Бирлашган Араб Амирликларида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон имом-хатиблари учун давлатчилик, бағрикенглик ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусида навбатдаги илмий-амалий машғулот бўлиб ўтди.
Учрашувда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва "васатийя" (ўрталик) тамойилининг жамият тинчлигидаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Мамлакатда 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилаётгани таъкидланиб, инсон қадри ва ўзаро ҳурмат муҳим омил эканига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, БАА вакиллари Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига ҳисса қўшган буюк алломаларимиз хизматини юксак эҳтиром билан ёдга олишди. Тингловчиларнинг таъкидлашича, машғулотларда масжидларда маърузаларни проектор ва интерактив тақдимотлар орқали кўргазмали етказиш тажрибаси, шунингдек, имом-хатибларнинг жамият ҳаётидаги фаол ўрни кўрсатиб берилди.
Шунингдек, тадбирда БАА раҳбариятининг дунё бўйлаб амалга ошираётган инсонпарварлик ва хайрия лойиҳалари ҳақида атрофлича сўз юритилиб, бу каби манфаатли илмий сафарларни ташкил этган давлатимиз Раҳбари ва соҳа мутасаддиларига миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти