Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
2026 йил ноябрь ойида Покистонда бўлиб ўтадиган нуфузли Халқаро Қуръон мусобақасида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиш учун “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими ходими Абдулазиз қори Супиев сафарга жўнаб кетди.
2026 йил 22 ноябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари ҳамюртимизни самимий тилаклар билан кузатиб, мусобақада муваффақиятлар тилаб дуои хайр қилдилар.
Абдулазиз қори мусобақанинг тиловат ва мақом йўналишида Каломуллоҳни гўзал тажвид ва оҳанг билан тиловат қилиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло Абдулазиз қорининг тилини равон, хотирасини мустаҳкам қилсин ва ушбу улуғ майдонда улкан зафарлар ато этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати