Мусулмонларнинг тўртинчи халифаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу даври Аллоҳ таоло ислом миллатини турли ихтилоф ҳамда қийинчиликлар билан синашни ихтиёр этган паллага тўғри келди. Али розияллоҳу анҳу халифалик мансабида тўрт йилу етти ой давомида турдилар. Али розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 40 йилида рамазон ойининг 16 куни эрталабки намозга масжиднинг эшигидан кираётган вақтларида Абдураҳмон ибн Малжам у кишининг қорниларига заҳарли қилич билан уради. Али розияллоҳу анҳу ўғилларига васият қилиб кейин вафот этадилар.
Шу даврда мусулмонларнинг орасида биринчи маротаба фирқа ва тоифаларга бўлиниш пайдо бўла бошлади. Бекордан бекор мусулмонлар бир бирларининг қонларини тўкиб, ўзаро адоватларини кучайтиришди. Мана шундай қон тўкишларнинг боши Жамал воқеасидан бошланган эди. Бу воқеада мусулмонлар орасида, яъни Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари билан уммул мўъминин Оиша онамиз тарафдорлари орасида қаттиқ жанг бўлиб мусулмонларнинг қонлари тўкилади. Бу воқеа чиройли сулҳ тузишлик билан якунланади. Кейин Сиффин воқеаси бўлиб ўтади.
Али розияллоҳу анҳу Жамал воқеасидан ҳануз тиниб-тинчимай туриб яна янгидан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Шом қўшини билан Али розияллоҳу анҳуга қарши курашга отлантираётгани хабари келиб қолди.
Али розияллоҳу анҳу ҳам 37 ҳижрий йилнинг 25 шаввол ойида тўқсон минг аскар билан биргаликда Сиффин деган жойга қараб юрдилар. Муовия розияллоҳу анҳу ҳам саксон беш минг аскар билан Фурот дарёсининг соҳилига келиб тушдилар.
Муҳаррам ойининг охирги кунига қадар икки ўртада тинчлик шартнома тузилди. Бироқ, икки тоифа ўртасида уруш алангасини бутунлай тўхтатишликка муваффақ бўлолмадилар. Сафар ойи кириб, ўртадаги шартнома битиши билан икки орада уруш бошланиб кетди.
Муовия розияллоҳу анҳу аскарлари чекинишга тушай деб қолгандилар. Бироқ шу пайтда Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу қўлларида Қуръонни кўтариб, Қуръон ҳукмига итоат этишга ҳар икки тарафни чақирган бўлдилар. Буни кўриб Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ўртасида ихтилоф пайдо бўлди. Ироқликлар «Аллоҳнинг китобига жавоб беришимиз керак», дедилар.
Хаворижлар ҳижрий 38, милодий 658 йилда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан «хаворижлар» номли алоҳида гуруҳ ажралиб чиқди. Аслида «хавориж» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» сўзидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилгани учун «кофир бўлди», деб фатво чиқардилар». Уларга ҳазрати Алининг ҳакамликни қабул қилганлари ёқмаган эди. Аслида хаворижларнинг ўзлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳакамликни қабул қилишга мажбурлашган эди, энди эса Муовияга қарши урушга қайтишни талаб қила бошладилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уларнинг талабини қабул қилмадилар.
Хорижийларнинг фикрича, эътиқод амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим. Гуноҳкор кишиларни жазолаш масалаларида хорижийлар муржиъийларга қарама-қарши турган.
Хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини амалга оширган ишларига қараб баҳолаш керак деб ҳисоблаб, уларнинг талқинидаги ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари суришган. Бундай қарашлар ўз навбатида ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқиши ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келган.
Умавий ва аббосий халифалар VII-IX асрларда хорижийларга қарши кескин кураш олиб борди. Бунинг натижасида хорижийлар қириб ташланди, улардан омон қолганлари Шимолий Африкада ўз давлатини ташкил этди. Хорижийлар халифаликдаги кўпгина қўзғолонларда қатнашган. Улар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали хукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берганлар.
Каъбул Ахбордан ривоят килинади: «Шаҳид учун иккита нур, хорижийларни ўлдирган кишиларга ўнта нур бор. Жаҳаннамнинг эшиги еттита бўлиб, уларнинг биттасидан фақат ҳарурийлар киради. Улар бир вақтлар Довуд алайҳиссаломга ҳам қарши уруш олиб борган».
Бани Саводдан ривоят килинади: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитдим: «Аллоҳ таоло мени ёмон кўрган қавмни ёмонлик билан дўзахга киргизади».
“Бир куни xорижийлар бир насронийни ушлаб олиб, унга яxшиликни ва ўзининг пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни буйруқларига риоя этишни тавсия қиладилар. Шу пайт уларнинг олдидан Абдуллоҳ ибн Ҳаббоб ўтиб қоладилар. У зот бўйниларига Қуръон осиб олгандилар. Шунда улар: “Сенинг бўйнингдаги китоб бизларга сени ўлдиришни буюради,” – дейишди. Улар Абдуллоҳ ибн Ҳаббобдан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳу ҳақида сўрадилар. Шунда Абдуллоҳ уларни мақтаб гапирдилар. Улар: “Сен Али розияллоҳу анҳуни “Таҳким” воқеасидан олдинги ҳолати ва Усмон розияллоҳу анҳуни xалифалик йилларидан дастлабки олти йилдаги холати ҳақида нима дейсан”- дейишди. У эса уларни яxшилик билан тилга олди. Улар Абдуллоҳдан “Таҳким” воқеаси ҳақида сўрадилар. У: “Мен Али розияллоҳу анҳуни сизлардан кўра Аллохнинг китобини билувчироқ ва сизлардан кўра ўз динини сақловчироқ деб биламан, деди. Ана шу сўзларни айтганидан кейин улар Абдуллоҳни дарё қирғоғига яқинроқ жойда сўйдилар. Шундан сўнг улар халиги насронийдан xурмо сотиб олиш учун у билан савдолашдилар. Насроний xурмони уларга текинга берди. Лекин улар буни қабул қилмай, фақат пул эвазигагина олишларини айтдилар. У эса: “Сизларга хайронман, Абдуллоҳдек одамни ўлдирасизлар, аммо xурмони текинга олмайсизлар”,- деди.
Ушбу қиссадан xорижийларни нақадар жоҳил эканлигини билиб оламиз. Чунки улар насронийнинг xурмосини пул бермасдан тортиб олишни гуноҳ санадилар. Унданда мудхиш гуноҳ бўлган мусулмоннинг қонини тўкишни эса мубоҳ деб билдилар. Xорижийлар тариxда ислом динига энг кўп зарар етказган оқимдир. Улар дастлабки пайдо бўлган оқим сифатида, ўзидан кейинги диний-экстремистик оқимларни вужудга келишига замин хозирлади.
Xорижийлар Қуръондаги ояти карималарни зоҳирий маъносига қараб ҳукм чиқарадилар. Улар бир қанча оятларни далил қилиб, катта гуноҳларни содир қилганлар кофир бўлади деган ҳукмни чиқарганлар. Аслида эса, улар ўзларига далил сифатида ушлаб олган ояти карималарда Макка мушриклари ҳақида ва уларнинг Ислом динини инкор этиб содир этган манфур ишлари боис кофир бўлганликлари хақида гап боради. У оятлардаги зикр қилинган кофирлардан мурод мусулмонлар эмас, балки Макка мушрикларидир. Xорижийлар нодонликлари туфайли ана ўша оятлардан кўзланган маънони нотўғри тушунганлар. Ана шу нодонликлари хамда динда ҳаддан ташқари ғулувга кетишлари уларни кўпдан-кўп xунрезликларни содир этишларига ва бунинг ортидан мусулмонлар жафо кўришига сабаб бўлди.
ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,
Самарқанд шаҳар Қорабой Оқсоқол жоме масжиди
имом-хатиби Бобобек Абдураҳимов
Ҳадисларнинг исломдаги юксак аҳамияти ва асосий йўриқнома экани, муқаддас динимизнинг барча жиҳатлари Суннатга боғлиқлиги худди Қуръони каби ҳадисларни ҳам Аллоҳ ҳимоя қилишини тақозо этади. Буни қуйидаги далиллар мисолида кўриш мумкин.
Биринчидан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – охирги Пайғамбар, у зот келтирган шариат қиёматгача қолувчи сўнгги шариатдир. Бу шариат ҳадислар билангина мукаммал бўлиб, унга фақат Суннат орқали комил амал қилиш мумкин. Демак, шариат қиёматгача ўзгаришларга учрамай сақланиши учун унинг икки асоси бўлмиш Қуръон ҳам, ҳадислар ҳам муҳофаза қилинган бўлиши шарт.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларида бунинг тасдиғи яққол намоён бўлади: «Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир. У гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир» [Тавба сураси, 32-33-оятлар].
«Аллоҳнинг нури» – Расулига юборган ҳидоят ва ҳақ дин. Бунга ҳам ваҳийнинг икки тури – Қуръон ва ҳадис киради. Бу нурни фақат Қуръон билан чеклашга ҳеч қандай асос йўқ, чунки ислом дини ҳадиссиз тўлиқ бўлмайди. Чунки, уни ҳадислардан айро ҳолда тасаввур қилиш имконсиздир.
Юқоридаги оятнинг маъносини қуйидагича тушуниш мумкин: «Кофирлар Аллоҳнинг динини ёлғон ва урушлар билан йўқ қилмоқчи бўлади, лекин буни уддалай олмайди. Улар қуёш нурини пуфлаб ўчирмоқчи бўлган нодонларга ўхшайди. Аллоҳ таоло Ўз динини муқаррар ғолиб қилади».
Учинчидан, Аллоҳ таолонинг мана бу каломи: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» [Ҳижр сураси, 9- оят].
Ушбу далил “зикр” сўзининг маъносига боғлиқ. Луғат китобларида, хусусан, «Ал-Қомус»да бу калима “дин тафсилотлари ва қонун-қоидалари баён қилинган китоб” деб таърифланган. Имом Роғибнинг «Муфрадот» асарида: «Ҳар бир ҳақ сўз зикр дейилади», деб айтилган.
Ибн Форис “китоб” сўзининг асли бир нарсани бошқасида жамлашни англатишини айтиб ўтган. Имом Роғиб эса, ёзувда ҳарфларни бир-бирига қўшиб тизиш «китобат» (ёзиш) дейилишини, бу сўз баъзан оғзаки нутққа нисбатан ҳам ишлатилишини қўшимча қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, гарчи ўша кезлари ҳали қоғозга туширилмаган бўлса-да, оятларда «китоб» деб номланган.
«Дин тафсилотлари баён қилинган китоб» сўзларига кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик» оятидаги “зикр” Қуръони карим экани аён бўлади. Кўпчилик уламо ва муфассирлар шу фикрда якдилдир. Бироқ “зикр” сўзи фақат Қуръонга хос эмас, балки кенг маъноли бўлиб, у бошқа нарсаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Масалан, «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўрангиз» оятидаги «зикр аҳли» олимлардир.
Шунга кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» ояти Қуръони каримнинг ўзгаришдан сақланишини очиқ-ойдин билдиради. Лекин фақат Қуръонни сақлашини англатмайди. Чунки Ҳақ таоло бошқа нарсаларни ҳам сақлаган, масалан, Пайғамбаримизни душманлар суиқасдидан асраган, шунингдек, Аршни, осмонлар ва ерни заволга юз тутишдан сақлаб туради.
Оятдаги муҳофаза қилиш ваъдаси аввалги илоҳий китобларга нисбатан қўлланган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло аввалги китобларни сақлашни ўша қавмларнинг ўзига топширган, улар эса буни уддалай олмаган эди. Оқибатда олдинги илоҳий китоблар ўзгартириб юборилганди. Қуръонни сақлашни эса Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олди.
Оятнинг маъно ва мақсадига қаралса, у исломни барча жиҳатлари билан сақлашни ўз ичига олади. Муқаддас динимизнинг иккинчи асоси бўлган ҳадислар ҳам шулар жумласидандир. Чунки Қуръонни сақлашдан мақсад исломни муҳофаза қилиш экан, у ҳадиссиз тўлиқ сақланиб қолмайди.
Қуръони каримни муҳофаза қилишдан асосий мақсад бандаларнинг унга амал қилишидир. Мусҳафи шарифдаги кўплаб ҳукмлар умумий ва қисқа берилган, уларни уларга ҳадис орқали батафсил тушунгачгина амал қилиш мумкин. Масалан, Аллоҳ азза ва жалла: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу Қуръон билан бирга унинг “баёни”ни – маъносини, тафсилотларини, яъни ҳадисларни ҳам Аллоҳ сақланишини тасдиқлайди.
Айнан шунинг учун ҳам улуғ имом Абдуллоҳ ибн Муборак ҳадиснинг муҳофаза қилинишига мана шу оятни далил қилиб келтирган. У кезларда уйдирма ҳадислар кўпайиб кетган эди. Бир куни одамлар: «Бу тўқилган ҳадислар нима бўлади?» деб сўрашганида, у: «Улар учун билимдон мутахассислар бор», деб жавоб бериб, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятини қироат қилган.
Бу билан улуғ имом ҳадислар ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканини тушунтирган. Ҳадислар мажмуидан ташкил топган Суннатни сақлаш эса билимдон муҳаддис олимлар орқали амалга оширилади. Улар ҳадисларни илм элагидан ўтказиб, саралаб, саҳиҳини заифидан, аслини уйдирмасидан ажратиб беради. Ислом тарихи давомида муҳаддислар айнан шу ишни қилди ва бу Аллоҳнинг ҳадисни сақлаш ҳақидаги ваъдасининг исботи бўлди.
Суннатнинг муҳофаза қилинишига бошқа далиллар ҳам бор.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканлари, у зотнинг дини қиёматгача боқий бўлиши учун исломнинг асоси бўлган ҳадислар ҳам сақланиши шарт.
Диннинг мукаммал қилингани Аллоҳ таолонинг «Бугун динингизни мукаммал қилиб бердим» [Моида сураси, 3-оят] деган сўзлари билан собит бўлган. Бу хитоб қиёматгача бўладиган барча замонларга тегишли. Диннинг мукаммаллиги эса ҳадислар сақлангандагина тамомига етади.
Аллоҳ Ўз нурини батамом қилиши – «Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир» [Тавба сураси, 32-оят] ояти ҳам исломнинг барча асослари сақланишини англатади.
Ҳадиснинг ваҳий экани бундай тасдиқланади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «“Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Гунглар огоҳлантирилган вақтда даъватни эшитмаслар” денг» [Анбиё сураси, 45-оят], деган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ҳам Қуръон, ҳам ҳадис билан огоҳлантирганлар. Демак, ҳадис ҳам Қуръон каби ваҳийдир. Суннатдан эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзлари далил бўлади: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича берилди”.
Қуръони каримдаги кўплаб ҳукмлар умумий бўлиб, улар ҳадисларда келган тафсилотларга муҳтож. Суннат муҳофаза қилинмаганида, Қуръон ҳукмларига амал қилиб бўлмас эди.
Аллоҳ таоло: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу оят ҳам ҳадиснинг сақланишини тақозо қилади, чунки тушунтирувчи манба йўқолса, Қуръони каримнинг мақсади амалга ошмай қолади.
Ҳақ таоло бундай марҳамат қилган: «Ким исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир» [Оли Имрон сураси, 85-оят]. Бу ҳукм қиёматгача яшайдиган барча инсонларга тааллуқли. Уларнинг дин бўйича ҳужжати тўлиқ бўлиши учун у аввало ўша авлодларга тўлиқ ҳолида етиб бориши керак. Ислом дини эса ҳадиссиз тўлиқ етиб бормайди. Демак, қиёматгача дин сақланиши учун ҳадислар муҳофаза қилиниши шарт.
Ҳадиснинг илоҳий муҳофазаси фаразнамо таъкид эмас, балки олимлар, айниқса, ҳадис илми ва ровийлар бўйича мутахассислар аниқ биладиган ҳаётий ҳақиқатдир. Ислом уммати ҳадисларни сақлашга, тўғрисини хатосидан ажратишга мисли кўрилмаган даражада катта аҳамият берган. Ҳадисларнинг мукаммал сақланганига фақат бу илмлардан бехабар бўлган жоҳиллар ё исломга зарар етказишни кўзлаган ғаламисларгина шубҳа қилади. Бу шубҳа замирида аслида илмий-мантиқий шубҳа-гумон эмас, ғараз ётган бўлади.
Ислом уламолари юқоридагилардан келиб чиқиб, Суннат ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳнинг ҳимоясида, деган хулосага келган.
Имом Шофеий таъкидлаганидек, Суннат уламолар орасида тўлалигича сақланган. Тўғри, бир олим барча ҳадисларни билмаслиги мумкин, лекин у бехабар бўлган ривоятдан бошқа бир олим, албатта, бохабар бўлади. Шу тариқа барча олимларнинг билганлари жамланса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари тўла-тўкис намоён бўлади. Ҳеч бир ҳадис бутунлай йўқолиб кетмайди.
Имом Ибн Ҳазм ҳадисларнинг Қуръони карим каби Аллоҳ томонидан сақланишига бир қанча оятларни далил қилиб келтирган. Аввало айтиш керакки, у ҳам «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятидаги зикр сўзини барча ваҳийларга тегишли деб билади.
Олимнинг фикрича, Қуръон ва ҳадислар бир-бирини тўлдиради. Иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келгани учун ҳам шундай. Мана шундан келиб чиқиб, иккисидаги ҳукмларга бирдек итоат қилиш лозим.
“Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман”. Ҳақ таоло инсонларни тўғридан-тўғри эмас, пайғамбарлар орқали огоҳлантиради. Пайғамбарлар, хусусан, Набий алайҳиссалом инсонларни нафақат оятлар билан, балки ҳадислар билан ҳам огоҳлантирганлар. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ваҳийдир. Ваҳий (зикр) эса Қуръондаги илоҳий ваъда билан муҳофазага олинган.
Аллоҳ таоло бир нарсани сақлашни ўз зиммасига олдими, демак, у йўқолиб ҳам кетмайди, ўзгариб ҳам қолмайди. Диннинг қайсидир бир жиҳати йўқ бўлиб кетса ёки у ҳақ билан ботилни ажратиб бўлмайдиган даражага тушиб қолса, илоҳий ваъда қуруқ гап бўлиб қолар эди. Ваҳоланки, Қодир Парвардигордан Унинг Ўзига маломат келтирадиган калом нозил бўлиши ҳар қандай мантиққа зиддир.
Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин қандай бўлган эса, қиёматга қадар шундайлигича қолади. У зот айтган динга оид бирор сўз йўқолиши ёки унга биронта уйдирма гап мутлақо ажралмайдиган бўлиб аралашиб қолиши асло мумкин эмас.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, Аллоҳ таоло Мусҳафи шарифда намоз, закот ва ҳаж каби амаллар қисқа тарзда айтилган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни одамларга тушунтириб беришни буюрган. Эътибор берсак, уларнинг қандай бажарилиши фақат ҳадислар орқали маълум бўлади. Бу кўрсатмалар сақланмаганида, ишончли бўлмаганида эди, дин арконларига амал қилишнинг имкони қолмас, фарз амаллар қатъий қоидалар асосида эмас, пала-партиш ва бетартиб бажариладиган бўларди. Баъзилари ҳатто бекор бўлиб ё унутилиб, йўқолиб ҳам кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.
Бу шуни англатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин борасида айтган ҳар бир сўзлари Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлиб, унга ҳеч қачон ёт нарсалар ажратиб бўлмайдиган даражада аралашиб кетмайди.
Сўз сўнгида халқ орасидаги “жўн гап”га ҳам мурожаат қилсак. Исломда “Қуръонда зикр қилинган нарса қиёматгача йўқолмайди” деган тушунча бор. Бунинг маъноси шуки, Қуръони карим муҳофазада экан, унда қайд этилган нарсалар келгуси авлодлар учун тушунарсиз, мавҳум, унутилган бўлиб қолмайди, балки Мусҳафи шарифдек сақланади. Шунга мувофиқ фикр юритадиган бўлсак, Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш – буюрганларини бажариш, нимадан қайтарган бўлсалар, уларни тарк қилиш – амри бор. Бу илоҳий амр ҳам – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари қиёматгача сақланишини англатади. Негаки, Суннат сақланмаса, унга амал қилишни амр этишда маъно ва мантиқ қолмасди. Ҳақ таолонинг амри эса, боя таъкидланганидек, Унинг Ўзига маломат келтирадиган гап эмас, балки илоҳий ҳикматдир.
Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими