандаликдир. Шу йўл билан у Аллоҳ таолонинг мағфиратига, марҳаматига эришади, иншоаллоҳ.

“Такмилату Фатҳил мулҳим” асари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Чин уста қолдими? (қидиряпман)

10.08.2026   9765   8 min.
Чин уста қолдими? (қидиряпман)

Бугуннинг гапи

“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
 

“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
 

 “Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
 

Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.


Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.


Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!


Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).


Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.


Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.


Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.


Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.


Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.


Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.


Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.


Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.


Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.


Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:

  •  Мен ҳам (ҳар бир шахс) жамиятнинг аъзосиман. Уй қурмоқчиман, лекин қурувчилик қўлимдан келмайди. Демак, устага эҳтиёжим бор. Унинг олдига бориб, уй қурмоқчиман, шартнома тузайлик, дейман. Усталар касби ортидан ризқ топади. Улар билан келишиб, бугунги нахр бўйича муайян сумма белгиланади. Муддати ва сифат кўрсаткичлари келишиб олинади. Ҳозирга кунда, Аллоҳ билувчироқ, устаман деганларнинг 70 фоизи алдамчи, найрангбоз, ҳийлакор: келишилган кунда белгиланган манзилга етиб келмайди, ишга кеч келиб, эрта кетади, вазифасини пухта бажармайди, ишини битирмасдан олдин пул сўрайди. Такасалтанг, таралла-бедод қилиб юради. Уйнинг эгаси ҳам хижолатда қолади. Аксарияти шунақа. Бундай усталарга ким ишонади? Уларга ким иш беради? Бундай тоифалар ўзига ўзи қилади, улар омадсизликни ўзларига чорлаб оладилар.


Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.


Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.

 

Толибжон НИЗОМ

Мақолалар