Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Бемазҳаблик фитнадир

20.01.2023   2894   1 min.
Бемазҳаблик фитнадир

Муайян мазҳабларга эргашишнинг гўёки мусулмонлар яхлитлигини бузувчи амал сифатида танқид қилиниши. Ислом оламидаги етакчи фиқҳий уламолар ҳозирги кунда тўртта сунний мазҳаб асосчилари каби шаръий далиллардан ҳукм чиқара оладиган мужтаҳид имомлар йўқлиги сабабли мусулмонлар ушбу имомлардан бирига, яъни ўз юртида кенг тарқалган мазҳабга эргашишлари лозимлигини айтишади. Бунинг сабаби шуки, диний масалаларда етарли билимларга эга бўлмаган одам Қуръон ва ҳадислардан мустақил шаръий ҳукм чиқара олмайди. Мазҳабларда эса шаръий масалалар ислом таълимоти, халқнинг урф-одатлари, қадриятлари, миллий хусусиятларидан келиб чиқиб, энг мос кўринишда ҳал қилинади.

Экстремистик гуруҳлар “кимки ўзини бирор-бир қавмга ўхшатса, у ўшалардан” деган ҳадисни мусулмонларга аҳли китоб (яҳудий ва насроний вакиллари) билан алоқа қилиш, улар кийган кийим (костюм-шим, кепка ва ҳ.к.)ларни кийиш ман этилган, деган маънода бузиб талқин қилади. Аслида ҳадис ақидавий мазмунга эга бўлиб, унда имон асосларидан четга чиқмаслик назарда тутилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада ва муомалада бўлганликлари. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар қилган ҳадяларни қабул қилганлар. Бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийганлар. Бундан экстремистлар ўз ғоя ва фаолиятини асослаш мақсадида Ислом манбаларидан иқтибослар олиб, етарли илм ва тажрибага эга бўлмаган издошларини мутаассибона тарбиялашда фойдаланганлигини хулоса қилиш мумкин.

 

Янгиқўрғон тумани "Шохўжабой" жоме масжиди имом хатиби Тохиржон Болтабоев

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир

03.09.2026   33662   4 min.
Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).


Уламоларнинг баъзилари: “Барча яхшиликлар шу ҳадисда жамланган”, деган бўлсалар, айримлари: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир, чунки ҳукмлар Ҳақ таолога ёки махлуқотларга тегишли бўлади. Ушбу ҳадис махлуқотларга тегишли ҳукмларни ёритиб берган”.


“Жомеъул кабир” китобида Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Салом айтади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Менга қўшним озор беряпти”, дедим. Шунда у зот: “Сабр қил”, дедилар. Иккинчи марта келганимда ҳам: “Сабр қил”, дедилар. Учинчи бор келганимда: “Кўч-кўронингни йиғиштир-да, кўчага олиб чиқ. Ким учраса, унга: “Қўшним менга озор бермоқда”, деб айтгин”, дедилар. Шу сабаб ўша қўшнинг инсонларнинг маломатига қолади» деб, сўнгра: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин”, дедилар.


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса…” жумласидаги “иймон”дан мурод “мукаммал иймон”дир. Аллоҳ ва охират кунига хосланганининг ҳикмати шуки, Яратган Зотга ва қиёматда амалига яраша жазо берилишига иймон келтирган киши “Яхши гап гапирсин ёки жим турсин”.


Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар бир киши гапиришни хоҳласа, гапирадиган гапи ҳақиқатан яхши ва савобга лойиқ бўлса, гапирсин. Агар гапирмоқчи бўлган гапи ҳаромга ёки макруҳга элтадиган бўлса, тийилсин”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У (инсон) бирор сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)”, деган (Қоф сураси, 18-оят).


Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд Моликий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Барча яхши одоблар тўрт ҳадисдан тармоқланади:

  1. “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин”;
  2. “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир”;
  3. “Ғазабланма”;
  4. “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам раво кўрмагунигача мўмин бўла олмайди”.


Луқмони Ҳаким ўғлига бундай васият қилган: “Агар гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир”.


Ибн Муборак айтади: “Агар гап Аллоҳ таолонинг тоати борасида бўлса, кумушдир, Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан сукут қилмоқ эса олтиндир”.


Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсонларнинг энг яхшиси ўз тилига эгалик қила олганидир”.


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”. Қўшнига яхшилик қилиш, унга озор бермаслик мўмин киши Исломининг тўғрилиги ва иймонининг комиллигидан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўз Каломида бундай деган: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ димоғдор ва мақтанчоқ кимсани суймас” (Нисо сураси, 36-оят).


Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «“Аллоҳга қасам, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди, Аллоҳга қасамки, мўмин бўла олмайди”. Шунда Расулуллоҳдан сўралди: “Эй Аллоҳнинг Расули, ким у?” У зот: “Қўшниси унинг озорларидан, ёмонликларидан ва азиятларидан омонда бўлмаган киши”, дедилар».


“Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”. Бу хислат пайғамбарларнинг ва солиҳ кишиларнинг хулқлари, одатлари ва Исломнинг гўзал одобларидандир. Иброҳим алайҳиссалом “Меҳмондўстларнинг отаси” деб куняланган. Чунки у зот бир ёки икки мил (ўртача 4000 қадам) юриб, шу аснода дуч келган кишини уйига олиб келиб меҳмон қилган. 


Ўткир МАҲМУДОВ,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Гапириш кумуш бўлса, сукут олтиндир