Ҳозирги даврдаги жаҳолат уруғини сочаётган сохта экстремистик ғояларга маърифий жиҳатдан курашда ислом динимиз тарихий тараққиётида ҳам шаклан бошқачароқ кўринишда бўлса-да, лекин мазмунан айнан шундай экстремистик ғоялар олдин ҳам бўлганига гувоҳ бўламиз. Динимиз тарихига назар солар эканмиз, яна шунга амин бўламизки, соғлом идрок, соғлом ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Ислом динимиз ривожига буюк ҳисса қўшган бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросида сохта ғояларга қарши иш олиб борган курашини кўриш мумкин. У кишининг «Китоб ат-тавҳид» асарида сохта таълимотларга эргашишни олдини олишда ишончли далиллардан келтириб, бу йўлдаги барча хатоликлар сабабини аниқ кўрсатиб берганига гувоҳ бўламиз: «Таассуб, бу кўр-кўрона тақлид бўлиб, у жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик бирон-бир маънавий ёки диний йўлбошчига, унинг фикрлари мазму н-моҳиятини тушунмаган ҳолда қўшилишга енгиб бўлмас мойиллик билдиради. Мана шу сабаб натижаси ўларок, ҳар бир фирқа ва ҳар бир йўналиш шу пайтга қадар ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу мухлислар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этмоқдалар ва яна ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисобламоқдалар», — деган фикрлари бугунги диний-экстремистик гуруҳларга айтилгандек сезилади. Мотуридий бобомиз ўша даврдаги ислом ичидаги сохта оқим ва фирқаларнинг ҳақиқий моҳиятини очиб берган. Бундай оқимлар ўша даврда ҳам кўп бўлган. Шунга қарамасдан эзгулик билан ёвузлик жамиятда ҳамиша ёнма-ён курашиб, бу курашда эзгулик ғалаба қилиб келган.
Шу маънода бугунги жаҳолат йўлига кирган, динни ниқоб қилиб олган ҳалқаро терроризмга қарши курашдаги маърифий йўлларидан бири ўзбек халқининг миллий ва ислом диний қадриятлари, уларга таяниб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-қудрат манбаи сифатида қаралиши лозим. Улар нафақат мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари билан жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг ҳарактерли хусусияти (менталитети) га тамомила зид бўлган террорчилик ғояларининг кириб келиши ва ёшлар онгини заҳарлашга қарши қаратилган мустаҳкам қалқон бўлиб ҳизмат қилиши мумкин. Миллий – диний қадриятларимизни ҳар қандай сохта ёвуз ғоялардан сақлаш ва ҳимоя қилишда Ислом дини ўз таълимотларидан Қуръони карим ва ҳадислардан маърифий жиҳатдан фойдаланиб, ҳар қандай шароитда ҳам террористик ҳаракатларни қоралаб, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишдан қатъий назар энг оғир гуноҳ ҳисоблайди. Қуръонни Каримнинг «Моида» сурасида 33-оятда бу фикрнинг исботи ўз аксини топган: «Бирор жонни ўлдирмаган, бузғунчилик, қароқчилик каби фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт баҳш этган одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир».
Пайғамбаримиз (с.а.в): «Ёв билан ҳарбий тўқнашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳдан хотиржамлик ва осудалик тилангиз», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бугунги кунда ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шафқатга чақирадиган, тараққийпарвар ва маърифатпарвар динлигини ёшларимиз англаб етгандагина турли ислом ниқобидаги экстремистик жаҳолат йўлига кирган ғоявий кучларга нафрат билан қарайди, шунингдек, биз имом-хатиблар ҳам ватандошларимизга ва ёшларимизга асл исломнинг моҳияти ва мазмунини асл ҳолатда англата олгандагина тўла мақсадимизга эришамиз.
Ҳ.Темиров ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги ходими
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати