2026 йил 4 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва ноиб имомлар иштирокида “Заковат” интеллектуал беллашуви юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади диний соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг билим ва тафаккурини янада бойитиш, шунингдек, мустақиллик байрамини маънавий-маърифий руҳда кенг нишонлашдан иборат бўлди.
Беллашувда шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган жамоалар Ислом тарихи, фиқҳ, ақоид, маънавий-маърифий ҳамда китобхонлик йўналишлари бўйича берилган саволларга жавоб бериш орқали мантиқий фикрлаш, тезкорлик ва билимдонлик борасида ўзаро куч синашди.
Якунда Қарши шаҳри ва Нишон тумани вакилларидан иборат бўлган жамоа энг кўп балл тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритди. Ғолиб ҳамда совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати