2026 йил 3-сентябрь куни Доҳадаги Ислом санъати музейида Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган «Uzbekistan: Heritage in Motion» кўргазмаси очилади. Экспозиция Марказий Осиёда ислом дини тарқалишидан олдинги даврдан то ҳозирги кунгача бўлган тарихий ва маданий жараёнларни қамраб олади ҳамда 28 ноябргача давом этади.
Лойиҳа Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ислом санъати музейи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Кўргазма сўнгги уч ўн йилликдаги Ўзбекистон тарихини мамлакатнинг замонавий маданий қиёфаси шаклланиши нуқтаи назаридан намойиш этувчи илк халқаро экспозиция бўлади.
Экспозицияда Қатар ва Ўзбекистондаги етакчи музей ҳамда маданий муассасалар коллекцияларидан намуналар намойиш этилади. Улар орасида Афросиёбнинг машҳур деворий тасвири, «Катта Лангар» Қуръони, Шарқшунослик институти қўлёзмалари, Бухоро кулолчилик намуналари, ХИХ–XX асрларга оид миллий либослар, заргарлик буюмлари, ипак матолар ва анъанавий ҳунармандчилик асарлари бор.
Кўргазма қадимги минтақа тарихи, меъморий мерос, ислом цивилизациясининг интеллектуал ютуқлари ҳамда анъанавий ҳунармандчилик ривожига бағишланган тўртта тематик бўлимдан иборат. Унда Ўзбекистоннинг ислом оламида фан, маданият ва санъат ривожининг тарихий марказларидан бири сифатидаги ўрнига, шунингдек, Сомонийлар ва Темурийлар даври меросига алоҳида эътибор қаратилади.
Тарихий мерос мамлакатнинг замонавий маданий ривожи билан узвий боғлиқ ҳолда намойиш этилади. Декоратив-амалий санъат, тўқимачилик ва заргарлик анъаналарига алоҳида ўрин берилади.
Кўргазма доирасидаги оммавий дастур маърузалар, маҳорат дарслари, анъанавий ҳунармандчилик намойишлари, шунингдек, икат санъати ва ипак ишлаб чиқаришга бағишланган тақдимотларни ўз ичига олади. 3–16-сентябрь кунлари рассом Давлат Тошев резидентлик дастури доирасида маҳаллий рассомлар ва кўргазма ташриф буюрувчилари учун Шарқ миниатюраси ҳамда «Абрū-Баҳор» техникасига бағишланган маҳорат дарсларини ўтказади. Иштирок этиш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш талаб этилади.
2017 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мамлакатнинг маданий меросини асраш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан шуғулланади. Жамғарма 17 дан ортиқ мамлакатда халқаро лойиҳаларни амалга оширган ва 40 дан ортиқ хорижий маданият муассасалари билан ҳамкорлик қилган.
Доҳадаги Ислом санъати музейи 2008 йилда ташкил этилган. Музей коллекцияси қарийб 1 300 йиллик тарихни қамраб олади ва унда қўлёзмалар, кулолчилик буюмлари, металл ва шиша маҳсулотлари, тўқимачилик намуналари, гиламлар ҳамда заргарлик буюмлари мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.
Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.
Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.
Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.
Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.
Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати