Уломолар бидъатни икки қисмга бўлганлар:
бидъати ҳасана (яҳши бидъат амал) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат амал)(Нуҳзатул муттақийн,1 жуз, 160 бет).
Бидъати ҳасана (яхши бидъат) деб шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қушимча амалларга айтилади. Бунга Хазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу.)нинг ишларини мисол қилиш мумкин. У киши Рамазон ойида ўқиладиган таровеҳ намозини имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилганлар. Аслида суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) жамоат билан уқимас эдилар. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу.) эса, халифалик даврларида уни жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: "Кандай яхши бидъат бўлди" дедилар. Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, мавлуд ўқиш ва шунга ўхшаш дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Аллоҳга тақарруб ҳосил қилиш мақсадида бирор аслга суяниб қилинган ҳар қандай амал луғавий жихатдан бидъат деб номлансада, унга амал қилиш жоиз бўлади ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа (ёмон бидьат) эса, шаръий аслга эга бўлмаган бирор нарсани жорий қилиш ёки шаръий аслга хилоф равишда айрича талқин қилишдир. Бидъати саййа кўпинча эътиқод масалаларига тааллуқли бўлиб,шариаат кўрсатган эътикоддан четга чиқиш, эътиқодий масалаларда ғулувга кетишдир. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳи.)дан бир киши Қуръони каримдаги:
"(У) Арш узра "муставий" бўлмиш Раҳмондир" (Тоҳо,5) оятидаги "муставий" сўзининг кайфияти ҳақида сураганида, у киши: "Муставий"нинг маъноси маълум. лекин унинг кайфияти номаълум, аммо бу хақда савол бериш бидъатдир, деганлар ва у кишини мажлисдан ҳайдаб юборишга буюрганлар. Оятдаги "муставий бўлди"
ибораси тик турди, тўғри бўлди, чиқиб жойлашди, эгаллади каби маъноларни билдиради. Булардан қайси бири тўғри ёки нотўғрилиги устида ва Аллоҳнинг қандай кайфиятда муставий бўлиши ҳақида фикир юритиб ғулувга кетиш айни бидъати саййиадир. Бу каби оятларга фақат имон келтириб, Аллоҳдан эканлигини тасдиқлаб қўйишнинг ўзи кифоядир.
Уломолар бидъат аҳли билан ўтириш, улар билан ҳамсуҳбат бўлишдан қайтарганликлари ҳақида асарларда келтирилган. Жуладан, Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳи.) "Бидиъатчи фосиқ билан ўтирма, акс ҳолда қалбинг унинг гапига моил бўлади ва натижада ҳалок бўласан.
Унга қарши чиққан тақдирингда, қалбингга мараз киради", деганлар.
Яҳё ибн Касийр эса: Агар йўлда бидиъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет, деганлар.
Орифҳон Имомов Тўрақўрғон туман "Ҳўжа Калон Абдулмоний" масжиди имом хатиби
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқандга йўл олади. Улар янгидан бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги Инновацион музей билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида эса иштирокчилар учун шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар бўйлаб махсус дастур ташкил этилади, хабар бермоқда iccu.uz.
Ёдгорлик мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида, буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади.
Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.
Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.
Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам фаолият юритади. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.
Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.
Самарқанд босқичи 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми дастурининг бир қисми бўлади.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана