Сохта салафийлар тавҳидни уч қисмга – “тавҳидур рубубийя”, “тавҳидул улуҳийя” ва “тавҳидул асмо вас сифот”га бўладилар. Уларниг изоҳлашича,
- “Тавҳидур рубубийя” – Аллоҳ таолонинг Яратувчи, Ижодкор ва барча ишлар тадбирини Ўзи қилаётганига ишониш.
- “Тавҳидул улуҳийя” – Ибодатни - бандаликни ёлғиз Аллоҳгагина қилишдир.
- “Тавҳидул асмо вас сифот” – Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларида ягоналиги, булар Ўзигагина хослигига иқрор бўлиш. Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг исм ва сифатларига имон келтириш.
Уларнинг айтишларича “Барча Пайғамбар алайҳимуссаломлар инсонларга фақат “тавҳиди улуҳийя”ни тарғиб қилиш учун юборилганлар. “Тавҳиди рубубия” борасида эса, нафақат мусулмонлар, балки мушриклар ҳам унга эътиқод қиладилар”. Улар ўзларининг гапларига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини далил қилиб келтирадилар:
وَلَئِنْ سَأَلْتَهُمْ مَنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ لَيَقُولُنَّ اللَّهُ فَأَنَّى يُؤْفَكُونَ (العنكبوت/61)
“Қасамки, агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни яратган, Қуёш ва Ойни (ўз тоатига) бўйин сундирган зот ким?” – деб сўрасангиз, албатта, улар: “Аллоҳ”, – дерлар. Бас, (шундай экан), қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!” (Анкабут сураси, 61-оят).
Аслида, тавҳидни бундай тарзда уч қисмга тақсимлаш на Қуръони каримда, на ҳадиси шарифларда ва аввал ўтган уламоларимизнинг сўзларида учрамайди. Ушбу тақситот фақатгина ҳижрий еттинчи асрда туғилган Тақиюддин Аҳмад ибн Абдулҳалим Ибн Таймиянинг ихтиро қилган диндаги бидъатларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда ушбу тақсимотни асосан салафий тушунчасидаги кишилар ўз китобларида қайд этишади.
Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир киши Ислом динин қабул қилиш учун ҳузурларига келганда “Сен рубубият тавҳидига эътиқод қиласан, энди мусулмон бўлишинг учун улуҳият ва исм-сифатлардаги тавҳидни қабул қилишинг керак”, демаганлар. Балки “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб калима келтиришини талаб қилганлар. Мана шу шаҳодат калимаси билан киши мусулмон бўлиши ва Қиёматда жаннатга киришини таъкидлаб ўтганлар. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"أَبشِروا ، و بَشِّروا مَن وراءَكم ، أنه مَن شهِد أن لا إلهَ إلا اللهُ صادقًا دخل الجنَّةَ"
“Ҳурсанд бўлинглар ва ўзларингиздан кейингиларга башорат беринглар: Кимки “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деб чин дилдан гувоҳлик берса жаннатга киради”, деганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"من كان آخرُ كلامهِ لا إله إلا اللهُ دخل الجنة" (رواه أبو داود والحاكم)
“Кимнинг охирги сўзи "Лаа илаҳа иллаллоҳ" бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).
"مَنْ كَانَ آخِرُ كَلاَمِهِ لاَ إلَهَ إلَّا اللهُ دَخَلَ الجَنَّةَ" (رواه أبو داود)
"Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шу билан бирга, тавҳидни учга бўлишнинг хавфи – мушрикларни тавҳид аҳли сифатида зикр қилиш баробарида, мусулмонларни кофир деб эълон қилишга замин яратишида намоён бўлади. Сохта салафийлар мазкур тақсимотга кўра анбиёлар, авлиёларни васила қилиб дуо қиладиган мўмин-мусулмонларни кофир деб эълон қиладилар. Салафийларнинг даъволарига кўра, дуода васила қилган киши – тавҳидул улуҳийяга зид иш қилган бўлади ва Аллоҳ таолодан ўзгага дуо қилган, ибодат қилган саналади.
Салафийларга кўра, дуоларида пайғамбарлар ва авлиёларни васила қиладиган мусулмонлар гўёки Аллоҳ таолони қўйиб пайғамбарларга ибодат қилган ва бу билан имондан ажраган бўладилар. Чунки улар “улуҳият тавҳиди”ни тарк қилган саналадилар. Мана шу асоссиз важлар билан салафийлар мусулмонларни куфрга чиқарадилар. Ҳатто Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳаддидан ошиб:
"إن كفرهم أشنع من كفر عباد الأوثان"
“У (васила қиладиган)ларнинг куфри бут-санамларга сиғинадиганларнинг куфридан кўра жирканчроқдир!” деган.
Ваҳоланки, дуода васила қилиш жоизлигига Ислом уламолари жоиз эканини таъкидлашган. Бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Қолаверса, сохта салафийлар “Тавҳид асмо вас сифот”ни кенгроқ шарҳлашда “Тавҳид асмо вас сифот”га шу исм ва сифатларга тўғри маъно берган ҳолда таъвил ва тафвиз қилмаган ҳолда иймон келтиришдир” дея изоҳлайдилар. Бу билан мотуридий ва ашъарийлар каби муташобиҳ оят ва ҳадисларни таъвил ёки тафвиз қиладиган мусулмонларни гўёки исм ва сифатлар бобида тавҳиддан ташқарида деб изоҳлайдилар.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда “рубубият” ва “улуҳият” салафийлар даъво қилгандек алоҳида маъноларда эмас, балки бир-бирини ўзаро тўлдириб келган. Қуйида бунга айрим мисолларни келтириб ўтамиз.
وَلَا يَأْمُرَكُمْ أَنْ تَتَّخِذُوا الْمَلَائِكَةَ وَالنَّبِيِّينَ أَرْبَابًا أَيَأْمُرُكُمْ بِالْكُفْرِ بَعْدَ إِذْ أَنْتُمْ مُسْلِمُونَ
“(Ўша пайғамбар) сизларга фаришталар ва пайғамбарларни Роб қилиб олишингизни ҳам буюрмайди. Ахир, мусулмон бўлганингиздан кейин сизларни куфрга (қайтишликка) буюрармиди?!” (80-оят).
Муфассирлар шайхи дея танилган олим Ибн Жарир Тобарий раҳимаҳуллоҳ ушбу ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: “Оятнинг мазмуни шуки, эй инсонлар, Пайғамбар Сизларга малоикалар ва пайғамбарларни Роб қилиб олишингизни буюрмайди. “Робб” калимасидан Аллоҳни қўйиб унга ибодат қилинадиган илоҳлар назарда тутилган” (“Жомиъул баён” тафсири).
"يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمِ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ" (سورة يوسف/39)
“Эй, икки ҳамзиндонларим! Турли-туман “Робблар” яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?” (Юсуф сураси, 39-оят).
Мазкур ояти каримани Аллома Ибн Жарир Тобарий раҳимаҳуллоҳ “Юсуф алайҳиссалом ушбу гапни зиндонга ўзлари билан бирга кирган икки йигитга айтганлар. Чунки улардан бири мушрик эди, шунинг учун уни бу гап билан Исломга чақирдилар ва илоҳлар ва бутларга сиғинишни тарк этишга даъват қилдилар. Юсуф алайҳиссалом айтдиларки:“Ҳар хил тарқоқ худоларга, фойда ва зарар келтирмайдиган илоҳларга сиғиниш яхшими ёки қудрати ва ҳукм юритишида тенги бўлмаган, ҳамма нарсани бўйсундирган, Унгагина ихтиёрий равишда ёки беихтиёр тарзда итоат қилинган ягона илоҳга сиғиниш яхшироқми?!” (“Жомиъул баён” китоби, 16-жуз, 104-бет).
Эътибор қилсак, ушбу ояти каримада мушриклар ҳам бир нечта “Робблар”га эътиқод қилгани, бу “тавҳидур рубубийя” тушунчасига зид экани маълум бўлади. Акс ҳолда Юсуф алайҳиссаломнинг “Турли-туман “Робблар” яхшими” дейишларида маъно қолмас эди.
"فَقَالَ أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى" (النازعات/24)
“«Мен сизларнинг олий Роббингиздирман», – деди”, (Назиат сураси, 24-оят).
Ушбу оятда таъкидланганидек, Фиръавн рубубиятни даъво қилмоқда. Бошқа бир оятда эса, айнан ўша Фиръавнни сўзини қуйидаги нақл қилинган:
"وَقَالَ فِرْعَوْنُ يَا أَيُّهَا الْمَلَأُ مَا عَلِمْتُ لَكُمْ مِنْ إِلَهٍ غَيْرِي" (القصص/38).
“Фиръавн: “Эй, одамлар! Мен сизлар учун ўзимдан бошқа (бирор) илоҳни билмасман. Бас, эй, Ҳомон! Лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир баланд бурж (минора) бино қил! Шоядки, мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман”, – деди” (Қасас сураси, 38-оят).
Бу ояти каримада эса, Фиръавн улуҳиятни даъво қилмоқда. Демак, бу билан “рубубият” ва “улуҳият” ўртасида фарқ йўқ экани яна бир бор маълум бўлмоқда.
Ояти карималардан бу каби далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қуйида ҳадиси шарифлардан айрим далилларни келтириб ўтамиз.
"ذَاقَ طَعْمَ الْإِيمَانِ مَنْ رَضِيَ بِاللهِ رَبًّا، وَبِالْإِسْلَامِ دِينًا، وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولًا" (رواه الامام مسلم)
“Аллоҳни “Роб” деб, Исломни дин деб, Муҳаммад (алайҳиссалом)ни Росул деб рози бўлган кимса иймон таъмини татибди” (Имом Муслим ривоят қилганлар).
Агар Ибн Таймийя иддао қилганидек, мушриклар Аллоҳнинг рубубиятига эътиқод қилишида эди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Аллоҳни “Роб” деб ... рози бўлган киши имоннинг таъмини татибди” демаган бўлардилар. Чунки у билан мушрикнинг ўртасида фарқ қолмаган бўларди.
"وَإِنَّهُ لَيَسْمَعُ خَفْقَ نِعَالِهِمْ إِذَا وَلَّوْا مُدْبِرِينَ حِينَ يُقَالُ لَهُ: يَا هَذَا، مَنْ رَبُّكَ وَمَا دِينُكَ وَمَنْ نَبِيُّكَ؟"
(رواه الامام أبو داود)
“Аҳли (уни кўмиб бўлиб) ортларига қайтиб кетаётганларида оёқ товушларини эшитади. Шу пайтда унга “Эй Сен, Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?” дейилади” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадисга кўра, қабрдаги одамга фаришталар томонидан “Роббинг ким?” деб савол беришади. Агар ҳақиқатда мушриклар ҳам Аллоҳ таолони Робб деб эътиқод қилганларида, мўмин билан мушрикни ажратиш учун бу саволни беришдан маъно қолмасди. Шунинг учун ҳам “Робб” ва “Илоҳ” сўзларини ажратиш, мушриклар “Рубубият”да тавҳидда эдилар дейиш улкан хатодир.
Ибн Таймия ва унинг тарафдорлари ҳужжат қилиб келтирган “...Агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни яратган, Қуёш ва Ойни (ўз тоатига) бўйин сундирган зот ким?” – деб сўрасангиз, албатта, улар: “Аллоҳ”, – дерлар...” ояти каримага келсак, унга жумҳур уламолар шундай жавоб беришган: Мушриклар Aллоҳ таолонинг борлигига, уларни ҳамда осмонлару ерни яратишга қудрати етишига ишонардилар. Лекин Аллоҳ таоло уларни қайта тирилтиришига ҳам қодир эканини инкор қилишарди. Шунингдек, улар Аллоҳ таоло қудрати етадиган барча ишда бут-санамларни ҳам шерик тутардилар. Шу сабабли ҳам сохта салафийлар даъво қилганларидек, на улуҳиятда ва на рубубиятда муваҳҳид саналмайдилар. Умуман олганда Аллоҳ таолога имон келтиришда улуҳият ва рубубятга ажратишнинг ўзи шариатда жорий бўлган эмас.
Хулоса қилиб айтганда, тавҳидни уч қисмга тақсимлаш – бидъат тушунча бўлиб, на Қуръони карим ва на саҳиҳ суннатга ва салафи солиҳларнинг сўзларига мувофиқ келади. Аксинча, Қуръон ва суннатда “рубубият” ва “улуҳият” тушунчалари ўзаро бир-бирини тўлдириб келади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги
Фатво маркази бош мутахассиси
Абдулатиф Турсунов
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати