Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни уй ва ҳовлиларни озода тутишга, чиқинди ва ахлатларни тўплаб қўймасликка чақирганлар. У зот алайҳиссалом бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни суядир. Озодадир, озодаликни суядир. Карамлидир, карамни суядир. Сахийдир, сахийликни суядир. Шундай экан, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!” (Имом Термизий ривояти).
Уйда ахлат тўплаб қўйиш нафақат диний, балки тиббий ва психологик жиҳатдан ҳам катта зарарларга эга. Чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб ташламаслик уй муҳити ва инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради.
Тўпланган ахлат сувараклар, пашшалар, сичқон ва каламушларни ўзига тортади. Улар вабо, тиф ва дизентерия каби хавфли инфекцияларни ташийди.
Озиқ-овқат қолдиқлари тез чирийди. Натижада ҳавода кўзга кўринмас замбуруғ споралари кўпайиб, аллергия ва астмани қўзғатади.
Чириш жараёнида аммиак ва водород сулфид каби газлар ажралади. Бу газлар бош оғриғи, кўнгил айниши ва нафас қисишига сабаб бўлади.
Бетартиб ва ахлат тўла уйда яшаш инсон миясини толиқтиради. Бу доимий стресс, асабийлик ва сурункали чарчоқни келтириб чиқаради.
Ифлосланган ҳаво ва тартибсизлик одамнинг иш қобилиятини пасайтиради. Диққатни бир жойга жамлаш қийинлашади.
Даврон НУРМУҲАММАД
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати