Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати