Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Туркия сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси, профессор, доктор Сафий Арпагуш ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мезбонни Фатво кенгашларининг халқаро маслаҳат йиғилиши юксак савияда ва муваффақиятли ўтгани билан муборакбод этдилар.
Муфтий ҳазратлари икки қардош мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро ҳамкорлик муносабатлари тобора кенгайиб, айниқса, уламолар ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан қайд этдилар. Шунингдек, мазкур нуфузли анжуман мусулмон уммати олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлгани, унда қабул қилинган баёнот ва тавсиялар барча мусулмон халқлари учун манфаатли бўлиши таъкидланди.
Ўз навбатида, профессор, доктор Сафий Арпагуш Ўзбекистон муфтийсининг халқаро йиғилишдаги фаол иштироки ва сермазмун нутқи учун катта миннатдорлик изҳор этди.
Ушбу маслаҳат йиғилиши уммат бирлигини мустаҳкамлаш ва замонавий муаммоларга жамоавий ижтиҳод асосида мўътадил ечим топишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлар экан, ҳамкорликда фатволар ишлаб чиқишни ривожлантириш, уларда ижтимоий воқеликни ҳисобга олиш, ахборот асридаги фатво тарқоқлигининг олдини олиш мақсадида рақамли майдонда расмий фатволарни кенг ёйиш ҳамда сунъий интеллектдан фақат тадқиқот воситаси сифатида фойдаланиб, уни фатво бериш манбаига айлантирмаслик зарурлигини алоҳида баён этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати