Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари диний таълимни ҳанафия уламоларининг кўзга кўринган машҳур намояндаларидан олганлари ва диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга эканликларига ёзиб қолдирган асарлари гувоҳлик беради.Имом яшаган даврда ақида уламолари икки асосий манбага суянганлар. Биринчиси — оят ва ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобеъинларнинг ижмо ва ижтиҳодлари, яъни нақлий далиллар. Иккинчиси — ақлий далиллар. Имом Абу Мансур Мотурудий эса бошқаларга тақлид қилмадилар, балки нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқардилар. Ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади.Ваҳоланки, салаф уламоларининг кўпчилиги бу далилларни тан олмас эдилар, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланардилар. Шайхимиз эса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда истифода этиб, ўртаҳолликни ихтиёр қилган эканлар.Дарҳақиқат, нақлий далилларни яхши англаш учун ақлий далилларни ҳам пухта билиш шартлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ақл имкониятининг ҳам чегараси борлигини эътиборга олиб, Шайх кўп жойларда инсон ақли жуда кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқдириб ўтадилар. Шу билан бирга, ақлнинг Аллоҳ томонидан ато этилган энг буюк мислсиз неъмат экани, ундан оқилона фойдаланиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтадилар.Абу Мансур Мотуридий мусулмонларни тарқоқликга олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда биринчилар сафида бўлдилар.Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрлардан турли эътиқодий тоифалар ривожланиб, мусулмон умматини тафриқага сола бошлади. “Сен кофир”, “сен мунофиқ” каби даъволар кўпайгандан кўпайди. Шу даврда Имом Мотуридий бизнинг диёрларда етишиб чиқиб Аҳли сунна вал жамоа ақидасини баён қилиб, халққа тушунтирдилар, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтардилар. У зотнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, ислом умматини яна қайтадан жамлаш, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди.
"Жўйбори Калон" таълим муассасаси ўқитувчиси: А.Жамилова
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати