Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари, Вақф хайрия жамоат фонди раиси Зайниддин Эшонқулов бошчилигидаги делегация Малайзияда бўлиб ўтган Исломий иқтисодиёт ҳафталиги ва Жаҳон вақф форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Учрашувларда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлатдан ҳукумат расмийлари, исломий молия ва закот-вақф соҳаси мутахассислари қатнашди.
Зайниддин Эшонқулов маърузасида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, беморларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда кенг кўламли хайрия тадбирлари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон делегацияси Малайзия парламенти сенатори, Малайзия Вақф фонди раҳбарияти, Бутунжаҳон закот ва вақф форуми бош котиби ҳамда бошқа расмийлар билан учрашиб, соҳа бўйича музокаралар ўтказди.
2026 йил Рамазон ойида ишга туширилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуаси ислом уммати учун беқиёс аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди.
Вакилларимиз Малайзиянинг “Нашрул Қуръон” нашриёти раиси Абдул Латиф Мираса билан ҳам кўришди. Учрашувда ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, турли хайрия лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш мақсадида англашув меморандуми имзоланди.
“Нашрул Қуръон” нашриёти Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Вақф” хайрия жамоат фонди орқали халқимизга 20 минг нусхадаги “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” китобини туҳфа қилди.
Исломий иқтисодиёт ҳафталигининг якуний сессияси Малайзия парламентида бўлиб ўтди ва унда Малайзия сиёсий, академик ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда соҳа амалиётчилари иштирок этди.
Томонлар рақамли дунёда вақф ва закот ишлари бошқарувини, унинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш, маблағларни йиғиш ва уларни манзилли тарзда ўз ўрнига етказиш ҳамда ислом молияси экотизимини яратиш ва ривожлантириш бўйича илғор тажриба алмашишга келишиб олди.
Учрашувлар чоғида Бутунжаҳон вақф форумини жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу халқаро тадбирга мусулмон мамлакатларидан 300 га яқин ҳукумат расмийлари ва экспертларни таклиф этиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати