Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати