Баъзи шахс ва жамоалар ўзларидан ислом етакчилари ясаб олишади. Улар ўз мабдаъларини, фикрларини, режаларини ва стратегияларини тузиб олиб сўнгра Қуръони каримдан ўша мабдаъларини қўллаб қувватлайдиган ҳужжат қидиришади. Улар ўзларини ислом етакчилари деб ҳисоблашади, динга эргашувчилар эмас.
Айнан ана шу иш Аллоҳга қарши боришдир. Исломни сохталаштиришдир. Ана шу касофатлар сабаб майдонда "мўътадил ислом", "радикал ислом", "сиёсий ислом", "ислом экстремизми", "ислом терроризми" каби атамалар пайдо бўлди.
Аслида ислом битта. Уни Қуръони карим ва суннати набавийя ифода этади. Ана шу асл исломни ифода этадиган Қуръони каримни ва суннати набавийяни фақатгина покизалар фаҳмлаши мумкин. Яъни, ҳавойи нафсидан покизалар, шахсий ғаразлардан покизалар...
Аллома Абул Ҳасан Надвий раҳимаҳуллоҳ ўзининг китоби муқаддимасида айтади:
"Бу китобни ёзишдан мақсадим бир ғояга асос солиб сўнгра тарихни ўша ғояга бўйсундириш эмас. Тарихни холис (беғараз) ўрганишдир".
Биз ўз қарашларимизга диндан ҳужжат-далил қидиришимиз керак эмас, балки қарашларимизни динга мослаштиришимиз лозим. Зеро динни биз эмас, аксинча дин бизни бошқаради!
Манбалар асосида таёрланди
Фазлиддин Салимов
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Эрали эшон бобо" жоме масжиди замонавий асосда қайта қурилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.
Масжиднинг очилиш тантанасида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, янги масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини сўраб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган саховатпеша инсонлар ҳаққига эзгу тилаклар билдирилди.
Маълумот ўрнида, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш сиғимига эга.
Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматга қадар Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тараладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати