Ҳозирги биз яшаб турган мусулмонлар жамиятини ичидан бузиб ва тафриқаларга сабаб бўладиган тахдидлардан бири такфир ҳисобланади. Такфир – мусулмон инсонни гуноҳи ёки хатоси сабаб кофирга чиқаришга айтилади. Такфир ходисаси дастлаб ҳазрати Али ҳалифалик даврида унга қарши чиққан хаворижлардан содир бўлган. Улар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган мусулмонларни кофирга чиқариб, уларни жонларини ва молларини ҳалол санаб уларни ўлдиришган ва молларини талон-тарож қилишган. Хатто хулофои рошидин бўлган Усмон ибн Аффон ва хазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳам кофирликда айблашган.
Афсуски ҳозирги кунда ҳам ҳаворижларни йўлини тутган турли диний мутаассиб ташкилотлар вакиллари мусулмонлар яшаётган ўлкаларни кофирлар юрти деб, ўзларига эргашмаган ёки қўшилмаган, у ерларда тинч омонликда, ибодатларини тўла тўкис бажариб келаётган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб уларни жонларини ва молларини ҳалол санаб, уларни ўлдириб мол-мулкларига эга чиқишмоқдалар.
Дарҳақиқат ислом динимиз калимани айтиб уни тасдиқ қилган мусулмонни кофир деб айтишдан қайтаради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларини бирида шундай дейдилар – “Уч нарса иймонни аслидандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кишига тегмаслик. Гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз. Амали сабабли уни исломдан чиқармаймиз”. Демак гуноҳи кабира қилиб қўйган мусулмон мадомики ўша гуноҳни ҳалол санамаса аҳли сунна валжамоа наздида у кишини кофирликка ҳукм қилинмайди. Агар тавба қилмай вафот этса гуноҳига яраша азобланади, лекин абадий дўзахда қолмайди.
Норин тумани “Қозоковул” жоме
масжиди имом хатиби Р. Алихонов
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати