Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Ноябр, 2026   |   2 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:07
Пешин
12:12
Аср
15:25
Шом
17:10
Хуфтон
18:26
Bismillah
12 Ноябр, 2026, 2 Жумадул сони, 1448
Янгиликлар

28.08.2026   25186   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳожиларимиз учун шинам меҳмонхона ва сифатли хизматлар сараланмоқда

12.11.2026   8135   1 min.
Ҳожиларимиз учун шинам меҳмонхона ва сифатли хизматлар сараланмоқда

Бўлғуси ҳожиларимиз улуғ амалларини хотиржам ва чиройли адо этишлари учун муборак заминлардаги тайёргарлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Саудия Арабистонида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси келгуси мавсумда юртдошларимиз истиқомат қилиши учун мўлжалланган меҳмонхоналарни ўта талабчанлик билан, ҳар томонлама кўздан кечирмоқда.

Ушбу масъулиятли жараёнда меҳмонхоналарнинг қуйидаги муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда:

– зиёратчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун фойе ва ошхоналарнинг кенглиги, лифтларнинг етарли сиғимга эгалиги;

– хоналардаги шароитлар, санитария-гигиена талабларига тўлиқ мослиги ва маиший техникаларнинг созлиги;

– ҳар бир хонада қибла кўрсаткичи, жойнамоз ва Қуръони карим нусхаларининг муҳайё қилингани;

– тиббиёт ва ишчи гуруҳлар учун ажратилган махсус хоналардаги қулайликлар.

Шунингдек, соҳа мутасаддилари томонидан нафақат меҳмонхона шароитлари, балки бўлғуси ҳожиларнинг тўлақонли ва сифатли таомланиши, кўрсатиладиган транспорт ва соғлиқни сақлаш хизматлари ҳам атрофлича ўрганилмоқда. Хусусан, меҳмонхоналарнинг Ҳарами шариф, Мино ва Арафот каби муқаддас манзилларга қулай жойлашгани ҳамда узлуксиз ва қулай транспорт қатновини йўлга қўйиш масалалари ҳам делегациянинг диққат марказида турибди.

Бундай кенг кўламли ўрганишлардан кўзланган мақсад – Янги Ўзбекистонда қарор топган “Инсон қадри – олий қадрият” тамойилини амалда таъминлаш, юртдошларимизнинг чинакам розилигига эришиш ва уларнинг тоат-ибодатларини юксак савияда, кўтаринки руҳда адо этишлари учун бекаму кўст шароит тайёрлаш саналади!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари