Жаҳолат ва жоҳилликнинг энг асосий давоси китоб ўқишдир. Зеро, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Унга ошно киши дунё ва охират шарифи бўлган илмни эгаллайди.
Aлҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳаларга оид бўлган китоблар ва адабиётлар кун сайин ортиб бормоқда. Биргина диний йўналишда тафсир, Қуръони карим маънолар таржимаси, ҳадис, ақида ва бошқа фанларга оид кўплаб китоблар она тилимизда нашр этилмоқда. Уларни мутолаа қилиш керак, холос.
Ўтмишда ота-боболаримиз Қуръон, ҳадислар билан биргаликда “Хамса”, “Бобурнома”, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” сингари бадиий адабиётлар ва халқ оғзаки ижоди намуналарини ўқиб-айтиб улғайишган. Бугун орамизда бу бебаҳо маънавий бойликни қадрига етмаётганлар ҳам талайгина. Аксарият ёшлар ҳам, катталар ҳам ижтимоий тармоққа боғланиб, китоб мутолаасига беэътибор бўлмоқда. Натижада уларнинг маънавияти, тафаккур қуввати заифлашди. Ҳаётда рўй бераётган айрим нохушликларнинг илдизи эса ўша илмсизлик ва китоб ўқимасликнинг аччиқ мевасидир. Бундай нохуш ҳолатлардан сақланиш учун ақлни илм ва китоб мутолааси билан чархлаб туриш лозим.
Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун келиб эскиради, бироқ инсониятнинг минг йиллар давомида қўлга киритган дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Буни улуғ зотлардан бизгача етиб келаётган бебаҳо асарлардан англаш мумкин.
Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларидан хурсанд бўлиб: “Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган”, деганлар.
Буюк муҳаддис Имом Aбу Довуд Сижистоний ўзига кийим тиктирганида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар, қаерга борса, ўша енгларида китоб бўлар экан. Бўш вақт топилди дегунча, китоб мутолаасига киришар экан.
Машҳур уламолардан Aбул Фараж ибн Жавзий бундай дейди: «Мен китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Aгар ўзим ўқиб кўрмаган бирорта китобни кўриб қолсам, гўёки хазинанинг ичига тушиб қолгандек бўлардим. Aгар, “йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман”, десам ҳам, муболаға қилмаган бўламан, лекин китоб ўқишда давом этаман», деган экан.
Ҳасан ибн Саҳл айтади: «Маъмун ухлаганда атрофида китоблар турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир эди. Уйқудан уйғониб кетганда ҳам китоб ўқир эди. У инсон шундай васият қилар эди: “Ёлғизлик ваҳшатини китоб ўқиш билан енггин. Aлбатта, китоблар сўзловчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”».
Ҳусайн Воиз Кошифий: “Aхлоқи Муҳсинин” асарида бундай дейди: “Энг яхши суҳбатдош ва энг мақбул дўсти улфат улуғларнинг китобидир”. Жалолиддин Румий маснавийларида келадики: .
Излама китобдан яхшироқ ҳамдам,
Чунки суҳбатдошдир ҳар қачон, ҳар дам.
У дилга роҳату жонга ородир,
Сен неки истасанг, унда пайдодур.
Бундоқ латиф ҳамдам ким кўрмиш, эй ёр,
Ундан ранж ҳам етмас, ранжитмас зинҳор.
Китоб илму дониш ва маънавий озуқа ҳосил қилишнинг асосий манбаидир. Шундай экан, китобни дўст билмоқ ва унга эҳтиром кўрсатмоқ ҳар биримизнинг вазифамиздир. .
Отабек ЮЛДОШЕВ,
Арнасой тумани бош имом-хатиби
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати