Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448

Саҳобалар фитналардан холи зотлардир

26.12.2022   2718   10 min.
Саҳобалар фитналардан холи зотлардир

Тарихни ўрганаётган инсон аввало, эътибор қаратиши керак бўлган нарса бу ундаги маълумотларнинг нечоғлик саҳиҳ ва тўғри эканлигидир. Агар тарих саҳиҳ масдарларга асосланган бўлса, унинг натижаси манфаатли бўлади. Агар аксинча бўладиган бўлса, натижа ҳам ўзига яраша бўлади. Тарих суяниши керак бўлган масдарларнинг биринчиси Қуръони каримдир. Чунки Аллоҳ таоло у ҳақида «Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас. (У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан  нозил қилингандир»[1] , деб марҳамат қилган. Қуръонда кўплаб тарихий воқеа ва ҳодисалар баён қилинган. Баъзи ўринларда воқеаларнинг тафсилотига киришилган бўлса, баъзи ўринларда ҳолатга қараб унинг тафсилотига киришилмаган.

         Қуръондан кейин суяниладиган ишончли масдар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислардир. Расулуллоҳнинг баъзи ҳадисларида ўтган умматларнинг қиссалари ва сийрат асрида рўй берадиган воқеалар баён қилинган.

Учинчи масдар эса бу ишончли тарих манбаларидир. Бу тарих китобларидаги маълумотларнинг санади, исноди, ривоят қилган шахслари ва китоб муаллифлари саҳиҳ бўлиши лозимдир. Тарихларнинг энг ишончлиси шубҳасиз, Пайғамбарларнинг тарихидир ва буларнинг бошида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихлари туради. Ундан кейин хулафои рошидинлар Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумларнинг тарихларидир. Лекин тан олиш керакки, Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликларининг охирги йиллари ва Ҳазрати Алининг халифалик даврларида юз берган фитналар ҳақида баъзи тарих китобларида саҳиҳ бўлмаган, балки шиа ва рофизийлар томонидан тўқилган ривоятлар ҳам кириб қолган. Уларда саҳобаи киромларга нисбатдан тана тошлари отилиб, уларнинг шаънларига тўғри келмайдиган  маълумотлар келтирилган. Бу борада аҳли сунна вал жамоанинг тутган йўли Аллоҳ таоло айтгандек ва Расулуллоҳнинг сўзига итоат қилган ҳолатда қалб ва тилларни саломат сақлашликдир. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда “Улардан кейин келганлар:”Ей Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Ей Роббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дерлар[2] , деб марҳамат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг саҳобаларимни сўкманглар. Менинг нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз Уҳуд тоғидек олтин инфоқ қилса улардан бирининг бир муддига ва ярим муддига етмайди» деганлар. Рофизийя фирқасига мансуб бўлганлар бу ҳадисга хилоф улароқ Расулуллоҳнинг саҳобаларини сўкишгача етиб борганлар.[3] Баъзи тарих китобларида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни ўлдирилиш фитнасида саҳобаларнинг тутган йўллари тўғрисида уларнинг шаънига нолойиқ бўлган сўзлар кириб қолган. Тарихчиларнинг кўплари бунга сабаб рофизийлар қилган ривоятлар дейдилар. Шияликка мойил бўлган Абу Мухниф кабиларнинг китобларида саҳобаларга нисбатан уларнинг фитнани уюштиришда ва уни қўзғатишда иштирок этган деган айбларни қўядилар. Буларнинг барчаси рофизийларнинг ёлғон, ботил ва ҳеч қандай далилга асосланмаган гапларидан бошқа нарса эмас.  Ҳолбуки, тарих китоблари саҳобаларнинг Усмон розияллоҳу анҳунинг қонини тўкишдан пок эканликлари, аксинча, фитнани бостиришда унга ёрдамчи бўлганликларини қувватлайдиган далиллар билан тўладир. Саҳобаи киромларнинг барчалари Усмон розияллоҳу анҳунинг қонидан покдирлар. Ким бунга қарши гап айтадиган бўлса унинг гапи ботилдир. Шунинг учун ҳам Халифа ўзларининг тарихларида Абдул Аъло ибнул Ҳайсамдан, у киши оталарида ривоят қилиб айтадилар: “Мен Ҳасанга “Усмоннинг қотиллари ичида муҳожир ва ансорлардан бирор киши бўлганми?” дедим. У: “Йўқ. Улар Миср аҳлининг ҳар қандай ёмонликдан тафт тортмайдиган кишилари эди”, деди. Ислом оламидаги аввалги фитналар Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида бошлангани учун ҳам бунга кўпроқ тўхталиб ўтишга мажбурмиз.

Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Усмон ибн Аффон  ўн икки йил мўминларга  амир бўлиб бошқардилар. Халифаликнинг аввалги олти йилида инсонлар у кишига нисбатан ҳеч қандай иғволар қилмадилар. Қурайшга у киши Умар ибн Хаттобдан ҳам маҳбуб бўлди. Чунки Умар уларга қаттиқ эди. Аммо Усмон Уларга мулойимлик ва силаи раҳм қилди. Сўнгра ундан кейин фитналар содир бўлди”. Мусулмон тарихчилар Усмон розияллоҳу анҳу халифаликларининг охирги 30-35 йилларидаги воқеаларни фитналар даври деганлар. Чунки Абу Бакр, Умар ва Усмон халифалигининг аввалги даврларида мусулмонлар тинч-тотув бўлиб, улар ўртасида ҳеч қандай низо бўлмаган. Бу даврда жамиятнинг ҳар бир соҳаси гуллаб яшнаган. Бу даврдаги жамият том маънодаги ҳақиқий ислом жамияти бўлган. Тарихдаги жамиятлар ичида гуноҳлар энг кам содир этилган жамият эди. Бу жамиятда дин унинг ҳаёти эди. Дин улар адо қилаётган ибодатлардагина эмас, балки уларнинг ахлоқлари, тасаввурлари, ўй-фикрлари, ижтимоий алоқалари, оила ва қўшничилик муносабатлари, савдо- сотиқлари, ер юзидаги сафарлари, амру маъруф ва наҳий мункарлари, барча-барчасида дин асосий негиз бўлиб турарди. Бу нарсалар маълум бир тоифагагина хос бўлмаган, балки жамиятнинг барча табақаси мана шу руҳда тарбияланган бўлиб, бу Расулуллоҳнинг жамиятлари эди. Бу жамиятда тиллари билан иймон келтириб, лекин қалбида Исломга душман бўлган мунофиқлар бўлгандир. Лекин уларнинг сариқ чақачалик қадри ҳам бўлмаган ва бу жамиятнинг юришини ўзгартиришга уларнинг қувватлари ҳам етмаган. Улар ҳақиқий маънодаги Ислом уммати, раббоний уммат эдиларки, уларни ягона ақида боғлаб турарди. Уларни боғлаб турган нарса уруғи, жинси ёки ранги эмас, балки диний биродарлик эди. Ҳолбуки, уларнинг орасида араб ҳам ажам ҳам, қора ҳам оқ ҳам, қул ҳам ҳур ҳам бор эди. Жамиятнинг ҳар бир гўшасида ибодат руҳи бор эди. Фақат фарз ва нафлларнигина ибодат руҳида қилмас эдилар, балки барча амалларидан ибодат иси келарди. Ҳоким ўз раийятини ибодат руҳи билан бошқарар, Қуръонни ўргатадиган муаллим, инсонларга динни тушунтирадиган фақиҳ ибодат руҳи билан таълим берар, Аллоҳ савдо-сотиққа қўйган тожир ибодат руҳи билан бу ишларни қилар, ўз аҳлини боқаётган эр ибодат руҳи билан боқар, уйда бекалигини қилаётган аёл ҳам ибодат руҳи билан бекалик қиларди.  Бу ишларнинг барчасининг замирида суюкли Ҳабибимизнинг муборак ҳадислари турарди: “Барчангиз бошлиқсизва барчангиз қўл остиларингиздан сўраласиз”.  Бу даврдаги мусулмонлар тарих давомида ақл бовар қилмас натижаларга эришдилар. Бутун дунёга Ислом дини ниҳоятда тезлик билан тарқалди. Мусулмон қўмондонлар қилган фатҳларни эса гапирмаса ҳам бўлади. Улар жуда қисқа муддат ичида катта ҳудуларни фатҳ қилдилар. Еллик йилдан камроқ муддат ичида ғарбдан Ўрта Ер денгизигача, шарқдан Ҳинд океанигача бўлган ерларни фатҳ қилдилар. Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ таоло ер юзида халифа қилиб қўйган уммат айнан мана шулар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръонда: “Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амал қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилгандек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар ўзлари фосиқлардир”[4].

         Лекин афсуски, мана шундай гўзал Ислом жамиятини ва унинг зафарли юришларини кўра олмайдиган Абдуллоҳ ибн Сабаъга ўхшаган дин душманлари фитналар уюштиришга уриндилар. Саҳобаи киромлар ҳам қачондир фитналар содир бўлишини билар эдилар. Чунки  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадисларида бу уммат калажакда ихтилоф қилиши, бир-бирлари билан ўзаро уруш қилиши ҳақида хабар берганлар. Бу ҳадисларни ҳолатга қараб турли хил баён қилиб берганлар. Баъзиларида умумий қилиб фитналарни  баён қилган бўлсалар, баъзиларида  алоҳида-алоҳида хос фитналар ҳақида айтиб ўтганлар. Расулуллоҳнинг ҳадислари фитнанинг сабаблари ёки унинг натижалари, ёки у фитнадаги баъзи воқеаларни, ёки бўлмаса, у фитналарни келтириб чиқарадиган шахслар ҳақида хабар беради. Кўпинча, бу ҳадислар Расулуллоҳдан саҳобаи киромларнинг берган саволларига жавоб улароқ ворид бўлган. Чунки саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Аллоҳ уларга берган улуғ неъмат биродарлик, якдиллик неъматини татиб, бевосита гувоҳи бўлаётган эдилар.  Уларни ташвишга солган нарса бу неъматлар бардавом бўладими ёки вақти келиб завол топадими, мана шу нарса уларни ташвишга солар эди. Шунинг учун ҳам бу ҳақида Расулуллоҳдан сўрашарди. Расулуллоҳ бу неъматлар ҳозиргидек бардавом бўлмаслигини ва келгусида уммат ичида катта фитналар содир бўлишини ваҳий орқали билганларидан сўнг, саҳобаи киромларни мана шу даҳшатли фитналарга тайёрлашни хоҳладилар. Тоинки, Аллоҳ таоло тақдирга битган мана шу фитналар воқеъ бўлган кунда улар чиройли тадбир қилиб, бу фитналарни муолажа қилиш учун ҳаракат қилсинлар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилиш фитнасида саҳобаи киромлардан бирортасининг иштироки бўлмаган. Улар унинг қонидан пок эдилар. Бу фитна Ислом тарихидаги энг катта фитна бўлиб, мана шу воқеа мусулмонлар ўртасидаги ўзаро низолар, урушлар ва бунинг ҳатижасида турли фирқаларнинг чиқишига сабаб бўлган.

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме масжиди

имом-хатиби Бобохон Бобохонов

 

 

[1]Фуссилат  сураси, 42-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси – Т.: «Шарқ» 2011

 

[2]Ҳашр сураси, 10-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси – Т.: «Шарқ» 2011. 547-б.

[3]Доктор Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ғаббон «Фитнату мақтали Усмон ибн Аффон». – М. мактабатул убайкон,1999. 6-9-б.

 

[4]Нур  сураси, 55-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Қуръони карим ва унинг ўзбек тилидаги маънолар таржимаси – Т.: «Шарқ» 2011. 547-б.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

20.08.2026   33020   7 min.
НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.

Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:

“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.

“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.

Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.

Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.

Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.

Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.

Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.

Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.

Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.

 

Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари

Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:

الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ

1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.

جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ

2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.

عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ

3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.

Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ

1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ

2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.

Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.

Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.

Бидъатнинг турлари.

“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).

Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).

Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ

“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.

 

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА