Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Октябр, 2026   |   8 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:20
Қуёш
06:39
Пешин
12:08
Аср
15:53
Шом
17:41
Хуфтон
18:55
Bismillah
19 Октябр, 2026, 8 Жумадул аввал, 1448

Сув ичишдаги 5 суннат

23.07.2026   29699   1 min.
Сув ичишдаги 5 суннат

1. Бисмиллоҳни айтиш.

2. Ўнг қўлда ичиш.

3. Дам олиб, (идишнинг ташқарисида) нафас олиб, учга бўлиб ичиш.

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар” (Имом Муслим ривояти).

4. Ўтириб ичиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: “Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир”.

5. Ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиш.

“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қурайш обиди

19.10.2026   7558   3 min.
Қурайш обиди

“Қурайш обиди” унвонига сазовор бўлган Абу Бакр ибн Абдураҳмон мадиналик етти фақиҳдан бири эди. У кўзи ожиз бўлса-да, илмли ва тақводор эди. Ҳаёти давомида суннатга қаттиқ амал қилиб, ҳатто мустаҳаб амални ҳам мукаммал адо этишга интилди. Укаларидан бири: “Акам узлуксиз рўза тутган”, дея таъкидлаган. У зарурат пайтида ижтиҳодига суяниб, фатволар берган.


Абу Бакр ибн Абдураҳмон Умар ибн Хаттобнинг халифалик замонида ҳижрий 22 йилда дунёга келган. Отаси Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом катта тобеин, ўз қавмининг шарафли кишиси эди. У Аммор ибн Ёсир, Абу Масъуд Ансорий, Ойша бинти Абу Бакр, Умму Салама, Абу Ҳурайра, Асмо бинти Умайс ва бошқа кўплаб катта саҳобалардан ҳадис ривоят қилган.


Унинг ўзидан эса мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа ровийлар ривоят қилган. Абу Бакр ибн Абдураҳмон нақл қилган ривоятларнинг аксарияти Абу Ҳурайрага боғланади. Абу Бакр ибн Абдураҳмоннинг машҳур ривоятлари орасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мана бу ҳадислари ҳам бор. Буни Ибн Шиҳоб Абу Бакр ибн Абдураҳмондан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилган:


«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мен бир кунда етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтаман”, деганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояти).


Абу Бакр ибн Абдураҳмон кучли ва мустаҳкам хотира соҳиби эди. У ривоят қилган ҳадисларни шогирдлари синчковлик билан ёзиб боришган. Чунки ўша даврдаги фиқҳий мажлисларда ҳадисни ёзиб бориш амалиёти кенг қўлланар эди. Абу Бакр ибн Абдураҳмон ва унинг ака-укалари бу борада ҳақиқий ибрат намунаси бўлишди.


Абу Бакр ибн Абдураҳмоннинг тақводорлиги ва илми учун мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвон уни қаттиқ ҳурмат қилган. Халифа ўғилларига ҳам фақиҳнинг ҳурматини ўрнига қўйишни тайинлаган. Бироқ Мадинада умравийларни ёқтирмаган тоифалар ҳам бор эди. Буни билган Абдулмалик ибн Марвон бундай деган эди:


“Аллоҳга қасам, Мадина аҳлидан бизнинг шаънимизга ёмон гаплар айтадиганларни жазоламоқчи бўламан-у, Абу Бакр ибн Абдураҳмон эсимга тушиб, бу ниятимдан қайтаман. Ундан уялганим учун бу ишни қилмайман”.


Мўминлар амири ҳадис ва фиқҳ соҳиби ҳурмати учун ўзига қарши сўзловчиларни жазоламаган.


Бир куни у Масжиди Набавийда жамоатга пешин намозини ўқиб берди. Сўнгра уйига қайтиб ҳушидан кетди. Шом намозидан олдин масжид муаззини Мадина аҳлига бундай деди:


«“Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтгувчимиз”. Абу Бакр ибн Абдураҳмон ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу вафот этди».

Шу куни унинг шогирдлари шом намозини қайғуга ботган ҳолда шайхсиз адо этдилар. У Бақиъ қабристонига қўйилди. Ҳижрий 94 йилда кўплаб фақиҳлар қатори Абу Бакр ибн Абдураҳмон ҳам вафот этди. Кейинчалик ўша йилга “Фақиҳлар йили” деб ном берилди. 


Бобомурод Эрали
тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws