#xabar #juma #tashrif
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасидаги жоме масжидда навбатдаги жума намози адо этилди.
Ибодат олдидан Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов "Етимларга ёрдам бериш – жаннат калити!" мавзусида маъруза қилдилар.
Суҳбатда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида етимларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этиш ҳамда бугунги кундаги «тирик етимлар» муаммосига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, жамиятда саховат ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш мўмин-мусулмонларнинг муҳим вазифаси экани айтиб ўтилди. Намоз якунида юрт тинчлиги, эл фаровонлиги ва хайрли ислоҳотлар бардавомлигини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати