Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган саховат тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов тадбирда иштирок этиб, болажонларга самимий тилаклар билдирди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали кўмагида 35 нафар боланинг ҳар бирига велосипед ва турли совғалар берилди. Шунингдек, тадбирда саховатпеша ҳомийлар томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, болажонлар учун кўнгилочар ва байрамона дастур ташкил этилди.
Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда инсон қадри, оила ва болалар манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Саховат тадбири болажонларга унутилмас қувонч бағишлаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати