1. Бисмиллоҳни айтиш.
2. Ўнг қўлда ичиш.
3. Дам олиб, (идишнинг ташқарисида) нафас олиб, учга бўлиб ичиш.
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
4. Ўтириб ичиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: “Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир”.
5. Ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиш.
“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ