Ривоят қилишларича, бир киши қишлоқда куч-ғайратга тўла 120 ёшга кирган отахонни кўриб қолади. Ҳайрон бўлиб ундан сўрайди: “Бу ёшда шунча шижоат қаердан?” Мўйсафид шундай жавоб беради:
Ташладим ёмон иллат ҳасадни,
Худо берди бу ғайратли жасадни.
Англаганингиздек, бу галги мулоҳазамиз ҳавас ва ҳасад тўғрисида. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Равшан домла Ўринбоев
– Аввало, суҳбатимизни ҳавас ва ҳасад нима деган саволга жавоб олишдан бошласак. Динимизда бу борада қандай тушунтиришлар берилади?
– Агар кимки, бировга берилган неъматга ёмон ният билан қараб, ўша неъматни ундан кетиб, ўзига берилишини хоҳладими, бу ҳасад. Аксинчи бундан хурсанд бўлиб, ўша неъматни эгасида қолиши ва ўзига ҳам шунга ўхшаган неъмат берилишини орзу қилиш эса ҳавасдир. Динимизда ҳам ҳасадгўйлик қораланади. Бу иллат гуноҳлиги айтилади. Албатта, ҳасад қилаётган киши ғийбат қилиш асносида гуноҳга ботади. Бу билан тўплаган савобларини ўша одамга “ҳадя” қилиб юборади.
Хўш, ҳасад қандай пайдо бўлади? Бу саволга Абу Бакр ар-Розий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ат-Тибб ар-руҳоний” китобида бундай жавоб берган: “Ҳасад бахиллик ва очкўзликнинг бирлашишидан пайдо бўлади. Лекин у бахилликдан кўра ёмонроқдир. Чунки бахил ўзининг мулкида бўлган нарсани ҳеч кимга беришни истамайди. Ҳасадгўй эса ўз мулкида бўлмаган нарсани ҳеч кимга беришни хоҳламайди”.
– Шу ўринда ҳасад ҳам бир касаллик, яъни қалб касаллиги десак адашмаймиз, тўғрими?
– Худди шундай. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизларга ҳам олдин ўтган умматларнинг касали: ҳасад ва буғзу-адоват ўтди. У (иккиси) қирувчидир. Сочни қиради демайман, балки динни қиради! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмайсиз. Ўшанда собит қадам қиладиган нарса ҳақида сизларга хабар берайми? Орангизда саломни кенг ёйинг” (Имом Термизий ривояти).
Бу касаллик нафақат қалбни, иймонни заифлаштиради. Балки жисмоний соғлиқдан ҳам айира бошлайди. Яъни доимий маҳзунлик, тез аччиқланиш, уйқусизлик, одамови бўлиб қолиш, иштаҳанинг бузилиши натижасида мизожни айниши, юзга ажин тушиши, тез ва эрта қариш ҳолатларини олиб келади. Ўз навбатида жамиятда кибр, адоват каби парокандаликлар кўпаяди.
Кўп ва хўп эшитгансиз, ер юзида биринчи қотиллик ҳасад сабабли содир бўлганди. Қобил ўз укаси Ҳобилга ҳасад қилади ва натижада унинг қотилига айланади. Қуръони каримда бу ҳолат қуйидагича баён қилинади: “Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди” (Моида сураси, 30-оят).
– Бугун ҳам орамизда ўзганинг ютуғини, айниқса, мол-дунёси, ҳатто оилавий бахтини кўролмай турли “ўйинлар”ни уюштираётганлар, афсуски, йўқ эмас. Бунга даъвони қаердан излашимиз керак?
– Аввало, оиладан, тарбиядан бошлашимиз керак. Қайсидир маънода ота-онанинг ўзи ҳам сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Айтайлик, аксарият ҳолларда оилада кенжа фарзандга кўпроқ эътибор берилади. Ёки баъзилар қайсидир ўғил ёки қизини бошқасидан устунроқ кўради. Шундай ҳолларда болаларнинг “нимага менга кам, унга бошқачаси” деган хархашаларини эшитамиз. Бу аста-секинлик билан бола онггида ҳасадни вужудга келтира бошлайди. Ёки боғча, мактабларда ўқувчилар орасида таққослашлар бўлади. Билинмас ҳолда болаликданоқ тамал тоши қўйилган ҳасад инсон билан бирга ўсиб-улғайиб, уни ҳалокат сари етаклайди. Шунинг учун ота-она ва мураббийлар бола тарбиясидек нозик масалага эътибор билан ёндошишлари ҳамда болаларни фарқламай, уларга бир хил муомалада бўлишлари шарт.
Ҳадису шарифда бундай дейилади. “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки у худди олов ўтинни егани каби яхшиликларни ейди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳадисни шаҳрлаган уламоларимиз айтадиларки, инсонларннинг ҳасаддан сақланиши юртга хайр-барака ва ҳамжиҳатликни олиб келади. Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутилиш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам халос бўлиши шарт. Ўшандагина элу юртда ҳамжиҳатлик, халқда тотувлик ва яхшиликлардан умид қилсак бўлади.
Ҳувайдо Хўжамқулова
суҳбатлашди
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси