Саудия Aрабистони фаровонлик ишлари департаменти Бош кенгаши “Нутқ лаззати” Қуръон ва азон айтиш мусобақасининг иккинчи босқичига жами 50 минг иштирокчидан 2116 нафари қабул қилинганини эълон қилди.
IQNA сайтининг “ал-Ахбар-24”га таяниб хабар беришича, “Ушбу мусобақанинг энг ёш иштирокчиси 5 ёшда, энг ёши каттаси эса 104 ёшда”.
Қуръони карим тиловати ва азон айтишга бағишланган “Нутқ лаззати” 2-халқаро танловининг биринчи босқичида дунёнинг 165 давлатидан 50 минг нафардан ортиқ киши иштирок этди.
Танловнинг дастлабки босқичлари шахсан ва иштирокчиларнинг видеороликларини ҳакамлар ҳайъатига юбориш орқали ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг Қуръони карим ўқилиши ва азон айтилган ҳолда олинган видеолавҳаларини кўриб чиқади ва сараланганлар кейинги босқичга ўтади.
Танловнинг якуний саралаш босқичи Рамазон ойида ўтказилади ва “МБC” телеканалида жонли эфирда намойиш этилади.
Саудия Aрабистони фаровонлик ишлари департаменти аввалроқ ушбу танлов ғолиблари учун 12 миллион Саудия реёли миқдоридаги маблағ мукофот тарзда тақдим этилишини эълон қилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон элчихонасида икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, цивилизациялар мулоқоти ва умумий меросга бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда ШҲТ Котибияти раҳбарияти, Пекинда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, вазирлик ва идоралар ходимлари, етакчи таҳлил марказлари, илмий-академик ҳамда маданий доиралар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашди.
Иштирокчиларга Ислом цивилизацияси маркази фаолияти кенг намойиш қилинди. Марказнинг ноёб концепцияси, асосий экспозициялари, илмий-маърифий йўналишлари ҳамда халқимизнинг бой меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича халқаро миссияси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақидаги фильм иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир давомида қатнашчилар эътиборига Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданияти, замонавий тараққиётини акс эттирувчи 100 дан ортиқ видео ва фотосуратлардан иборат кўргазма ҳавола қилинди.
Мутахассислар Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази жаҳон аҳамиятига молик йирик лойиҳа эканини эътироф этди. Дунёда ўхшаши бўлмаган бундай ноёб марказнинг ташкил этилиши давлат раҳбарининг ўз халқи тарихи ва маданий меросига бўлган чексиз ҳурматини акс эттириши, Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳасидаги юксак ўрнини яққол намоён этиши таъкидланди.
“Бугун биз тарихий воқеага – Тошкентда барпо этилган ва аллақачон глобал аҳамият касб этган Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам биноси тақдимотига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши бутун дунёга буюк цивилизациялар руҳини мужассам этган Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асл моҳияти ва ғоясини намоён этди”, – деди ШҲТ Бош котиби ўринбосари Суҳайл Хон.
Учрашувда қатнашган Пекин халқаро мулоқот клуби бош котиби Хань Хуа ҳам ушбу марказ ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази жаҳон маданияти ва санъатининг муҳим масканларидан биридир. Янги Ўзбекистонда бу жиҳат Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли яққол намоён бўлмоқда. У алоҳида таъкидлаганидек, мазкур муҳташам муассаса нафақат Ўзбекистон, балки бутун Шарқ цивилизациясининг бой маданий ва маънавий меросини дунёга тарғиб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати