Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Бу айём жамиятимизда муаллимларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида, устозни улуғлаш аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган энг гўзал қадриятлардан биридир.
Муқаддас динимизда илм аҳли ва устозларнинг мақоми ниҳоятда юксак. Қуръони каримнинг Мужодала сураси 11-оятида уларнинг обрў-эътибори нақадар баланд экани шундай баён қилинади: «...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур».
Касб байрами муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ва ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари, шунингдек, Нукус шаҳридаги «Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири ҳамда мударрислари иштирокида хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида кўп йиллар давомида диний соҳада самарали меҳнат қилиб, ёшларга илм-маърифат улашган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий устозларнинг ҳолидан хабар олинди. Уламолар ва диний соҳа ходимлари муҳтарам устозларни байрам билан самимий муборакбод этдилар.
Аллоҳ таоло динимиз равнақига беминнат хизмат қилган азиз устозларимизга мустаҳкам соғлик, мазмунли умр ва оилавий хотиржамлик ато қилсин!
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти
Матбуот хизмати
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан динимиз ривожи, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига беқиёс ҳисса қўшган 85 нафар нуроний устозлар, меҳнат фахрийлари йўқланди.
Ушбу хайрли тадбир доирасида тизимда кўп йиллар фаолият юритиб, бугунги кунда марҳум бўлган уламоларнинг яқинлари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бугунги кунда Диний идора тизимида фаолият юритаётган устозлар ҳам эътибордан четда қолмади.
Табрикномалар, ҳадялар, муҳими, мазкур эътибор ва эҳтиромдан беҳад шод бўлган кексалар ўзлари меҳнат қилган пайтдаги хотиралар ҳамда бугунги имкониятлар даври ҳақида тўлқинланиб сўзлашди, юртимиз тинчлиги ва халқимиз омонлигини сўраб хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати