Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, юртимизда диний таълим сифатини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти илк магистрлари таҳсилни тамомлади
Донишмандларнинг “Агар сизнинг режангиз бир йиллик бўлса — шоли экинг. Ўн йиллик бўлса — дарахт ўтқазинг. Агар бир асрлик бўлса — фарзандларингизга таълим-тарбия беринг” деган ҳикматли гапи бор.
Жамият равнақига, Ватан тараққиётига, халқ фаровонлигига таълим-тарбиячалик хизмат қиладиган бошқа бирор феномен бўлмаса керак. Ҳар бир даврнинг ўзига яраша сармоядорлари, тужжорлари бўлган. Лекин уларнинг номлари тарих саҳифаларида жуда кам учрайди, айримлари изсиз йўқ бўлиб кетган. Лекин умрини цивилизациялар тараққиётига бағишлаган мутафаккирлар, қомусий алломалар, маърифат чироғи остида элини буюк орзулар, нурафшон кунлар сари етаклаган миллат ойдинлари, уламоларнинг номлари асрлар оша барҳаётдир.
Президентимиз лавозимига сайланиши биланоқ барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам улкан ислоҳотларни бошлаб берди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Ушбу ҳужжатда қатор устувор йўналишлар, хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа диний таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, диний таълим муассасалари ҳузурида фуқароларга Қуръони каримни ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш белгиланган.
Сон эмас, сифат муҳим
Илм даргоҳининг улуғворлиги унинг бинолари ёки талабалари сони билан эмас, балки у ердан етишиб чиқадиган илмли, одобли, Ватани ва миллатига сидқидилдан хизмат қиладиган етук ва салоҳиятли кадрлар билан ўлчанади. Юзлаб учқунлар биргина қуёшнинг зиёсини тўса олмагани сингари чинакам қадр-қиймат сонда эмас, сифатдадир. Янги Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолиятида ҳам асосий мезон таълим сифати, илмий салоҳият, маънавий тарбия ва жамиятга муносиб хизмат қиладиган мутахассисларни вояга етказишда.
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва Тошкент ислом институти фаолият юритган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Бухоро шаҳрида Мир Араб олий мадрасаси, 2018 йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби, 2020 йилда Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси, 2024 йилда Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 4 та олий, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси (шундан иккитаси аёл-қизларга ихтисослашган) фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган икки ярим мингдан зиёд талабага 500 га яқин профессор-ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.
Диний соҳа ходимларининг асосий қисмини ташкил этадиган имом-хатибларнинг билим ва малакаларини янада ошириш, ўрта махсус диний маълумотга эга имом-хатибларни олий диний маълумотли кадрлар билан алмаштириш мақсадида 2019 йилда Тошкент ислом институтида модул таълим тизими жорий қилинди. Мазкур таълим тизимида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган имом-хатиблар танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, ишдан ажралмаган ҳолда 3 йил давомида таҳсил олади. Бугунги кунга қадар бу таълим йўналиши бўйича 600 дан зиёд имом-хатиб олий маълумотга эга бўлди.
Президентимизнинг 2023 йил июнь ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғи ижроси юзасидан 2024-2025 ўқув йилида таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, тор йўналишлар бўйича етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида магистратура мутахассислиги ташкил этилган эди.
Жорий йилда илк 10 битирувчи “Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти” ва “Ҳадис илмлари” йўналиши бўйича магистратура мутахассислигини муваффақиятли тамомлади. Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида магистрларга тантанали равишда диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, таниқли уламолар, имом-хатиблар, соҳа фахрийлари, педагог-ўқитувчи ва талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов илк битирувчиларни самимий қутлаб, тегишли пул мукофоти сертификатларини ҳар бир магистрга тантанали равишда топширди. Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари битирувчиларни ўқишини муваффақиятли тамомлагани билан муборакбод этиб, катта тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади. Муфтий ҳазратлари илк магистрларнинг ойлик иш ҳақига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилди. Битирувчи магистрлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг марказий аппарати, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ишга тақсимот қилинди.
Тарих такрорланиб туради
Ўзбекистон қадимдан буюк алломалар, улуғ мутафаккирлар юрти сифатида эъзозланади, қадрланади. Тарихда юртимиз алломалари бутун дунёга устозлик қилган, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
2024 йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ “Юртингизнинг ҳар қадамида улуғ алломаларнинг хоки бор. Бу замин илм ва уламолар юртидир. Энди сизларнинг вазифангиз ана шу буюк меросни қайта тирилтириш ва дунёга танитишдир”, деган эди. Ҳақиқатан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида бутун дунё Ўзбекистонга, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоийларга қандай талпинган бўлса, бугун ҳам Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган юртимизга дунё афкор оммасининг қизиқиши тобора ортиб боряпти.
Халқимизда “Тарих такрорланиб туради”, “Оққан дарё оқаверади” каби ажойиб мақоллар, нақллар бор. Чиндан ҳам IX-XII ҳамда XIV-XV асрларда юксак ақлу заковати, теран тафаккури, бой маънавий-маърифий салоҳияти билан бутун дунёни забт этган буюк аждодларимиз сингари бугун янги Ўзбекистонда таҳсил олаётган ёшлар ҳам боболаримизнинг муносиб издоши сифатида тарихни такрорлашга астойдил киришган. Улар орасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишини тамомлаган ўн нафар иқтидорли битирувчи ҳам бор. Уларни Ўзбекистоннинг етук мутахассислари, Президент кадрлари дея баралла айта оламиз. Келгусидаги фаолиятларига Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи
"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026 йил 6 август сонидан
Фан тарихи камдан-кам ҳолларда фақат кашфиётлар тарихидан иборат бўлади. Унинг замирида олимларнинг номлари, асарлар сарлавҳалари ва астрономик жадваллар ортида институтлар, таълим амалиёти, ҳомийлик тизимлари, илмий мулоқот тиллари ва, ниҳоят, жамиятнинг билимга муносабати туради. Шунинг учун Марказий Осиёнинг илмий мероси ҳақидаги масала бугун фақат ўтмиш масаласи ҳисобланмайди. Замонавий Ўзбекистон учун бу масала тобора келажак масаласига айланиб бормоқда, хабар бермоқда iccu.uz.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тарихий-илмий меросни, таълим ва фанни ривожлантириш, инсон капитали ҳамда инновациялар ўзаро боғлиқ ҳолда қараладиган давлат сиёсати тизими шаклланди. 2030 йилгача фанни ривожлантириш концепцияси илмий инфратузилмани модернизация қилиш, ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш ҳамда илмий-инновацион фаолиятни кучайтиришни назарда тутади. Ўз навбатида, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси инсон салоҳияти, таълим, фан ва бошқа соҳаларни ривожлантиришни узоқ муддатли ва ўлчанадиган миллий мақсадлар тизимига киритади.
Шу нуқтаи назардан олсак, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази айниқса муҳим мисолдир. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур марказ замонавий рақамли технологиялар ҳамда илмий тадқиқотларни исломгача бўлган ва ислом даври маданий мероси билан уйғунлаштирувчи халқаро илмий-маърифий марказ сифатида иш юритмоқда. Шу тарзда принципиал жиҳатдан янги масала юзага келади: тарихий мерос фақат сақлаш ва миллий ғурур объекти эмас, балки билим маданиятини, инсон капиталини ва давлат тараққиёт стратегиясини шакллантириш ресурсига айлана оладими?
Бу саволга жавоб бериш учун «буюк аждодлар» ҳақидаги анъанавий ҳикоялар доирасидан чиқиш зарур. Илмий меросдан айнан нима ибрат ва хулоса олишимиз керак — муайян билимлар, номлар ва кашфиётларними ёки билимни яратиш, узатиш ва қўллашнинг янада чуқур маданиятиними?
Марказий Осиё — билимлар ҳаракати макони
Ўрта асрлар фани ҳақидаги оммавий тасаввурларда учрайдиган барқарор хатолардан бири — уни алоҳида миллий ютуқлар мажмуи сифатида тасаввур қилишдир. Марказий Осиё интеллектуал маданияти тарихи эса бутунлай бошқача манзарани намоён этади. Яъни илмий юксалишни «даҳолар пайдо бўлди» деган формула билан тушунтириб бўлмайди. Хоразмий, Беруний, Ибн Сино ёки кейинги давр олимларининг етишиб чиқиши учун билимлар кўчиши, таржима қилиниши, муҳокама этилиши, танқид қилиниши ва кейинги авлодга узатилиши мумкин бўлган муҳит зарур эди.
Бу ҳолатнинг замонавий давр учун ҳам бевосита аҳамияти бор. Агар ўтмишда илм-фан билим инфратузилмаси туфайли ривожланган бўлса, замонавий миллий илмий юксалиш ҳам инфратузилмасиз — университетлар, лабораториялар, кутубхоналар, архивлар, рақамли маълумотлар базалари, тадқиқот марказлари, халқаро алоқалар ва ёш олимларни тайёрлаш тизимларисиз — мумкин эмас.
Шундай экан, Марказий Осиёнинг тарихий тажрибасини баъзи муҳим саволлар учун тарихий материал сифатида кўриш мумкин: жамиятни янги билим яратишга қодир қиладиган ижтимоий ва институционал шароитлар қандай шаклланади? Тарихий мерос инсон тараққиётига қандай таъсир қилади?
Тарихий хотирадан – инсон капитали сари
Таъкидлаш керак, буюк аждодлар ҳақидаги билимнинг ўзи олимларни яратмайди. Улуғбекнинг исмини билиш - ҳали астрономия билан шуғулланиш дегани эмас. Ибн Сино билан фахрланиш илмий мақола ўқишни англатмайди. Беруний билан ғурурланиш манбалар билан танқидий ишлаш кўникмасига эга бўлишни кафолатламайди. Шунинг учун натижага сиғинишдан метод маданиятига ўтиш муҳим.
Ёшларга фақат «Беруний буюк олим бўлган», деб уқтириш эмас, балки у қандай тадқиқотлар қилганини англатиш керак.
«Улуғбек расадхона қурган», дейиш билан чекланмасдан, “нега жамиятга фундаментал фан керак” деган саволга жавоб топиб бериш зарур. Бу — таълим стратегиясига оид масала. Бундай ёндашувда тарихий хотира ғурурни якуний мақсад сифатида эмас, балки интеллектуал фаолиятга кириш эшиги сифатида қўллаш воситасига айланади.
Буюк номлардан илмий тафаккур маданияти сари
Жамоатчилик онгида илмий мерос кўпинча буюк шахслар тимсолида намоён бўлади. Хоразмий — математика ва алгоритмлар, Ибн Сино — тиббиёт ва фалсафа, Беруний — табиий фанлар ва маданиятларни ўрганиш, Улуғбек мероси эса астрономия билан боғланади. Бироқ меросни стратегик жиҳатдан англаш учун бунинг ўзи кифоя эмас.
Абу Райҳон Беруний мисолига мурожаат қилайлик. Encyclopaedia Iranica манбалари уни математика, астрономия, география, минералогия, фармакология, тарих ва динлар тарихи каби соҳаларда фаолият юритган буюк қомусий олим сифатида тавсифлайди. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, у ўз интеллектуал фаолиятида араб илмлари билан бир қаторда юнон математик-астрономик анъанасини ҳам ўрганган.
Унинг Ҳиндистонга муносабати янада ибратлидир. Замонавий тадқиқотлар Беруний ҳинд астрономияси ҳақидаги билимларга, жумладан, санскрит тилидаги матнларнинг арабча таржималари орқали эга бўлганини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан Беруний XXI аср учун фақатгина «Хоразмдан чиққан буюк олим» эмас. У маълум бир тадқиқотчилик хулқ-атворини намоён этади. Беруний ўзгалар маданиятини ўз интеллектуал мезонлари асосида ўрганишга интилиш, турли билим тизимларини қиёслаш, кузатиш, тавсифлаш, манбаларни танқидий таҳлил қилиш ва фанлараро ёндашув намунасига айланади. Демак Беруний меросидан наф олиш — унинг хулосаларини такрорлаш эмас, балки номаълум нарсани танқидий тафаккурдан воз кечмаган ҳолда ўрганиш қобилиятини сақлаш демакдир.
Улуғбек ва бугунги воқелик учун ҳам ниҳоятда долзарб жуда муҳим тамойил ҳақида
Мирзо Улуғбек мисоли ҳам бундан кам бўлмаган аҳамиятга эга. Самарқандда у обсерватория барпо этди ва у минтақа тарихидаги энг машҳур илмий иншоотлардан бирига айланди. Метрополитен санъат музейи уни Улуғбекнинг илм-фан ва астрономияга бўлган қизиқишининг ёрқин далили сифатида баҳолайди.
Бироқ Улуғбекнинг аҳамияти фақат бинода ёки кузатув натижаларида эмас. Encyclopaedia Iranica унинг турли илмий марказлар ўртасидаги ҳаракати билимларнинг кейинги тарқалишига хизмат қилганини кўрсатади. Яъни Самарқанд обсерваторияси билан боғлиқ олимлар орасида Али Қушчи ҳам бўлган ва у Мирзо Улуғбек вафотидан кейин илмий фаолиятини бошқа интеллектуал марказларда — Табриз ва Истанбулда давом эттиргани бунга яққол исбот бўла олади. Шу маънода Улуғбек обсерваториясини замонавий тилда илмий инфратузилма ва илмий мактабнинг тарихий намунаси сифатида кўриш мумкин. Қайд этиш жоиз, бундай ёндашув натижасида масала фақат ўтмишдаги кашфиётлар қанчалик буюк бўлганида эмас, балки олимлар учун шароитни ким яратган, илм қандай молиялаштирилган, мутахассислар қаерда тайёрланган, натижалар қандай тарқатилган ва сиёсий қўллаб-қувватлаш ўзгарганидан кейин илмий мактаб билан нима содир бўлган? деган саволларга бориб тақалади. Зеро, мазкур саволлар бугунги воқелик учун ҳам ниҳоятда долзарб. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ғояси замиридаги асл мазмун-моҳият ана шунда. Яъни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий концепцияси анъанавий музей тамойилидан кўра кўпроқ илмий тадқиқот макони сифатида мажбуриятни олади. Шу нуқтаи назардан Марказ нафақат тарихни сақловчи, балки ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи илмий тадқиқот маскани сифатида катта аҳамият касб этади. Яъни бу институционал вазифа сифатида муҳимдир.
Чунки одатда анъанавий музей биринчи навбатда, “нима содир бўлган?”, деган саволга жавоб беради. Тадқиқот маркази эса, “бу қандай содир бўлган?”, деган саволни қўяди. Таълим маркази – “бу бизга нимани ўргатиши мумкин?”, деб сўрайди. Стратегик институт эса, “олинган билим келажакни қандай ўзгартириши мумкин?”, дея мурожаат қилади.
Ислом цивилизацияси маркази ана шу тўрт саволни бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда. У бир нечта функцияларни бирлаштирувчи тизим сифатида намоён бўлади. Бу ерда музей, кутубхона, қўлёзмалар хазинаси, тадқиқот маркази, таълим майдони, рақамли платформа ва халқаро форум уйғунлашган. Айнан шундай кўп функциялилик билимлар иқтисодиётининг замонавий моделига мос келади, десак муболаға бўлмайди.
Хусусан, унинг таркибида 3100 квадрат метрдан ортиқ майдонга эга, қарийб 300 нафар ўқувчи ва тадқиқотчига мўлжалланган кутубхона мавжуд бўлиб, унинг тасарруфида ноёб нашрлар, коллекциялар ва катта электрон фонд бор.
Марказга ташриф буюрувчига оддий экспонатлар тўплами эмас, балки тарихий вақтнинг муайян мантиғи – цивилизация – билим – маданий юксалиш – замонавийлик – келажак мантиғини таклиф этилади.
Хулоса
XXI асрда миллий меросни фақат ёдгорликлар, қўлёзмалар ва буюк аждодлар номларининг мажмуи сифатида тушуниш мумкин эмас. Унинг ҳақиқий қиймати бугунги кунда қандай таъсир ва ҳаракат уйғотаётгани билан белгиланади.
Агар у фақат ғурур ҳиссини уйғотса — у хотира бўлиб қолади. Илмий тадқиқот объектига айланса — билимга айланади. Таълимга татбиқ этилса – инсон капиталига айланади. Агар инсон капитали янги билим яратса — мерос тараққиёт ресурсига айланади.
Шунинг учун Ўзбекистоннинг илмий меросга замонавий мурожаатини тарихни оммалаштиришга қаратилган навбатдаги кампания сифатида эмас, балки цивилизацион хотира билан замонавий билим сиёсати ўртасидаги боғлиқликни шакллантиришга қаратилган кенгроқ жараён сифатида кўриш лозим.
Ислом цивилизацияси маркази бу ўзгаришни айниқса яққол намоён этади. Унинг расмий вазифаси тарихий меросни тадқиқот, таълим, рақамли технологиялар ва халқаро илмий мулоқот билан боғлашни назарда тутади. Марказ ўтмиш билан Янги Ўзбекистонни боғловчи кўприк сифатида талқин этилмоқда.
Бироқ ушбу сиёсатнинг якуний натижаси бинолар кўлами ёки экспонатлар сонига боғлиқ бўлмайди. Натижа билимга муносабатнинг янги маданиятини — тадқиқотчи-тарихчи ва келажак муҳандиси, қўлёзма мутахассиси ва сунъий интеллект дастурчиси, тарихчи ва биотехнолог бир ягона миллий лойиҳанинг иштирокчиларига айланадиган маданиятни шакллантиришга боғлиқ бўлади.
Шу маънода Учинчи Ренессанс формуласи аниқ мазмун касб этади. Уни Биринчи ва Иккинчи Ренессансларни эслаш орқали қуриб бўлмайди. Беруний, Улуғбек ёки Ибн Синони «такрорлаш» ҳам мумкин эмас. Аммо тадқиқот, таълим, интеллектуал эркинлик, фанлараро ёндашув ва билимни жамият манфаатига айлантириш қобилияти юксак қадрланадиган жамиятни барпо этиш мумкин.
Шунда миллий мерос сиёсати олдидаги асосий савол - «Аждодларимиз бизга нимани қолдирган?» эмас, балки анча масъулиятли саволга айланади.
Бу савол эса «Биз улар қолдирган мерос билан нима қиламиз — ва биздан кейин келадиган авлодларга қандай интеллектуал мерос қолдирамиз?» тарзида янграйди. Айнан шу нуқтада ўтмишни ўрганиш келажак стратегиясига айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати