* * *
“Улғайиш, умрда олдинга юришнинг энг гўзал жиҳати шундаки, вақт ўтиши билан бир пайтлар сенинг бутун куч-қувватинг ва ҳис-туйғуларингни барбод қилган кўплаб нарсаларни қанчалик арзимас ва майда бўлганини англаб етасан”.
“Зодул маод”
* * *
Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳар бир сен билан ўтирган киши ҳам улфатчиликка ярайвермайди. Ҳар бир улфатга ҳам сирлар ишониб топширилмайди. Сирларга фақат омонатдор кишиларгина ишонилади”.
“Ал-Бидоя ван ниҳоя”
* * *
“Андалус (Испания) ўз тарихининг ҳеч бир даврида араб мусулмонлари давридагидек бағрикенглик, адолат ва донишмандлик билан бошқарилмаган”.
Стэнли Лэйн-Пул (инглиз тарихчиси)
Анвар АҲМАД тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
Бўлғуси ҳожиларимиз улуғ амалларини хотиржам ва чиройли адо этишлари учун муборак заминлардаги тайёргарлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Саудия Арабистонида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси келгуси мавсумда юртдошларимиз истиқомат қилиши учун мўлжалланган меҳмонхоналарни ўта талабчанлик билан, ҳар томонлама кўздан кечирмоқда.
Ушбу масъулиятли жараёнда меҳмонхоналарнинг қуйидаги муҳим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда:
– зиёратчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун фойе ва ошхоналарнинг кенглиги, лифтларнинг етарли сиғимга эгалиги;
– хоналардаги шароитлар, санитария-гигиена талабларига тўлиқ мослиги ва маиший техникаларнинг созлиги;
– ҳар бир хонада қибла кўрсаткичи, жойнамоз ва Қуръони карим нусхаларининг муҳайё қилингани;
– тиббиёт ва ишчи гуруҳлар учун ажратилган махсус хоналардаги қулайликлар.
Шунингдек, соҳа мутасаддилари томонидан нафақат меҳмонхона шароитлари, балки бўлғуси ҳожиларнинг тўлақонли ва сифатли таомланиши, кўрсатиладиган транспорт ва соғлиқни сақлаш хизматлари ҳам атрофлича ўрганилмоқда. Хусусан, меҳмонхоналарнинг Ҳарами шариф, Мино ва Арафот каби муқаддас манзилларга қулай жойлашгани ҳамда узлуксиз ва қулай транспорт қатновини йўлга қўйиш масалалари ҳам делегациянинг диққат марказида турибди.
Бундай кенг кўламли ўрганишлардан кўзланган мақсад – Янги Ўзбекистонда қарор топган “Инсон қадри – олий қадрият” тамойилини амалда таъминлаш, юртдошларимизнинг чинакам розилигига эришиш ва уларнинг тоат-ибодатларини юксак савияда, кўтаринки руҳда адо этишлари учун бекаму кўст шароит тайёрлаш саналади!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати