Cавол: Кимгадур бирон нарсани (пул)ни ваъда қилиб ёки бугун тайёр бўлади деб айтилган вақтга қилиб бера олмасам, айтган гапимни устидан чиқа олмасам, бунинг ҳукми қандай бўлади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусулмон киши ҳаром бўлмаган бирор ишга ёки нарсага ваъда берса, ваъдасини устидан чиқишга имкон қадар ҳаракат қилиши лозимдир. Бирор киши ваъдасини устидан чиқиш ниятида ваъда бериб, бирор узр сабабли ваъдасини бажара олмаса, гуноҳкор бўлмайди.
عن زيد بن أرقم عن النبي صلى الله عليه وسلم قال إذا وعد الرجل أخاه ومن نيته أن يفي له فلم يف ولم يجئ للميعاد فلا إثم عليه. (رواه أبو داود)
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Киши биродарига ваъдасига вафо қилиш ниятида ваъда берса, лекин ваъдасига вафо қила олмаса, ваъдалашган жойга кела олмаса, у кишига гуноҳ йўқ", дедилар (Имом Абу Давуд ривояти).
Аммо, ваъдани бажаришда сусткашлик қилса ёки бажармаслик ниятида ваъда берса-ю ваъдасини бажармаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Чунки ваъда бериб, узрсиз уни бажармаслик шаръан ҳаром иш бўлиб, мунофиқлик аломатидандир (“Мирқот ул-Мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримнинг Анфол сураси 60-оятида:
﴿وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ﴾
“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз!” деб отлар зикр қилинади.
Ушбу оятдан маълум бўладики, отда юришни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Отлар қадимдан инсон ҳаётида оғирини енгил, узоғини яқин қилувчи, жангларда эса муҳим восита ҳисобланган. Шунинг учун, ҳадиси шарифларда ҳам от минишни ўрганиш ва унда чопишга кенг тарғиб қилинган. Араблар аввалдан чавандозлик билан машҳур бўлганлар. Улар фарзандларини саккиз ёшга тўлмасданоқ от минишни ўргатганлар. Ислом дини ёйилгач, бу одатни янада кенгроқ тарғиб қилинди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога ўйинларингизнинг яхшиси отда чопиш, камондан ўқ отиш ва аҳлларингиз билан ўйнашишингиздир”, деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “От мининглар. Чунки бу отангиз Исмоил алайҳиссаломнинг меросидир”, деганлар. У зот ўзлари эгарсизотни бошқариш ва чопишда моҳир бўлганлар. Баъзан саҳобалари билан отда ҳам туяда ҳам мусобақалашиб турардилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Азбоъ деган туялари бўлиб, унда мусобақалашардилар. Бу туядан ўзадигани йўқ эди.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламунинг устида ўтирганларида бир аъробий келиб, ундан ўзиб кетди. Бу ҳолат мусулмонларга оғир ботди. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг дунёдаги нарсаларни кўтариши ва тушириши бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисдан уловларда мусобақалашиш жоизлиги, мусобақалашганда кимдир ютиб, кимдир ютқазса, атрофдагилар ортиқча безовталанмаслиги ва ҳар қандай пешқадам ютқазиши мумкинлиги тушунилади.
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу турли шаҳарларга мактуб жўнатганда, унда: “Фарзандларингизга сузишни ва чавандозликни ўргатинглар”, деб ёздирар эдилар.
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Миср волийси бўлганлар вау ерда кўплаб чавандозлик мусобақаларини ўказганлар.
Отда чопишкишининг жисмоний жиҳатдан чиниқиб, бақувват бўлишида муҳим воситадир. Унда инсон саломатлигига кўплаб фойдалар бор. Жумладан:
1. Отда чопиш очиқ ҳавода бўлгани туфайли нафас олиш тизимини яхшилайди.
2. Юрак уруши тезлигини меъёрига келтириб, танани кислород билан тўйинишини таъминлайди.
3. Танадаги қон айланиш тизимини яхшилайди.
4. Асаб тизими фаолиятини мўътадиллаштиради ва инсоннинг диққатини жамлаб ҳушёрлигини оширади.
5. Тана мускуллари қуввати ортади.
Доктор Саййид Муҳаммад Абдуннабий айтади: “Германияда ўтказилган тадқиқотлар натижасидан маълум бўлишича, отда юриш бел, бўғимлардаги оғриқни кетказади ва қад-қоматдаги нуқсонларни баратараф этади”.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли