Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъати йиғилиши қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда тизим ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги туман масжидлари иш юритувчилари учун ўқув-амалий маҳорат дарси ташкил этилди.
Тадбирда Диний идоранинг Ҳуқуқшунослик бўлими мутахассислари соҳага оид қонунчилик талаблари ва ижро интизоми бўйича қуйидаги муҳим йўналишларга алоҳида тўхталдилар:
масжидлар раҳбар органлари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида белгиланган тартибда (бир ой муддатда) адлия идораларига расмий маълумот тақдим этиш;
масжид устави, гувоҳномалари ва бошқа таъсис ҳужжатларини қонунчилик талаблари асосида юритиш ҳамда сақлаш;
имом-хатиб ва ноибларнинг беш вақт намозларда хизмат жойида бўлишини таъминлаш;
масжид биноларида олиб бориладиган қурилиш-таъмирлаш ишларининг лойиҳа ҳужжатларини ваколатли идоралар билан олдиндан белгиланган тартибда келишиш.
Қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар руҳида ўтган маҳорат дарсида иштирокчилар кундалик иш фаолиятида юзага келаётган ҳуқуқий масалалар бўйича батафсил тушунтириш ва амалий тавсиялар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати