Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Хушёрликни бир дам йўқотмайлик!

23.12.2022   2833   4 min.
Хушёрликни бир дам йўқотмайлик!

Огоҳлик – давр талаби

Бугунги ахборот техноогиялари асрида турмушимиз қанча фаровонлашган бўлса, шунча хавф-хатар ҳам кўпайиб боряпти. Олдингидай душманни четдан ахтаришга ҳожат қолмади. Ғанимлар ёнимизда, ҳатто карманларимизда изғиб юрибди. Баъзан кафтдеккина мобил қурилма бизнинг ағёримизга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу матоҳ фарзандларимизни ҳам чалғитиб, уларни турли бузуқ ақидаларга бошламоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Набий алайҳиссалом фарзандларига, набираларига, умуман, ёш болаларга жуда эътиборли бўлганлар. У зотнинг тарбияларини олган издошлари, саҳобалар ҳам фарзанд тарбиясида ўша услубни қўллашган.

Биз – болажон миллатмиз. Фарзандларимиз учун ўзимизни ўтга-чўққа урамиз. Тиним билмаймиз. Ўзимиз емасак ҳам уларнинг оғзига тутамиз. Лекин тарбиядаги жуда нозик жиҳатларга боламизнинг қалбига киришга, у билан чинакам дўстлашишга, тиллашишга, диллашишга ҳар доим ҳам интилмаймиз.

Ота фарзанди учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўяди. Бироқ энг муҳим нарсани унутади. Ҳа, одам боласи учун қорин тўқлигию устбутликнинг ўзи кифоя қилмайди. Унда кўнгил бор. Кўнгил эса доимий эътиборни, меҳрни тусайди. Ҳар бир фарзанд отадан меҳр кўришни хоҳлайди, эътибор хоҳлайди.

Агар биз ўша меҳри бера олмасак, бошқалардан олса, тўғри бўладими? Эртага ўзларини ғаразли мақсадларига йўғрилган, Ватанига, динига ва ота-онасига қарши борадиган миссионер ва турли оқимлардан ота-онасидан ололмаган меҳр-тарбияни олса, бу ҳаммамиз учун фожиа бўлади.

Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

Ҳозирги кунда баъзи тоифа ва гуруҳлар манфур мақсадлари йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини бузиб, ўз ғояларига мослаштиришмоқда. Шунингдек, улар солиҳ аждодларимиз ва ўтган азиз уламоларимиз айтган сўзларни ҳам бутунлай нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Масалан, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳид” сўзларини нотўғри талқин қилиб, ёшларимизни чалғитмоқдалар.

Биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга, Ислом динимиз борасида оз билимга эга бўлган кишиларга юқоридаги сўзларнинг асл маъносини тушунтириб беришимиз лозим. Шунда ёшлар xавф-хатар юқоридаги сўзларда эмас, балки бу сўзларни ниқоб, қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканини англаб олади.

Ўша тоифалар ҳақида Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 179-оятида бундай марҳамат қилади: «…Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан англамайдилар. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир».

Биз фазандларимизни баъзи тоифа ва гуруҳларнинг манфур ғояларига учиб, юртини ташлаб ватангадо бўлиб, юртдошларига қарши бориб, ватан хоини бўлишининг олдини олишимиз шарт.

Хуллас, барча мусулмонлар учун муқаддас тушунчалар ва атамаларни ғаразли мақсад йўлида суиистеъмол қилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашиш, уларнинг сохта даъволарига ўз вақтида асосли раддиялар бериш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир. Агар биз ҳушёрликни бир дам йўқотсак, пайт пойлаб юрган бузғунчилар кирдикорларини бошлашади. Шу боис огоҳ бўлишимиз шарт.

 

Мансур ЎРОЛОВ

Тошкент шаҳри “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон делегацияси Мисрдаги халқаро анжуманда иштирок этади

02.09.2026   37684   1 min.
Ўзбекистон делегацияси Мисрдаги халқаро анжуманда иштирок этади

Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.

Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.

Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари