Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Ноябр, 2026   |   2 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:07
Пешин
12:12
Аср
15:25
Шом
17:10
Хуфтон
18:26
Bismillah
12 Ноябр, 2026, 2 Жумадул сони, 1448

10.09.2026   22003   1 min.
Бошқа мақолалар
Мақолалар

«91 + 40: Ҳар бир инсон билиши шарт бўлган ҳақиқатлар»

12.11.2026   2240   65 min.
«91 + 40: Ҳар бир инсон билиши шарт бўлган ҳақиқатлар»

«91 + 40: ҲАР БИР ИНСОН БИЛИШИ

ШАРТ БЎЛГАН ҲАҚИҚАТЛАР»

ёхуд

«БИЛМАСЛИК КЕЧИРИЛМАЙДИГАН ҚОИДАЛАР:

131 та ҲАЁТИЙ ОГОҲЛАНТИРИШ»

ёки

«Қоидаларда ЁЗИЛМАГАН, ҲАЁТДА СИНАЛГАН ҚОИДАЛАР;

ҚОИДАЛАРДАН ҲАМ КЕНГРОҚ ТУШУНЧАЛАР»

 

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

 

МУТАХАССИСЛАР СТАТИСТИКАСИ МАЪЛУМОТЛАРИ:

➢ Дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланмоқда.
➢ Дунё бўйича ҳар куни 100 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олмоқда.
➢ Республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради.
➢ Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда.
➢ Юртимизда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 2282 киши вафот этган.
➢ Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлиллари бўйича 54,5 % ҳодисалар пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда.

 

 

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ (БМТ) маълумотларига кўра:

➔ Ҳар йили дунёда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,35 миллион киши ҳалок бўлади, яъни ҳар 24 сонияда бир киши ҳалок бўлади.

 

➔ Йўл-транспорт ҳодисалари – бутун дунёда ўлим ва ногиронликнинг асосий сабабларидан биридир.

 

➔ Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳар йили қарийб 50 миллион киши жароҳат олади.

 

➔ Бутун дунё бўйича ҳалок бўлган ҳар тўрт кишидан бири пиёда ёки велосипедчи ҳисобланади.

 

➔ Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолиши ҳам қўшилса, фалокат кўлами янада кенгаяди.

 

➔ Йўл-транспорт ҳодисалари – 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабидир.

 

➔ Йўл-транспорт ҳодисалари – барча ёш гуруҳлари бўйича ҳам ўлимнинг 10 та асосий сабабидан биридир.

 

➔ Паст ва ўрта даромадли мамлакатлар бундан айниқса кўпроқ зарар кўради: йўл-транспорт ҳодисалари натижасидаги умумий ўлимларнинг 93 % айнан шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

 

➔ Жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этади.

 

➔ Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар сони бутун дунё бўйлаб, айниқса ривожланаётган мамлакатларда кўпайишда давом этаётганидан хавотир билдириб, 26.10.2005 йилда БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/60/5 - Қарори билан ноябр ойининг учинчи якшанбасини “Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни” деб эълон қилиш таклифини қабул қилди.

 

➔ Ҳар йили 15 май – БМТ Бош Ассамблеясининг буйруғига биноан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги глобал ҳафталиги” ўтказилади.

 

➔ БМТ Бош Ассамблеяси “2021-2030 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳаракатлар 10-йиллиги”ни эълон қилиб,
– йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатларни олдини олиш;
– 10 йил мобайнида камида 50 % га камайтириш;
– 2030 йилга келиб йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим ва жароҳатларнинг камида 50 фоизини олдини олиш
га қаратилган улкан мақсадлар билан
2020 йил сентябр ойида «Бутун дунёда йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш» номли A/RES/74/299 - Резолюциясини қабул қилди.

 

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

☪︎  «Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен оёқларинг билан зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро сураси 17/37 оят);

 

☪︎  «Аллоҳ наздида энг азизу мукаррамроғингиз – тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси 49/13 оят);

 

☪︎  «Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: «даврани кенгайтирингиз!» – дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам керак пайтида кенг жой берур. Яна қачонки, «турингиз!» – дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган барча яхши ва ёмон амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси 58/11 оят);

 

☪︎  «Кимки бир савобли иш қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси 6/160 оят).

 

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

✵  «Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;

 

✵  «Ҳақ бўла туриб, тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг бир томонида бир қаср бино қилинишига;

ҳазил бўлса ҳам, ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир қаср бино қилинишига;

хулқи гўзал, одоби чиройли бўлган киши учун эса жаннатнинг энг юқорисида бир қаср бино қилинишига кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

✵  «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;

 

✵  «Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;

 

✵  «Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Имом Баззор ривоятлари);

 

✵  «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;

 

✵  «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

 

✵  «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;

 

✵  «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

✵  «Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;

 

✵  «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);

 

✵  «Поклик – имондандир»;

 

✵  «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;

 

✵  «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);

 

✵  «Одамларга миннатдорчилик изҳор этаолмаган одам, Худога ҳам шукр қилаолмайди» (Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;

 

✵  «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;

 

✵  «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни улуғламаган – бизлардан эмас» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);

 

✵  «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

✵  «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” – дейди»;

 

✵  «Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади»;

 

✵  «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;

 

✵  «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);

 

✵  «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;

 

✵  «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

 

✵  «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;

 

✵  «Мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;

 

✵  «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;

 

✵  «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;

 

✵  «Йўлга чиқаётганида дўстлари билан хайрлашган киши уларнинг дуолари билан баракага қовушади» (Имом Дайламий ривоятлари);

 

✵  «Ҳақиқий мусулмон – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;

 

✵  «Силаи раҳм қилиш, хушхулқлик ва яхши қўшничилик – юртни обод ва умрни зиёда этади» (Имом Аҳмад ривоятлари);

 

✵  «Мўмин – ишончли кишидир. Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши – ҳақиқий мусулмондир. Ёмонликларни тарк этган киши – асл муҳожирдир. Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди!»;

 

✵  «Ҳақиқий мусулмоннинг қўлидан ҳам, тилидан ҳам мусулмонлар озор кўришмайди» (Имом Муслим ривоятлари);

 

✵  «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;

 

✵  «Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қилади»;

 

✵  «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;

 

✵  «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;

 

✵  «Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши – ҳақиқий мусулмондир» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

✵  «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»;

 

✵  «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!..» (Имом Бухорий ривоятлари).

 

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

➜  Ота-она рози – Худо рози!

 

➜  Яхши ўғил ота молини бийлар,

Ёмон ўғил ота молини сочар.

 

➜  Ўзингга раво кўрмаганни

Ўзгага ҳам раво кўрма!

 

➜  Кишининг кўнглини оғритма зинҳор –

Сенинг ҳам кўнглингни оғритувчилар бор!

 

➜  Яхшига қилсанг яхшилик –

Ҳам айтади, ҳам қайтади.

Ёмонга қилсанг яхшилик –

На айтади, на қайтади.

 

➜  Кўза кунда эмас, кунида синади.

 

➜  Одоб билан бахт топилар,

Сабр билан – тахт.

 

➜  Ошиқмаган олисга етар.

 

➜  Сабр – аччиқ, меваси – ширин.

 

➜  Сабр таги – раҳмон,

Шошган иши – шайтон.

 

➜  Аччиқ савол бериб,

Ширин жавоб кутма.

 

➜  Аччиқ тил – заҳри илон,

Чучук тилга – жон қурбон.

 

➜  Сабр этган етар муродга,

Бесабр – қолар уятга.

 

➜  Сабр этган – муродга етган.

 

➜  Ёмонликка яхшилик – эр кишининг ишидир.

Ёмонликка ёмонлик – ҳар кишининг ишидир.

 

➜  Қарғишнинг икки учи бўлар.

 

➜  Сабрли бўлсанг – ўзарсан,

Сабрсиз бўлсанг – тўзарсан.

 

➜  Узун тил – бошга тўқмоқ,

Бўйинга – сиртмоқ.

 

➜  Сабрли кишининг иши соз!

 

➜  Сабрлининг бошига олма битар,

Сабрсизнинг бошига – ғавғо.

 

➜  Сувсаган ўлмас, ҳовлиққан ўлар.

 

➜  Сўраган адашмас, ўйловчи шошмас.

 

➜  Тек юрган, тўқ юрар.

 

➜  Той минган от ҳам минар.

 

➜  Тоқат қилсанг, тоғ эгилар,

Сабр қилсанг – боғ эгилар.

 

➜  Тоқатлига тоғлар эгар бошини,

Бетоқатнинг итлар еяр лошини.

 

➜  Чопиб борган ерга,

Юриб борса ҳам бўлар.

 

➜  Шошган ишга шайтон қўшилар.

 

➜  Дўст орттираман десанг –

Ширин суҳбат қил!

Душман орттираман десанг –

Чақиртикан бўл!

 

➜  Шошган эр уйига етолмас,

Шошган қиз эрга ёлчимас.

 

➜  Шошганнинг иши ўнгмас.

 

➜  Яхши гап билан илон инидан чиқар,

Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.

 

➜  Шошилган йиқилар,

Шошмаган ойга чиқар.

 

➜  Ўзи совуқнинг – сўзи совуқ.

 

➜  Ҳамма яхши – мен ёмон,

Ҳамма буғдой – мен сомон.

 

➜  Ўзига боқма – сўзига боқ!

 

➜  Таом лаззати ўзида,

Одам лаззати – сўзида.

 

➜  Ҳар меванинг пўчоғи бор,

Ҳар сўзнинг ўлчови бор.

 

➜  Тилингда бўлса болинг –

Кулиб турар иқболинг.

 

➜  Ёмон тил бошга бало келтирар.

Яхши тил давлат, дунё келтирар.

 

➜  Мазлумлар дилини оғритма бир зум,

Балки бир кун ўзинг бўласан мазлум...

 

➜  Шошмасанг, тез етасан,

Шошгандан ўзиб кетасан.

 

➜  Яхши от кейин чопар.

 

➜  Кимки қилса ёмонлик – асло топмас омонлик.

 

➜  Қаноат қилсанг, қорнинг тўяр,

Беқаноат – отини сўяр.

 

УЛУҒЛАРДАН ҲИКМАТЛАР:

Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғиллари бўлибди...

 Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.

 Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:

–  Ўзимиз ҳам бир жамоа эканмиз-ку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз... Худо хоҳласа, ўттиз ўғлим бор, ҳақ динни бутун элга ўзим етказаман, деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибдилар.

 

...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.

 Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...

 Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:

–  Ўттизта ўғлингизни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми? – деб сўради.

–  Сенинг амринг икки бўлмайди... Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин... Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас...

–  Айтганингиз бўлсин! Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман.

–  Майли, шунисига ҳам шукр! – деб, Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўрадилар.

 

У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:

–  Ўғлим, сен энди бизнинг уйга келган меҳмонларнинг ёш-ми, қари-ми ҳаммасининг қўлига сув қуйиб тургин! Сувни уч марта узиб-узиб қуясан. Тўртинчи марта, агар меҳмон сўраса, қуясан.

–  Ота, нега узиб қуйишим керак?

–  Сабаби – ўликни ювишганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясан-да, ўғлим... Иккисини фарқи бор – дедилар.

 

Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”, “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.

 

Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.

У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.

Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...

Шунда Хақ Таоло:

–  Менинг исмларимдан бири – Раҳимдур! Минглаб одамлар сизнинг болангизга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман... Сулаймон узоқ умр кўради, У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балиқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга ҳукмронлик қилади, – деб жавоб берди.

 

Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...

 

❖  «Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,

Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,

Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,

Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано».

(Ҳожа Аҳмад Яссавий)

 

❖  «Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай».

(Алишер Навоий)

 

❖  «Агар бўлсанг ипак каби мулойим,

Мулойим сен бўлсанг, қулинг бўлайин.

Қулоғимга берган пандинг олайин,

Кишига қаттиқ сўз айтувчи бўлма».

(Махтумқули)

 

❖  «Агарчи ул оёқ остидадур хор –
Худо махлуқидур, оғритма зинҳор!
Такаббур қилмағил, эй, бемаъоний,
Фалоний ўғлидурман деб фалоний!»
      (Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)

 

❖  «Бурунғи ҳолиға қилма наззора,
Ани Тангрим азиз этса на чора?!?
Ишонма отаға, қолма талабдин!
Қиёматда сўралмасдир насабдин».

      (Сўфи Оллоҳёр қуддиса сирруҳу)

 

❖  «Агар сен қиблага бурмасанг юзни,

Беш маҳал саждаю намозинг бекор.

Жаннатга ҳеч қачон тикмагил кўзни

Агар бир мўминга етказсанг озор».

(Абдулла Орипов)

 

❖  «Маккага етти қат борганча бўлур,

Бошини силасанг ўксик инсонни».

(Абдулла Орипов).

 

 

УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки...:

⇒  Ҳар бир ҳаракатларимизни Худо кўриб турганини доим эсда тутишлик даркор!

⇒  Ҳатто илм ҳам гўзал инсонийлик учун кифоя қилмайди. Чунки инсоннинг гўзаллиги унинг одоб-ахлоқи билан намоён бўлади.

⇒  Уламолар фақат илмнинг ўзи олимга наф бермаслигига, балки унинг одоб билан зийнатланиши зарурлигига шайтонни мисол қилиб келтирганлар. Яъни шайтонда ҳам илм бўлган, аммо унда гўзал ахлоқ бўлмаган. Шунинг учун одоб инсоннинг қадр-қимматини белгиловчи мезон ҳисобланади.

⇒  Динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб берган.

⇒  Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилишда чиройли хулқли бўлиши – айни динимиз талаби!

⇒  Турли улов ва транспорт воситалари – Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматлари.

⇒  Ҳар бир неъматнинг шукри – уни шариатга мувофиқ, гўзал ҳолатда ишлатишдир. Шунинг учун инсон уловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади.

⇒  Мошинага минишни яхши ният билан бошлаш, йўл давомида ўзгалар билан чиройли муомала қилиш – юксак одоб намунасидир.

⇒  Жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади.

⇒  Чунки йўл ҳаракати қоидаларидан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларга амал қилиш – вожиб саналанади.

⇒  Мошина ҳайдаш, автоулов бошқариш учун белгиланган тартибда, ўрнатилган қоидаларга мувофиқ тегишли ташкилот томонидан берилган расмий ҳужжат (ҳайдовчилик гувоҳномаси, махсус рухсатнома) бўлмасдан автоуловни ҳайдаш яхшиликка олиб келмайди.

⇒  Ҳайдовчилик гувоҳномаси (махсус рухсатнома) бўлмасдан автоуловни бошқаришнинг оқибати ҳайдовчи инсоннинг ўзи учун ҳам, оила аъзолари учун ҳам, бошқа одамлар учун ҳам жуда аянчли, ўта зарарли ва ниҳоятда ачинарли бўлиб, баъзи ҳолатларда эса бу дунёдан тезроқ кетишига ҳам сабаб бўлади.

⇒  Ўзини таниган, ақл-заковатли, узоқни кўзлаган, ўзи, оила аъзолари, яқинлари ва атрофдагиларига зарар етказишни хоҳламаган инсонлар ўзларини эҳтиёт қилиб, автоуловни ҳайдовчилик гувоҳномаси (махсус рухсатнома)сиз бошқаришдан жиддий ва қаттиқ сақланадилар.

⇒  Шаръий қоидаларимизга кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади.

⇒  Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно.

⇒  Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларни “йўлнинг ҳаққи” деганлар: “кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликга буюриш ва ёмонликдан қайтариш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

⇒  Ҳадиси шарифдаги “азият” сўзи кўп нарсаларни ўз ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказишдир. Айниқса ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зиддир!

⇒  Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда шундай деганлар: “Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

⇒  Очиқ ойдин гуноҳ қиладиган одамни “фосиқ” дейилади. Бир мусулмонни жонига қасд қилиш катта гуноҳлигини билиб туриб, уни қонини ҳалол санаш – куфрдир.

⇒  Асл қоида – транспорт воситаси ҳайдовчиси ҳаракат давомида мошинаси билан содир қиладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки мошина унинг қўлидаги восита ва ҳайдовчи уни бошқаришга қодир. Мошина ўзича ҳаракатланмайди. Шунинг учун ҳайдовчи мошинанинг олди, орқаси ва ён томонлари билан етказган зарарга зомин, жавобгар бўлади.

⇒  Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан ҳаддан ошиб ўзгага зарар етказса, жавобгар бўлишида шубҳа йўқ. Чунки ҳаддан ошувчи доимо жавобгар ҳисобланади.

⇒  Мўмин-мусулмонлар йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл одобларига кузатув камералари ёки йўл патрул хизмати инспектори қараб тургани учунгина эмас, балки шариатимиз талаби эканлигини инобатга олиш лозим.

⇒  Бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар, дилхираликлар ва ўлим ҳолатлари бўйича “биринчилик”ни мусулмон юртлари қўлдан бермай келмоқдалар. Аслида эса йўл маданияти борасида мусулмонлар эмас, балки бошқаларнинг пешқадам бўлиши биз учун ор ҳисобланмоғи даркор.

⇒  Асло шошилиб юрманг! Ҳалокат учун 100 мартта эмас, 1 мартта хатога йўл қўйиш қифоя қилади.

⇒  Беш (5) нарсада шошилиш тавсия этилади:

1) Меҳмонга овқат тортишда.

2) Қарзни узишда.

3) Маййитни кўмишга ҳозирлашда.

4) Қизни турмушга чиқаришда.

5) Гуноҳдан тавба қилишда.

⇒  Аёллар, ёшлари катталар, ёш болалар ва ногиронлар йўлдан ўтаётганда имкон қадар уларга йўл бериш ва уларни чўчитмасликка бор куч билан ҳаракат қилиш керак! Зеро ҳадиси шарифларда “Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади” дейилади.

⇒  Йўлда билиб-билмай сизга озор етказган инсонга жавоб қайтаришга ҳаракат қилманг!

Ислом одоби ёмонлик қилганга ёмонлик қайтаришга буюрмайди!

Балки яхшилик қилишга буюради!

⇒  Агар ўз ҳаётингиз қадрига етмасангиз, сиз билан бўлган ҳамроҳларингиз ҳаётини, мошинангиз атрофидагиларни ҳаётларини ўйланг! Ваҳоланки, ўз ҳаётингиз қадрига етмасликка ҳам ҳаққингиз йўқ!

⇒  Кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомошинада ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади.

⇒  Пиёдалар ҳам йўл қоидаларига амал қилишлари лозим.

⇒  Қизил чироқда ўтиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади.

⇒  Йўлнинг қатнов қисмида, шунингдек пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланаётган пиёдаларнинг телефондан фойдаланиш, теле-видео маҳсулотларни кўриш-эшитиш, радио, аудио маҳсулотларни эшитиш, китоб ёки даврий матбуот ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланишлари мутлақо ман этилади.

⇒  Муборак динимизнинг йўл ҳаракатидаги ЭНГ АСОСИЙ 4 (тўрт) та талаби:

1)  Ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси йўл ҳаракат қоидаларига қатъий риоя этиш;

2)  Йўлда юриш одобларини сўзсиз бажариш;

3)  Бир-бирларига нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилиш;

4)  Ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўриш.

⇒  Шариат ман этган нарсаларни истеъмол қилиб автомобилни бошқаришда бандасидан эмас, гуноҳи икки карра бўлишидан аввало Худодан қўрқиш керак!

⇒  Имкон қадар фарзандларига ҳам мошина ҳайдашни ўргатмоқлик лозим.

⇒  Бировнинг шахсий мошинасига минган одам худди унинг уйига кирган кабидир. Ўзини шунга хос ва мос тутиши лозим.

⇒  Ким мусулмон?!?

Мусулмон киши ким ўзи аслида?!?

Бунинг жавобини Жаноби севикли Пайғамбаримиз Аллоҳнинг Ҳабиби Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ўргатиб, муборак таълим-тарбияларини бердилар: «Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши – ҳақиқий мусулмондир» (Имом Бухорий ривоятлари);

⇒  Ўзининг мошинасидан афзалроқ мошинани кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!

⇒  Ўзининг мошинасидан афзалроқ мошинага ҳасад эмас, ҳавас билан, ўзидан пастроққа эса меҳр билан қараш даркор, Яратганга шукр ва истиғфорни кўпайтириш лозим.

 

«ЙЎЛНИНГ КЎРИНМАС ҚОНУНЛАРИ»

 

Фақат ҳайдовчилар эмас,

балки ҳар бир инсон –

ҲАЙДОВЧИ ҳам,

ПИЁДА ҳам,

ЙЎЛОВЧИ ҳам,

ОТА-ОНА ҳам

билиши шарт бўлган

 

«ЙЎЛ ҲАРАКАТИНИНГ ИККИНЧИ АЛИФБОСИ»

ёхуд

«БИР ЙЎЛ – МИНГЛАБ ТАҚДИРЛАР: ҲАММА БИЛИШИ ШАРТ БЎЛГАН ҚОИДАЛАР»

ёки

«ЙЎЛНИНГ ЁЗИЛМАГАН ҚОНУНЛАРИ»

 

Ҳар бир инсон бир ҳақиқатни эсда тутиши лозим –

йўлдаги ҳар бир хатонинг ортида

бир одамнинг ҳаёти, бир оиланинг тақдири туриши мумкин...

 

→  «ЙЎЛДАГИ БИР ЛАҲЗА – УМРБОД АРМОН...»

→  «БИР ЛАҲЗАЛИК ХАТО – БИР УМРЛИК АЗОБ»

→  «ЙЎЛ ҚОИДАСИ – ҲАЁТ ҚОИДАСИ»

→  «ҲАЁТ БИЛАН ЎЛИМ ОРАСИДАГИ МАСОФА – БИР ҚАДАМ...»

→  «БИР ЛАҲЗА – БИР УМР ТАҚДИРИ...»

→  «ЙЎЛ ХАТОНИ КЕЧИРМАЙДИ»

→  «ЙЎЛДА БЕПАРВОЛИККА ЎРИН ЙЎҚ: ҲАР БИР ҚОИДА ОРТИДА ИНСОН ҲАЁТИ БОР»

→  «ЙЎЛ – ҲАЁТ МАЙДОНИ, БЕПАРВОЛИК ЭСА ФОЖИА БОШЛАНИШИ...»

→  «ЙЎЛДА БЕГОНА ИНСОН ЙЎҚ!»

→  «ЙЎЛДА ҲАММАМИЗ МАСЪУЛМИЗ!»

→  «БИР ЛАҲЗАЛИК БЕПАРВОЛИК – БИР УМРЛИК АРМОН»

→  «ЙЎЛДАГИ БИР ИНСОННИНГ ХАТОСИ –

БОШҚА БИР ИНСОННИНГ БУТУН УМРИГА ТАТИШИ МУМКИН...»

→  «ҲАЁТ ЙЎЛДА СИНАЛАДИ»

→  «МАНЗИЛГА ЕТИШ ЭМАС, ОМОН ЕТИШ МУҲИМ!»

→  «ЙЎЛДА ҲАҚЛИ БЎЛИШ ЭМАС, ОМОН ҚОЛИШ МУҲИМ!»

 

 

АВТОАВАРИЯНИНГ ЭНГ ЖИДДИЙ 91 + 40 та ОҚИБАТИ

ёхуд

Йўл ҳаракати қоидалариГА “ҚЎШИМЧАЛАР”

ёки

ҲАММА БИЛИШИ ШАРТ бўлган ҚОИДАЛАР

 

1. ИНСОН ҲАЁТИ ВА СОҒЛИҒИГА ОИД ОҚИБАТЛАР

1)  Инсон ҳаётига бевосита хавф туғилиши.

2)  Ўлим ҳолатларининг юзага келиши.

3)  Ҳайдовчининг тан жароҳати олиши.

4)  Ўз автомобил салонидаги йўловчиларнинг жароҳатланиши.

5)  Бошқа автомобил салонидаги ҳайдовчи ва йўловчиларнинг жароҳатланиши.

6)  Бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг тан жароҳати олиши.

7)  Инсон соғлиғига енгил, ўртача оғир ёки оғир даражада зарар етказилиши.

8)  Ногиронлик ҳолатларининг келиб чиқиши.

9)  Жабрланувчиларнинг узоқ муддат давомида даволанишга муҳтож бўлиб қолиши.

10)  Жарроҳлик амалиётлари ва қимматбаҳо тиббий муолажаларга эҳтиёж туғилиши.

11)  Жабрланувчиларнинг меҳнат қобилиятини вақтинча ёки доимий йўқотиши.

12)  Жабрланувчиларнинг кундалик эҳтиёжларини мустақил қондира олмайдиган ҳолатга тушиб қолиши.

13)  Жабрланувчиларнинг ҳаёт сифати пасайиши.

14)  Дори-дармон, реабилитация ва парваришга эҳтиёж ортиши.

15)  Инсоннинг ҳаёт давомийлиги қисқариши ёки умрига зомин бўлиши.

 

2. ОИЛА ВА ЯҚИН ИНСОНЛАРГА ЕТКАЗИЛАДИГАН ОҚИБАТЛАР

16)  Ҳайдовчининг оила аъзолари отадан, эрдан, ўғилдан, ака ёки укадан айрилиб қолиши.

17)  Жабрланувчиларнинг оила аъзолари отадан, эрдан, ўғилдан, ака ёки укадан, яқин инсонларидан айрилиб қолиши.

18)  Оилавий муносабатларнинг ёмонлашиши ва оилада келишмовчиликлар келиб чиқиши.

19)  Фарзандлар ва оила аъзоларининг руҳий-психологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатилиши.

20)  Оила аъзоларида кучли руҳий изтироб, қайғу, тушкунлик ва доимий хавотир пайдо бўлиши.

21)  Оила боқувчисининг вафот этиши ёки меҳнат қобилиятини йўқотиши натижасида оиланинг даромад манбаидан айрилиши.

22)  Қариндошлар ва яқин инсонлар зиммасига қўшимча моддий ҳамда маънавий масъулият юкланиши.

23)  Оила аъзоларининг жабрланувчини парвариш қилиш учун ўз иши ва кундалик фаолиятини чеклашга мажбур бўлиши.

24)  Оиланинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволи ёмонлашиши.

25)  Фарзандларнинг таълим олиши, тарбияси ва келажак режаларига салбий таъсир кўрсатилиши.

26)  Жабрланувчи ва унинг оила аъзоларига бевосита моддий зарар етказилиши.

27)  Ҳайдовчи ва жабрланувчиларнинг оила аъзолари ўртасида жиддий келишмовчиликлар, турли муаммолар ва ҳар хил низолар келиб чиқиши.

 

3. МОДДИЙ ВА МОЛИЯВИЙ ОҚИБАТЛАР

28)  Автомобил транспорт воситаларининг шикастланиши.

29)  Транспорт воситаларининг бутунлай яроқсиз ҳолга келиши.

30)  Автомобилнинг бозор қиймати пасайиши.

31)  Автомобилдан фойдаланиш имкониятининг вақтинча ёки доимий йўқолиши.

32)  Моддий зарарларнинг юзага келиши.

33)  Молиявий йўқотишларнинг пайдо бўлиши.

34)  Тиббий ёрдам, даволаниш ва реабилитация харажатларининг ортиши.

35)  Автомобилни таъмирлаш, тиклаш ёки янгисига алмаштириш харажатларининг пайдо бўлиши.

36)  Дори-дармон ва парвариш харажатларининг ортиши.

37)  Суд жараёнлари, адвокат ва юридик хизматлар билан боғлиқ қўшимча харажатлар пайдо бўлиши.

38)  Маънавий зарарни қоплаш билан боғлиқ молиявий мажбуриятлар юзага келиши.

39)  Автомобиль кредити, лизинги ёки бошқа молиявий мажбуриятларни бажаришда қийинчилик ва турли муаммолар пайдо бўлиши.

40)  Суғурта тўловлари ва зарарни қоплаш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқиши.

41)  Автоавария натижасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш мажбурияти юзага келиши.

42)  Автомобилдан фойдаланиш имконияти йўқолиши натижасида қўшимча транспорт харажатлари пайдо бўлиши.

43)  Кўзда тутилмаган қўшимча харажатлар ва молиявий мажбуриятларнинг юзага келиши.

 

4. РУҲИЙ-ПСИХОЛОГИК ОҚИБАТЛАР

44)  Жабрланувчилар ва уларнинг оила аъзоларига катта шикаст ва жиддий руҳий-психологик зарар етказилиши.

45)  Руҳий тушкунлик, қўрқув, стресс ва доимий хавотир ҳолатларининг пайдо бўлиши.

46)  Ҳайдовчида автомобил бошқаришга нисбатан қўрқув ва ишончсизлик пайдо бўлиши.

47)  Йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ руҳий жароҳатларнинг узоқ вақт сақланиб қолиши.

48)  Инсоннинг ўз кучига, имкониятларига ва келажагига бўлган ишончи пасайиши.

49)  Ҳайдовчи ва жабрланувчилар ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқиши.

50)  Ҳайдовчи ва жабрланувчиларнинг оила аъзолари ўртасида ҳам низолар пайдо бўлиши.

51)  Ҳайдовчи ва жабрланувчилар ўртасидаги низолар натижасида узоқ муддатли руҳий босим ва келишмовчиликлар пайдо бўлиши.

 

5. ҲУҚУҚИЙ ВА ЖАВОБГАРЛИК БИЛАН БОҒЛИҚ ОҚИБАТЛАР

52)  Ҳайдовчи ва бошқа иштирокчилар ўртасида ҳуқуқий низолар келиб чиқиши.

53)  Айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чораларининг қўлланилиши.

54)  Ҳайдовчининг жарима ва бошқа молиявий санкцияларга дуч келиши.

55)  Ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан белгиланган тартибда маҳрум қилиниши.

56)  Ҳайдовчининг жиноий жавобгарликка тортилиши.

57)  Ҳайдовчининг озодликдан маҳрум этилиши ёки бошқа жазо чораларига дуч келиши.

58)  Зарарни қоплаш ва компенсация тўлаш мажбуриятлари юзага келиши.

59)  Узоқ давом этадиган суд жараёнлари ва ҳуқуқий низоларнинг келиб чиқиши.

60)  Ҳайдовчининг шахсий ва ишчанлик обрўсига путур етиши.

61)  Ҳайдовчининг содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида етказилган зарарни қоплаш бўйича қонуний мажбуриятлари юзага келиши.

 

6. ИШ ВА МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИГА ОИД ОҚИБАТЛАР

62)  Ҳайдовчи ёки жабрланувчининг иш жойидан вақтинча ёки доимий ажралиб қолиши.

63)  Доимий даромад манбаидан айрилиш.

64)  Меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятининг чекланиши.

65)  Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик фаолиятида узилишлар юзага келиши.

66)  Иш берувчи, буюртмачи ёки ҳамкорлар олдидаги шартномавий мажбуриятларни бажариш имконияти чекланиши.

67)  Тадбиркорлик фаолияти ва бизнесга моддий зарар етказилиши.

68)  Касбий режалар ва келажакдаги меҳнат фаолиятининг ўзгариб кетиши.

69)  Ҳайдовчининг иш жойи, лавозими ёки касбий фаолиятини йўқотиш хавфи пайдо бўлиши.

 

7. ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ВА АТРОФ-МУҲИТГА ОИД ОҚИБАТЛАР

70)  Йўл-транспорт инфратузилмасига зарар етказилиши.

71)  Йўл ҳаракатида тирбандлик ва ҳаракатланишда узилишлар пайдо бўлиши.

72)  Бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид юзага келиши.

73)  Ёнғин чиқиши хавфи пайдо бўлиши.

74)  Ёқилғи ёки бошқа хавфли моддаларнинг ёниши натижасида портлаш хавфи юзага келиши.

75)  Атроф-муҳитнинг ифлосланиши.

76)  Ёқилғи, мой ва бошқа кимёвий моддаларнинг тупроқ ёки сувга тарқалиши.

77)  Экологик зарар етказилиши.

78)  Қутқарув ва махсус хизматларни жалб қилиш зарурати пайдо бўлиши.

 

8. ЖАМИЯТ ВА ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ОҚИБАТЛАР

79)  Оила ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатилиши.

80)  Давлат ва жамият зиммасига қўшимча тиббий, ижтимоий ва иқтисодий харажатлар тушиши.

81)  Тиббиёт муассасалари ва тез тиббий ёрдам хизматларига қўшимча юклама тушиши.

82)  Инсон ресурслари ва меҳнат салоҳиятининг йўқотилиши.

83)  Жамиятда йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларнинг ортиши.

84)  Бир нечта оила ва инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатилиши.

 

9. КУТИЛМАГАН ВА УЗОҚ МУДДАТЛИ ОҚИБАТЛАР

85)  Инсоннинг бутун ҳаёт тарзи, келажак режалари ва ижтимоий фаолияти ўзгариб кетиши.

86)  Ҳайдовчи ёки жабрланувчининг шахсий ҳаётида жиддий ўзгаришлар юзага келиши.

87)  Оила аъзоларининг келажакдаги режалари ва мақсадлари барбод бўлиши.

88)  Инсоннинг жамиятдаги мавқеи ва ижтимоий фаоллиги ўзгариши.

89)  Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатларининг йиллар давомида сақланиб қолиши.

90)  Биргина автоавария туфайли бир нечта инсон ва оилаларнинг ҳаёт тарзи, келажак режалари ва ижтимоий фаолияти ўзгариб кетиши.

91)  Кўзда тутилмаган, олдиндан ҳисоб-китоб қилинмаган ва хаёлга ҳам келмаган бошқа муаммолар пайдо бўлиши.

 

 

 

 

АВТОАВАРИЯ ОҚИБАТИДА ИНСОННИНГ

ҚАЙТАРИБ БЎЛМАЙДИГАН ЙЎҚОТИШЛАРИ:

 

1.  Автоавария натижасида инсон нафақат моддий зарар кўради,

балки ҳаёти давомида қайта тиклаб ёки

қайтариб олиб бўлмайдиган қадриятларидан ҳам айрилиши мумкин.

 

I.  ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ҚАЙТАРИБ БЎЛМАЙДИГАН ЙЎҚОТИШЛАР

2.  Ўз ҳаётидан айрилиш.

3.  Ота-онасидан айрилиш.

4.  Турмуш ўртоғидан айрилиш.

5.  Фарзандидан айрилиш.

6.  Ака-ука ёки опа-сингилларидан айрилиш.

7.  Бобо ва бувисидан айрилиш.

8.  Яқин қариндошлари ва қадрдон инсонларидан айрилиш.

9.  Оиласининг бир бутунлигини йўқотиш.

10.  Фарзандларининг ота ёки она меҳридан маҳрум бўлиши.

 

II.  СОҒЛИҚ БИЛАН БОҒЛИҚ ҚАЙТАРИБ БЎЛМАЙДИГАН ЙЎҚОТИШЛАР

11.  Соғлиғини тўлиқ ёки қисман йўқотиш.

12.  Қўл ёки оёқларидан айрилиш.

13.  Кўриш қобилиятини йўқотиш.

14.  Эшитиш қобилиятини йўқотиш.

15.  Гапириш қобилиятини йўқотиш.

16.  Юриш қобилиятини йўқотиш.

17.  Мустақил ҳаракатланиш қобилиятини йўқотиш.

18.  Хотира ва ақлий фаолият билан боғлиқ қобилиятларни йўқотиш.

19.  Меҳнат қилиш ва касбий фаолият билан шуғулланиш имкониятини йўқотиш.

20.  Мустақил ҳаёт кечириш имкониятини йўқотиш.

21.  Илгариги жисмоний имкониятлари ва ҳаёт сифатига қайтиш имкониятини йўқотиш.

 

III.  ОИЛА ВА ШАХСИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ЙЎҚОТИШЛАР

22.  Фарзандларининг вояга етишида иштирок этиш имкониятини йўқотиш.

23.  Фарзандларининг тўйи ва бахтли кунларини кўриш имкониятидан маҳрум бўлиш.

24.  Набираларини кўриш ва уларнинг камол топишида иштирок этиш имкониятини йўқотиш.

25.  Оиласи билан бирга ўтказилиши мумкин бўлган бахтли кунларни йўқотиш.

26.  Яқин инсонлари билан бирга яшаш ва бирга вақт ўтказиш имкониятини йўқотиш.

27.  Оиласига ғамхўрлик қилиш ва уларни моддий таъминлаш имкониятини йўқотиш.

28.  Оилавий хотиралар ва биргаликдаги келажак режаларининг амалга ошмай қолиши.

 

IV.  КЕЛАЖАК ВА ОРЗУ-МАҚСАДЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ЙЎҚОТИШЛАР

29.  Келажакдаги орзу ва мақсадларини амалга ошириш имкониятини йўқотиш.

30.  Танлаган касби ва севимли иши билан шуғулланиш имкониятини йўқотиш.

31.  Таълим олиш ва ўз устида ишлаш имкониятларини йўқотиш.

32.  Тадбиркорлик ва бизнес режаларини амалга ошириш имкониятини йўқотиш.

33.  Уй-жойга эга бўлиш ва оилавий фаровонликка эришиш режаларининг барбод бўлиши.

34.  Келажакдаги муҳим воқеалар ва ҳаётий маросимларда иштирок этиш имкониятини йўқотиш.

35.  Жамиятда ўз ўрнини топиш ва шахсий салоҳиятини намоён этиш имкониятини йўқотиш.

 

V.  ВАҚТ ВА ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ЙЎҚОТИШЛАР

36.  Ҳаётнинг қайтариб бўлмайдиган йилларини йўқотиш.

37.  Даволаниш ва реабилитация жараёнларига кўп йиллар сарфлаш.

38.  Оила ва яқинлар билан ўтказилиши мумкин бўлган қимматли вақтни йўқотиш.

39.  Ҳаётдаги муҳим ва унутилмас лаҳзалардан маҳрум бўлиш.

40.  Илгариги ҳаёт тарзига қайтиш имкониятини йўқотиш.

 

 

 

«ҚОИДАЛАР ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИДА:

ҲАЁТНИ САҚЛАШНИНГ ҚОИДАЛАРИ.

ҲАР БИРИМИЗ БИЛИШИМИЗ ШАРТ БЎЛГАН ҲАҚИҚАТЛАР»

 

Э Н Г О Ғ И Р Ҳ А Қ И Қ А Т

➜  Пул билан йўқотилган автомобилни сотиб олиш мумкин, аммо инсон ҳаётини қайтариб бўлмайди.

➜  Шикастланган автомобилни таъмирлаш мумкин, аммо йўқотилган соғлиқни ҳар доим ҳам тиклаб бўлмайди.

➜  Моддий зарарни қоплаш мумкин, аммо вафот этган яқин инсоннинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

➜  Йўқотилган мол-мулкни қайта топиш мумкин, аммо ўтган умр ва вақтни қайтариб бўлмайди.

➜  Бузилган режаларни қайта тузиш мумкин, аммо амалга ошмай қолган орзулар ва бой берилган имкониятларни тўлиқ қайтариш мумкин эмас.

 

 

ЁДДА ТУТИНГ!

➔  Автоавария бир лаҳзада инсоннинг бутун келажагини ўзгартириб юбориши мумкин!

➔  Рулга ўтирганда фақат манзилга етиб боришни эмас, балки ўз ҳаётингизни, оилангизни ва бошқа инсонларнинг ҳаётини асрашни ҳам ўйланг.

➔  Инсон ҳаёти – бебаҳо. Уни хавф остига қўйишга арзийдиган ҳеч қандай шошилинч иш ёки манзил йўқ.

 

ЭНГ МУҲИМ ОГОҲЛАНТИРИШ!

⌫  Бир лаҳзалик эътиборсизлик ёки бепарволик – бир умрлик пушаймонликка сабаб бўлиши мумкин!

⌫  Рулдаги ҳар бир ҳаракатингиз учун нафақат ўз ҳаётингиз, балки бошқа инсонлар ҳаёти ва тақдири ҳам масъулиятини ҳис қилинг.

⌫  Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг, тезликни меъёрдан оширманг, диққатингизни йўлдан чалғитманг.

⌫  Манзилга бир неча дақиқа кечроқ етиб бориш – инсон ҳаётини хавф остига қўйишдан 1000 марта афзал.

 

МУҲИМ ХУЛОСА

✓  Автоавария – бу фақат автомобилнинг шикастланиши ёки уни таъмирлаш харажатлари эмас.

✓  Автоавария инсон ҳаёти, соғлиғи, оиласи, моддий аҳволи, келажаги ва жамият хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳодисадир.

✓  Автоавария натижасида нафақат ҳайдовчи ва йўловчилар, балки уларнинг оила аъзолари, қариндошлари, яқинлари ва бошқа инсонлар ҳам жабр кўриши мумкин.

✓  Автоавариянинг айрим оқибатларини моддий маблағ билан қоплаш мумкин, аммо инсон ҳаётини қайтариш, йўқотилган соғлиқни тўлиқ тиклаш ёки яқин инсоннинг ўрнини тўлдириш мумкин эмас.

✓  Автоавариянинг оқибатлари бир неча дақиқа, бир неча кун, ой ёки йиллар давомида эмас, балки баъзи ҳолларда инсоннинг бутун умри давомида сезилиши мумкин.

✓  Баъзан бир неча сониялик эҳтиётсизлик ёки эътиборсизлик инсон ва унинг оиласи ҳаётини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.

✓  Натижада кўзда тутилмаган, олдиндан ҳисоб-китоб қилинмаган ва ҳатто хаёлга ҳам келмаган турли муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

 

Иброҳимжон домла Иномов

Мақолалар