Ҳозирги кунда сохта салафийликка мансуб деб ҳисобланадиган юздан ортиқ ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улар қаторида «ат-Тавҳид вал-жиҳад» («Яккахудолик ва жиҳод», Фаластин), «Ат-талиъа ал-муқатила» («Жангчи авангард», Сурия), «Фатҳ ал-ислам» («Ислом фатҳи», Ливан), «Жайш ал-Қудс ал-исламий» («Муқаддас ислом армияси», Иордания), «Ҳаракат аш-шабаб ал-мужаҳидин» («Мужоҳид ёшлар ҳаракати», Сомали), «Жайш Аби Бакр ас-Сиддиқ ас-салафий» («Абу Бакр Сиддиқ салафий армияси», Ироқ), «Ҳумаат ад-даъва ас-салафия» («Салафий даъват ҳимоячилари», Жазоир), «ал-Жиҳадия ас-салафия» («Салафийлик жиҳоди», Марокаш), «Толибон» («Талабалар», Афғонистон), «Туркистон ислом ҳаракати» («ТИҲ», собиқ «Ўзбекистон ислом ҳаракати»), «Иттиҳад ал-жиҳад ал-исламий» («Ислом жиҳоди уюшмаси», «ТИҲ» таркибидан ажралиб чиққан гуруҳ), «Жамаат Ансаруллоҳ» («Ансоруллоҳ жамоати», Тожикистон), «Жундул хилофа» («Халифалик лашкарлари», Қозоғистон), «Жайшул-Маҳдий» («Маҳдий армияси», Қирғизистон) ва бошқа бир қатор ташкилотларни санаб ўтиш мумкин.
Қандай шаклда чиқмасин ва қандай ғоя остида ҳаракат қилмасин сохта салафийликнинг бузғунчи моҳияти ўзгармай қолмоқда. Буни унинг ислом асослари бузилишига олиб борадиган:
– Қуръон оятларини сўзма-сўз талқин қилиш, оятларнинг мажозий маъноси борлигини рад этиш;
– тавҳиднинг яхлит, бўлинмаслигини инкор этиш;
– мавлудни нишонлаш ва Расулуллоҳнинг шафоатидан умидвор бўлишни инкор этиш;
– ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблаш;
– жиҳодни исломнинг олтинчи аркони, деб эълон қилишдек ғоялар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Чуст тумани бош имом-хатиби Б.Шарипов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ