Экстремизм - жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.
Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир.
Экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Юқорида қайд этилганидек, экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.
“Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар.
Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”.
Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.
Уйчи туман бош имом-хатиби
Олимхон Исаков
Тадбирни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов очиб бериб, мазкур беллашув диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасидаги жамоавий ҳамжиҳатликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан жамланган жамоалар қизғин ва муросасиз баҳслар олиб борди. Иштирокчилар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, шунингдек, мамлакатимиз қонунчилиги ва миллий қадриятларга оид саволлар орқали ўзларининг интеллектуал салоҳияти ҳамда тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, энг билимдон жамоалар ғолибликни қўлга киритди:
1-ўрин — Жалақудуқ тумани;
2-ўрин — Қўрғонтепа тумани;
3-ўрин — Хўжаобод тумани.
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Илм-маърифат йўлида беллашган барча иштирокчиларни муборакбод этиб, уларнинг келгуси хайрли фаолиятларида Аллоҳ таолодан барака ва зафарлар тилаймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати