Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган саховат тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов тадбирда иштирок этиб, болажонларга самимий тилаклар билдирди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали кўмагида 35 нафар боланинг ҳар бирига велосипед ва турли совғалар берилди. Шунингдек, тадбирда саховатпеша ҳомийлар томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, болажонлар учун кўнгилочар ва байрамона дастур ташкил этилди.
Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда инсон қадри, оила ва болалар манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Саховат тадбири болажонларга унутилмас қувонч бағишлаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани доирасида соҳада алоҳида ўрнак кўрсатган устозларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Анжуманда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан ҳар жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар қаторида илм-фанни тараққий эттириш, аждодлар меросини ўрганиш, диний таълимни ривожлантириш ва соҳага кўрсатилаётган юксак эътибордан мамнунлик кайфияти ҳукм сурди.
Диний идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида самарали фаолият юритиб, ёшларга таълим-тарбия бериш, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиш ҳамда динимизнинг софлигини асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ педагог ва мударрислар меҳнати муносиб эътироф этилди.
Тадбир давомида соҳадаги фидокорона ва самарали меҳнатлари учун қуйидаги устоз ва педагоглар Фахрий ёрлиқ ҳамда Умра йўлланмалари билан мукофотланди:
Шунингдек, анжуман доирасида диний таълим тизимида намунали раҳбарлик қилган, фидокорона педагогик ва илмий-фаолият олиб борган,таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тўгаракларни самарали ташкил этишдаги алоҳида хизматлари учун яна 15 нафар раҳбар ва ўқитувчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари — телевизор, ноутбук ва планшетлар билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси тақдирланган барча устоз ва ходимларни ушбу юксак эътироф билан самимий муборакбод этиб, уларнинг келгуси илмий ва педагогик фаолиятларида улкан зафарлар тилайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати