Айни кунларда Намангандаги "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бошланди.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мазкур диний таълим муассасасида бўлиб, 2026-2027 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Муфтий ҳазратлари абитуриентлар ва уларнинг яқинлари учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, синовларнинг очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида ўтишини таъминлаш бўйича амалга оширилган ташкилий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, имтиҳон заллари тўлиқ видеокузатув тизимлари билан жиҳозланган бўлиб, ота-оналар кутиш майдончаларида жараённи онлайн кузатиб бормоқдалар. Саволлар хавфсизлиги ҳамда холис баҳолаш тизими қатъий назоратга олинган.
Муфтий ҳазратлари имтиҳон топшираётган ёшларнинг ота-оналари билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар ва абитуриентлар ҳақига муваффақият тилаб дуо қилдилар.
Республика бўйича имтиҳонлар ҳудудлар кесимида тасдиқланган режа-график асосида бўлиб ўтади. Кириш тест синовлари ўтказиладиган аниқ саналар ва имтиҳон манзилларининг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://t.me/qabulmuslimuz.
Имтиҳон янгиликларини @qabulmuslimuz телеграм канали орқали кузатиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати