Баъзи шахс ва жамоалар ўзларидан ислом етакчилари ясаб олишади. Улар ўз мабдаъларини, фикрларини, режаларини ва стратегияларини тузиб олиб сўнгра Қуръони каримдан ўша мабдаъларини қўллаб қувватлайдиган ҳужжат қидиришади. Улар ўзларини ислом етакчилари деб ҳисоблашади, динга эргашувчилар эмас.
Айнан ана шу иш Аллоҳга қарши боришдир. Исломни сохталаштиришдир. Ана шу касофатлар сабаб майдонда "мўътадил ислом", "радикал ислом", "сиёсий ислом", "ислом экстремизми", "ислом терроризми" каби атамалар пайдо бўлди.
Аслида ислом битта. Уни Қуръони карим ва суннати набавийя ифода этади. Ана шу асл исломни ифода этадиган Қуръони каримни ва суннати набавийяни фақатгина покизалар фаҳмлаши мумкин. Яъни, ҳавойи нафсидан покизалар, шахсий ғаразлардан покизалар...
Аллома Абул Ҳасан Надвий раҳимаҳуллоҳ ўзининг китоби муқаддимасида айтади:
"Бу китобни ёзишдан мақсадим бир ғояга асос солиб сўнгра тарихни ўша ғояга бўйсундириш эмас. Тарихни холис (беғараз) ўрганишдир".
Биз ўз қарашларимизга диндан ҳужжат-далил қидиришимиз керак эмас, балки қарашларимизни динга мослаштиришимиз лозим. Зеро динни биз эмас, аксинча дин бизни бошқаради!
Манбалар асосида таёрланди
Фазлиддин Салимов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Фарғона вилояти туман-шаҳар бош имом-хатиблари ва отинойилари иштирокида таҳлилий йиғилиш ўтказдилар.
Йиғилишда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят ҳокими ўринбосари Бурҳонжон Қўлдошев, соҳа масъуллари ва бош имом-хатиблар иштирок этиб, ҳудудда амалга оширилган хайрли ишлар ва олдинда турган долзарб вазифаларни муҳокама қилдилар.
Мажлисда Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, янги масжидлар, Қуръон курслари ва мажмуалар барпо этилаётгани, хусусан, жорий йилда Қўқон шаҳрида “Масжидул Латиф”, Қўштепа туманида “Умар ибн Хаттоб” ҳамда Ёзёвон туманида “Ал Фарғоний” жоме масжидлари фойдаланишга топширилгани, Қўқонда янги тажвид курси иш бошлаганини алоҳида эътироф этдилар.
Йиғилишда ўтган давр мобайнида имом-хатиблар ва отинойилар томонидан 42 мингта маърифий тадбир ўтказилгани, 6 500 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилгани, 6 000 нафар мигрант оилалари ҳолидан хабар олингани ҳамда 400 та ажрим ёқасидаги оила яраштирилгани ижобий баҳоланди.
Шунингдек, ҳомийлар ва имомлар ташаббуси билан эҳтиёжмандларга 3 млрд сўмлик ва мадрасаларга 136 млн сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилиб, 3 та оилага янги уй қуриб берилгани мамнуният билан қайд этилди.
Шу билан бирга, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Имом-хатибларга аҳоли орасида тарғибот-ташвиқотни кучайтириш, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида масжидларни обод қилиш топширилди.
Оилавий ажримларнинг олдини олиш ва ижтимоий тармоқларда нотиқ имом-хатиблар томонидан тайёрланган видеомаърузаларни кенг тарқатиб, ахборот маконида соғлом эътиқод муҳитини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида Муфтий ҳазратлари ҳар бир ходим ўзини шариат ходими сифатида англаб, тақво, ҳалоллик ва юксак масъулият билан халқимизга хизмат қилиши лозимлигини уқтирдилар.
Фарғона вилояти вакиллиги мутахассислари учун яратилган шароитлар ҳам кўздан кечирилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати