Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда юртдошларимиз учун муносиб шароитлар ҳозирлаш мақсадида, Саудия Арабистонида мутасадди идоралар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Ушбу муборак заминда хизмат сафарида бўлиб турган Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Закиров, атташе Шуҳрат Амоний қатор ташкилотлар, жумладан, “Тавофа” ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари билан муҳим учрашувлар ўтказдилар.
Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага чиққанини алоҳида эътироф этдилар.
Музокаралар давомида бўлажак ҳаж мавсумида кутиб олишдан то кузатишгача бўлган жараёнларда, хусусан, ҳаж амаллари бажариладиган Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларимизга муносиб хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳар бир дақиқасини руҳий ҳузур ва ибодатда ўтказишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари юқори талаб нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, “Тавофа” муассасаси вакиллари келгуси мавсум учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ҳамда санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олдилар.
Жумладан, ушбу водийларда ҳар бир зиёратчи учун етарли жой ажратиш, чодирларни тайёрлаш, уларни “Sofa bed”, совуткич ҳамда бошқа зарур маиший қулайликлар билан жиҳозлашга катта эътибор қаратилади. Шунингдек, ҳожиларимиз учун зарур бўладиган маиший ашёлар жамланмаси тақдим этиш ҳамда уларни уч маҳал иссиқ таом, мунтазам чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди.
Мулоқотда ҳаж инсон умрида бир марта адо этиладиган улуғ ибодат эканини инобатга олиб, зиёратчилар муборак амалларни динимиз аҳкомларига мувофиқ гўзал тарзда бажаришлари учун барча шароитларни ҳозирлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар замирида битта улуғ мақсад – ҳар бир ҳожимизга муносиб эътибор кўрсатиш, уларнинг ибодатларини энг қулай ва хотиржам шароитларда адо этишларини таъминлашдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати