Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

24.08.2026   14658   1 min.
Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.


Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.


Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.


Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:

  • Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;

  • Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;

  • Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.


Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида халқаро медиафорум бошланди

25.08.2026   205   2 min.
Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида халқаро медиафорум бошланди

Бугун, 25 август куни Тошкент шаҳрида “Ислом цивилизацияси: янги нигoҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафорумининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди хабар бермоқда darakchi.uz.

Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан 300 нафарга яқин медиа ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари — йирик медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, носhirлар, кинематографлар, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари иштирок этмоқда.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилаётган форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлди. Анжуман Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ташкил этилган.

Форумнинг очилишида сўзга чиққанлар Ислом цивилизацияси меросини замонавий медиа воситалари орқали халқаро жамоатчиликка етказиш, тарихий ҳақиқатни холис ёритиш ва турли халқлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталди.

Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётган тадбирнинг ўзига хос рамзий маъноси бор. Зеро, Ислом цивилизацияси, аввало, илм-маърифат, тафаккур ва бағрикенглик тамойилларига асосланган улкан тарихий меросдир. Марказ мазкур меросни илмий, маданий ва замонавий технологик ёндашувлар асосида кенг жамоатчиликка танитишга қаратилган муҳим масканлардан бири ҳисобланади.

Медиафорумда дунёдаги йирик ахборот воситалари ҳам иштирок этмоқда. Хусусан, “CNN” ва “Euronews” форумнинг бош ахборот ҳамкорлари сифатида қатнашмоқда. “BBC” ва “TRT World” каби халқаро медиалар вакиллари ҳам анжуман иштирокчилари сафидан ўрин олган.⁠

Форум дастуридан ялпи мажлислар, муҳокамалар, махсус маърузалар, медиа кўргазмалари, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Уларда тарихий ва маданий меросни халқаро медиа маконида замонавий форматларда тақдим этиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, журналистикада янги ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинади.

Хусусан, “Euronews” бош ва таҳририй директори Клаус Штрунс форумда Европа ва Марказий Осиёни маданият, медиа ва ғоялар орқали яқинлаштириш мавзусида махсус маъруза билан иштирок этди. “CNN” вакиллари ҳам форумнинг ялпи сессияларида қатнашмоқда.

Таъкидланганидек, бу каби мулоқот майдонлари Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини жаҳон ахборот маконида янги талқинлар асосида намоён этиш, халқаро журналистлар ва экспертлар ўртасида профессионал ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Халқаро медиафорум 28 августга қадар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари