Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

700 та китоб ёзган олим

08.01.2024   1147   1 min.
700 та китоб ёзган олим

Жалолиддин Суютий (849-911)

Олимнинг тўлиқ исми Абдураҳмон ибн Абу Бакр Жалолиддин бўлиб, она диёрлари бўлмиш Мисрнинг жанубидаги Асют шаҳрига нисбат берилиб, Суютий деб номланди.

Ҳадис, тафсир, тилшунослик, тарих, адабиёт, фиқҳ ва бошқа кўплаб илм соҳаларининг моҳир билимдони бўлган қомусий олимлардан саналади. Ҳижрий 849 (милодий 1445) йилда Қоҳирада туғилди ва шу шаҳарда ўсиб-улғайди.

Имом Суютий Шом, Ҳижоз, Яман, Ҳиндистон ҳамда Ғарбий Африканинг бир қатор мамлакатларига сафар қилди. Мисрда бир қанча нуфузли мансабларда фаолият кўрсатган. 40 ёшида барча мансаблардан воз кечиб, қолган умрини китоб ёзишга бағишлади. Бутун умри давомида 600 га яқин китоб ёзгани ривоят қилинган. Мисрлик машҳур профессор Аҳмад Шарқовий ўзининг "Жалол Суютий кутубхонаси" китобида алломанинг ёзган асарлари 725 тага етишини қайд этган.

Олимнинг машҳур асарлари:

  • “Ал-жомеъ ал-кабир фий аҳадийсин Назийр ал-Башийр”;
  • “Ал-жомеъ ас-сағир фий аҳадийсин Назийр ал-Башийр”;
  • “Ал-итқон фий улумил Қуръон”;
  • “Ад-дуррул мансур фит тафсир би-л-маъсур”;
  • “Танвирул ҳаваалик фий шарҳи Муваттоил Имами Малик”;
  • “Ал-хосоису вал-муъжизот ан-Набавийя”;
  • “Табақот ал-ҳуффоз”;
  • “Табақот ал-муфассирин”;
  • “Буғятул вуъот фий табақот ал-луғавиййин ван-нуҳот”;
  • “Ал-фарийда алфия фин-наҳв”;
  • “Алфия фий мусталаҳил ҳадис”;
  • “Ал-лаолиул маснуъа фил аҳадисил мавзуъа”;
  • “Тафсирул Жалолайн”. Ушбу тафсир Жалолиддин Маҳаллий билан ҳамкорликда ёзилган.

Бундан ташқари бир қанча шеърий девонлари ҳам бўлган. Аллома Жалолиддин Суютий ҳижрий 911 (милодий 1505) йилда Қоҳирада вафот этган.

Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Discover Pakistan” телеканалида Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий меросига бағишланган кўрсатув намойиш қилинди

06.08.2026   20690   2 min.
“Discover Pakistan” телеканалида Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий меросига бағишланган кўрсатув намойиш қилинди

Покистоннинг оммабоп “Discover Pakistan” телеканалида Ўзбекистонда бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бағишланган махсус кўрсатув эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Урду тилида намойиш қилинган мазкур телелойиҳа I Халқаро ислом цивилизацияси форумида иштирок этган “Discover Pakistan” ижодий жамоаси томонидан тайёрланган.

Унда форумнинг асосий натижалари, унинг халқаро аҳамияти ва Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари хусусида сўз юритилди.

Эфир давомида форум турли мамлакатлардан келган таниқли олимлар, диншунослар, давлат ва жамоат арбобларини бир майдонга жамлаган нуфузли халқаро мулоқот платформаси сифатида эътироф этилди. Муаллиф таъкидланганидек, анжуман диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, маърифий ислом ғояларини кенг тарғиб қилиш, экстремизм ва радикализмга қарши маънавий-маърифий ёндашувларни мустаҳкамлашга қаратилган долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Кўрсатувда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ислом маданияти ва цивилизациясига оид бой меросни халқаро майдонда тарғиб этиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Самарқанд, Тошкент ва Термиз каби илм-фан марказларининг жаҳон ислом цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Кўрсатувда форум иштирокчилари бўлган бир қатор хорижий олимларнинг интервьюлари ҳам ўрин олган. Хорижий экспертлар мазкур форум мамлакатлар ва турли халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этганини қайд этди.

 Теледастур бошловчиси айтганидек, форум доирасида қабул қилинган ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланмоқда ва улар илм-фан, таълим ва маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади. “Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда халқаро мулоқот майдонларини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди”, – дея таъкидлаган муаллиф.

“Discover Pakistan” телеканали орқали эфирга узатилган мазкур кўрсатув Покистон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой маънавий-маърифий мероси ва I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништиришга хизмат қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари