Сохта салафийларнинг кўплаб ботил даъволари бўлиб, улардан айримларини келтириб ўтамиз.
Улар: – Қуръон ва суннат матнларининг зоҳири билан чекланиб, юзаки ҳукм чиқарадилар; – “такфир” (ўзгани куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) каби диний атамалардан фойдаланиш орқали мусулмонларни ватангадо қиладилар;
– фиқҳий мазҳабларни бидъат деб бемазҳабликни тарғиб қиладилар;
– тасаввуф ва урфни шариатга хилоф деб ҳисоблайдилар;
– ғайридинларга ўта муросасиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар. .
Сохта салафийларнинг ҳанафий мазҳабига зид асосий даъволари қуйидаги ғояларда ўз аксини топади:
– “Исолус-савобга” (إِيصَالُ الثَّوَابِ), яъни бировларга атаб қилинган савобларнинг уларга етиб боришига муросасиз муносабатда бўладилар. Масалан, маййитга Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобнинг етиб боришини инкор этадилар;
– “Васийла” (الْوَسِيلَةُ), яъни дуо жараёнида Пайғамбар алайҳиссаломнинг номларини тилга олишни ёхуд дуо қабул бўлиши учун у кишини воситачи қилишни ширк деб биладилар;
– қабрларни зиёрат қилиш ва марҳум кишиларга Қуръон тиловат қилишни бидъат деб ҳисоблайдилар. Мақбара ва мозорларни зиёрат қилувчиларни “қубурий” (яъни қабрларга сиғинувчи)лар деб аташдек жирканч иш қиладилар;
– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб, уни рад этадилар;
– ўзларини “юқори табақа мусулмонлари” деб ҳисоблаб, мазҳабларга мансуб мусулмонларни паст табақа, заиф ва ноқис мусулмонлар деб биладилар. Улар ўзларини салафларга эргашувчилар деб ҳисоблаб, мазҳабдаги мусулмонларни эса айрим олимларгагина эргашадилар деб даъво қиладилар.
Ҳозирги кунда замонавий салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин:
Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу жадаллар билан ҳаракат қиладиган кескин фикрдаги салафийлар.
Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга итоат этадиган ва қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган “мўътадил” салафийлар деб ҳисоблайдиганлар. Улар ўзларини диний мутаассибона қарашларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар.
Ҳозирда сохта салафийлик ғоялари остида, асосан, Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳаракатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.
«Сохта салафийларнинг саёз сабоғи»
китобидан
Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Хорижий талабалар таълимини ривожлантириш марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган араб тили бўйича малака ошириш дастури якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курси араб тили ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик ёндашувлар ва тил ўқитишнинг илғор методикаларини ўрганишга қаратилди.
Дастур якунида ўтказилган тантанали маросимда марказ раҳбари, профессор-доктор Наҳла ас-Саидий иштирокчиларга сертификатларни топширди. У мазкур ташаббус Ал-Азҳарнинг араб тилини халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган лойиҳалари доирасида амалга оширилганини таъкидлади.
Тадбир давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Наҳла ас-Саидий Тошкент ислом институти билан академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма дастурларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ташаббусини илгари сурди.
Ўз навбатида, Тошкент ислом институти вакиллари дастур юқори савияда ташкил этилгани учун Ал-Азҳар университети раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати