Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Энг баракали никоҳ – харажатлари енгил бўлганидир” (Имом Байҳақий ривояти).
Бугун баракали никоҳлар кўпаяётганидан халқимиз хурсанд. Тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш тўғрисида қарор ва низом сабаб “кимўзар”га қилинаётган маросимлар анча камайди. Халқимиз 30– 40 кишилик тўй қилишнинг ҳам уддасидан чиқса бўлар экан, деган хулосага келди.
Алҳамдулиллаҳ , “Нон синдирди”, “Фотиҳа” тўйларида 10 ёки 20, никоҳда эса 200 – 250 нафар кишилар қатнашадиган тўйлар бўляпти. Дастурхонга ҳам илгаригидек меҳмонлар еса-емаса ҳар хил таомларни қўйишнинг олди олиняпти. Тўй -ҳашамларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин маҳалла раиси ва унинг ёрдамчилари билан маслаҳатлашади.
Оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза Диний идоранинг вакили томонидан ўтказилмоқда. Ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган расм-русумлар, яъни “келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш”лар бўлмаяпти. Таъзия маросимлари билан боғлиқ тадбирлар, яъни “етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” кабилар ҳам ўтказилмайдиган бўлди.
Халқ ичида юрганимиз учун айрим аёлларнинг гап-сўзларига гувоҳ бўламиз. Қулоқ солсангиз, тўғри айтишади. Масалан, бир қайнона бундай дейди:
– Мен фарзандларимни уйлантириб бўлганман, у вақтлар қиз томон сарпо қиларди. Қизни онаси керак-керакмас буюмларни ҳам қилган вақтлари бўлган. Баъзи қайноналар эса қудаларидан сўнгги русумдаги, хорижники бўлган қиммат сарпою мебеллар келтиришни талаб қилишарди. Ҳозирги тўйларда куёв томон қўлидан келганча нарса-буюмларни оляпти, келинга аввалгидай “солиқ” солинмайди. Шунинг олди олинганига хурсанд бўламан.
Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Хайру эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”, деган. Баъзан олдимга тўй эгалари бирор маросимини ўтказиш ўрнига маҳалладаги етим-муҳтож инсонларга эҳсон ёки умрага йиғилган пулга хайр-саховат истагини айтиб, маслаҳат қилишади.
Афсуски, “Элникини еганман, қилмасам бўлмайди”, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Улар билан ишлаймиз, тушунтирамиз. Исрофнинг энг хайрсизлиги шундаки, қарзга тўй қилиб натижада уни тўлаш учун оиласини ташлаб кетаётган эркакларимиз бор. Бир кунлик тўй, ҳашамат оиладан узоқда яшашга, меҳнат қилишга арзимайди. Орзу-ҳавасимиз исрофли тўй эмас, илм-маърифат бўлсин. Тўй-маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш сиз билан бизга боғлиқ. Ақл билан иш юритсак, ҳаммаси яхши бўлишига аминмиз.
Интизор КАМОЛОВА,
Тошкент вилояти бош отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг бевосита халқ ичига кириб бориб ўтказаётган самимий мулоқотлари кўплаб муаммолар ечимига асос бўлмоқда. Хусусан, Хоразм сафари давомида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фуқароларни сайёр қабул қилиб, уларнинг ижтимоий-маиший муаммолари ва мурожаатларини жойида ҳал этиш чораларини кўрдилар.
Жумладан, Урганч тумани “Тандирчи” маҳалласида истиқомат қилувчи Дурдипошша Юсупованинг хонадони томини ёпиш бўйича мурожаати ижобий ҳал этилиб, оилага тез фурсатда амалий кўмак кўрсатиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Сафар чоғида раис ўринбосарлари, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош имом-хатибларининг Хоразм вилоятидаги ҳудудлардаги аҳоли билан яқиндан мулоқотлари амалга оширилди. Шунингдек, улар ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги масжидларга йўл олиб, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги ишлари ва масжидларни бошқаришдаги фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур жараёнда имомларнинг халқ билан мулоқотлари, маърифий суҳбатлари, масжидларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, тозалик ва озодалик, ёнғин хавфсизлиги чоралари ҳамда ҳужжатлар юритиш каби муҳим масалалар эътибор марказида бўлди. Ўрганишлар натижасида масжидлар жамоаларининг ишига ижобий баҳо берилиб, молиявий шаффофликни таъминлаш ва муқобил энергия манбаларидан унумли фойдаланиш бўйича муҳим ва амалий тавсиялар берилди.
Хизмат сафарининг эътиборли жиҳатларидан бири бош имом-хатиблар вилоятнинг 13 та туман ва шаҳридаги 70 дан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир беморлари бор ва эътиборга ташна оилалар хонадонида бўлди. Кўнгил сўраш баробарида уларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг совғалари улашилди.
Шунингдек, Урганч шаҳридаги “Ғамхўрлик” интернат уйида бўлиб, жисмоний имконияти чекланган болажонлар ҳолидан хабар олинди. Уларга ширин сўзлар ва меҳрли далдалар билдирилиб, муассасага 2 та совутгич ҳамда турли ҳадялар тақдим этилди.
Кўрсатилган эътибор ва амалий кўмакдан кўнгли тоғдек кўтарилган ҳамюртларимиз бу хайрли ишлардан мамнун бўлиб, юртимиз тинчлиги ҳамда мутасаддилар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати