Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Тафсири Табарий юзаки тафсирми...?

13.12.2022   1913   4 min.
Тафсири Табарий юзаки тафсирми...?

Яқинда Абдуллоҳ Зуфарнинг “you tube” тармоғига жойлаштирган Қуръонни тафсир қилиш борасида қилган суҳбатини эшитиб қолдим. Унда Абдуллоҳ Зуфар Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг бир оятни тафсир қилиш учун юзлаб тафсир китобларини кўришини, лекин улардан қониқмасдан Аллоҳга дуо илтижолар қилишини натижада ўша оят борасида ҳеч ким эшитмаган тафсирни қилишини айтиб ўтган. Шундан сўнг ўзининг фикрларини давом эттириб, Ислом оламида энг мўътабар ҳисобланган айрим тафсир китобларини жумладан, Имом Табарийнинг тафсирини юзаки ёзилган тафсирлар сирасига киради, деган!

Хўш! Ҳақиқатда ҳам шундоқми? Ёки асл ҳолат тамоман бошқачами? Имом Табарий ўз тафсирларини қанча муддатда ёзган ва унда қандай услубни танлаган? Мўътабар уламолар мазкур тафсир ҳақида нималар деган? Қуйида шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Тафсири Табарий номи билан шуҳрат қозонган “Жомеъу-л-баён фий таъвили-л-Қуръон” номли ушбу бебаҳо асар баъзи тадқиқотчилар наздида маъсур тафсир йўналишида ёзилган илк мукаммал асар сифатида билинади.

Муфассир аввал ояти каримани келтиради. Сўнгра, унга умумий маъно беради. Сўнгра, бирорта саҳобий ёки тобеиндан ояти кариманинг тафсирига алоқадор бўлган сўзларини санадлари билан келтиради. Муайян оятларнинг ўқилиш тартиби борасида ворид бўлган турли хил қироат услубларини зикр қилади ва улардан бирини таржиҳ этади. Оят мазмуни ёхуд сабаби нузулига тааллуқли бўлган ҳадиси шарифларни ҳам санадлари билан зикр қилади. Оятлардан тармоқланиб чиқувчи фиқҳий ҳукмларга ҳам тўхталади. Гоҳо, эътиқодий масалаларга ҳам тегиниб, бидъат аҳлига илмий раддиялар беради.

Ривоят қилинишича, Муҳаммад ибн Жарир Табарий ушбу асарни ёзишдан олдин уч йил мобайнида истихора қилган. Сўнгра, қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан ёзган. Уни имло қилишдан аввал шогирдларига юзланиб, “Қуръон тафсирини ёзиб олишга ғайрат қила оласизми?”, дейди. У замонларда устозлар айтиб турганлар. Шогирдлар ёзиб турганлар. Шунда шогирдлар: “у неча варақ бўлади?”, дейишди. У киши: “ўттиз минг варақ бўлади”, деб жавоб бердилар. Шогирдлар “буни ёзиб тамомлагунча умр кетиб қолар экан”, дея эътироз билдиришди. Шундан сўнг, Табарий ўз тафсирини қисқартириб, уч минг вараққа туширди. Лекин, шунда ҳам ушбу асар ҳажм жиҳатидан энг катта тафсир бўлди.

Унинг аксар, матбаалар томонидан чоп этилган нусхаси ўттиз мужалладдан иборат. Айтиш жоизки, Табарий тафсиридан сўнг бугунги кунгача таълиф этилган аксар тафсир китобларининг услуби Табарий қўллаган услубдан катта фарқ қилмайди.

Кўплаб машҳур ислом уламолари тафсири табарийнинг ўз бобида мисли йўқ бир китоб эканлигини эътироф этиб, мадҳ этганлар. Жумладан, Абу Ҳомид Исфиройиний шундай дейди: “Агар кимдир ушбу тафсирга эга бўлиш учун Чин (Хитой) юртига сафар қилса, бу йўлда чеккан машаққати арзимас ҳисобланган бўлурди”.

Имом Нававий ўзининг “Таҳзибу-л-асмо ва-л-луғот” номли асарида Ибн Жарир Табарийнинг таржимаи ҳолига тўхталар экан: “Унинг машҳур таърих китоби бор. Шунингдек, тафсир борасида ҳеч ким ўхшашини тасниф қилолмаган бир китоби мавжуд”, дейди.

Жалолиддин Суютий айтади: “Агар мендан қайси тафсирга йўллайсиз ва ўқувчига бу борада қайси ишончли китобни маслаҳат берасиз, десанг, мен бундай китоб имом Абу Жаъфар ибн Жарир Табарийнинг тафсиридир, деб айтаман. Қайсики, барча мўътабар уламолар тафсир борасида унинг ўхшаши ёзилмаганлигига иттифоқ қилганлар”.

Имом Абу Бакр Хатиб ўзининг “Тарихи Бағдод” китобида шундай ёзади: “Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий... шундай олим эдики, сўзлари ҳукм ўрнида қабул қилинарди, унинг раъйига мурожаат қилишарди. У ўз асрида ҳеч ким муваффақ бўлмаган даражада илм олди ва уларни ёзди. У Қуръони каримни тўла ёд олган, қироат турларининг барчасини чуқур ўзлаштирган, уларнинг маъноларини теран ўрганган олим эди...”.

Юқорида айтиб ўтилган маълумотлардан маълум бўлмоқдаки, Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳининг ёзган тафсирлари ҳеч ҳам юзаки тафсир эмас экан. Абдуллоҳ Зуфарнинг гапи борасида эса, мўътабар уламоларнинг обрўсини тўкиш мақсадида атайлаб айтилган гап, деган хулоса қилишимиз мумкин. Имом Табарийнинг ҳаёти ва илмий ижоди билан яқиндан танишган ҳар қандай киши бунга амин бўлади.

 

Омон  Қодиров,  “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   4193   3 min.
Икки улуғ неъмат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ

МАҚОЛА