Яқинда Абдуллоҳ Зуфарнинг “you tube” тармоғига жойлаштирган Қуръонни тафсир қилиш борасида қилган суҳбатини эшитиб қолдим. Унда Абдуллоҳ Зуфар Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг бир оятни тафсир қилиш учун юзлаб тафсир китобларини кўришини, лекин улардан қониқмасдан Аллоҳга дуо илтижолар қилишини натижада ўша оят борасида ҳеч ким эшитмаган тафсирни қилишини айтиб ўтган. Шундан сўнг ўзининг фикрларини давом эттириб, Ислом оламида энг мўътабар ҳисобланган айрим тафсир китобларини жумладан, Имом Табарийнинг тафсирини юзаки ёзилган тафсирлар сирасига киради, деган!
Хўш! Ҳақиқатда ҳам шундоқми? Ёки асл ҳолат тамоман бошқачами? Имом Табарий ўз тафсирларини қанча муддатда ёзган ва унда қандай услубни танлаган? Мўътабар уламолар мазкур тафсир ҳақида нималар деган? Қуйида шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Тафсири Табарий номи билан шуҳрат қозонган “Жомеъу-л-баён фий таъвили-л-Қуръон” номли ушбу бебаҳо асар баъзи тадқиқотчилар наздида маъсур тафсир йўналишида ёзилган илк мукаммал асар сифатида билинади.
Муфассир аввал ояти каримани келтиради. Сўнгра, унга умумий маъно беради. Сўнгра, бирорта саҳобий ёки тобеиндан ояти кариманинг тафсирига алоқадор бўлган сўзларини санадлари билан келтиради. Муайян оятларнинг ўқилиш тартиби борасида ворид бўлган турли хил қироат услубларини зикр қилади ва улардан бирини таржиҳ этади. Оят мазмуни ёхуд сабаби нузулига тааллуқли бўлган ҳадиси шарифларни ҳам санадлари билан зикр қилади. Оятлардан тармоқланиб чиқувчи фиқҳий ҳукмларга ҳам тўхталади. Гоҳо, эътиқодий масалаларга ҳам тегиниб, бидъат аҳлига илмий раддиялар беради.
Ривоят қилинишича, Муҳаммад ибн Жарир Табарий ушбу асарни ёзишдан олдин уч йил мобайнида истихора қилган. Сўнгра, қирқ йил давомида ҳар куни қирқ варақдан ёзган. Уни имло қилишдан аввал шогирдларига юзланиб, “Қуръон тафсирини ёзиб олишга ғайрат қила оласизми?”, дейди. У замонларда устозлар айтиб турганлар. Шогирдлар ёзиб турганлар. Шунда шогирдлар: “у неча варақ бўлади?”, дейишди. У киши: “ўттиз минг варақ бўлади”, деб жавоб бердилар. Шогирдлар “буни ёзиб тамомлагунча умр кетиб қолар экан”, дея эътироз билдиришди. Шундан сўнг, Табарий ўз тафсирини қисқартириб, уч минг вараққа туширди. Лекин, шунда ҳам ушбу асар ҳажм жиҳатидан энг катта тафсир бўлди.
Унинг аксар, матбаалар томонидан чоп этилган нусхаси ўттиз мужалладдан иборат. Айтиш жоизки, Табарий тафсиридан сўнг бугунги кунгача таълиф этилган аксар тафсир китобларининг услуби Табарий қўллаган услубдан катта фарқ қилмайди.
Кўплаб машҳур ислом уламолари тафсири табарийнинг ўз бобида мисли йўқ бир китоб эканлигини эътироф этиб, мадҳ этганлар. Жумладан, Абу Ҳомид Исфиройиний шундай дейди: “Агар кимдир ушбу тафсирга эга бўлиш учун Чин (Хитой) юртига сафар қилса, бу йўлда чеккан машаққати арзимас ҳисобланган бўлурди”.
Имом Нававий ўзининг “Таҳзибу-л-асмо ва-л-луғот” номли асарида Ибн Жарир Табарийнинг таржимаи ҳолига тўхталар экан: “Унинг машҳур таърих китоби бор. Шунингдек, тафсир борасида ҳеч ким ўхшашини тасниф қилолмаган бир китоби мавжуд”, дейди.
Жалолиддин Суютий айтади: “Агар мендан қайси тафсирга йўллайсиз ва ўқувчига бу борада қайси ишончли китобни маслаҳат берасиз, десанг, мен бундай китоб имом Абу Жаъфар ибн Жарир Табарийнинг тафсиридир, деб айтаман. Қайсики, барча мўътабар уламолар тафсир борасида унинг ўхшаши ёзилмаганлигига иттифоқ қилганлар”.
Имом Абу Бакр Хатиб ўзининг “Тарихи Бағдод” китобида шундай ёзади: “Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий... шундай олим эдики, сўзлари ҳукм ўрнида қабул қилинарди, унинг раъйига мурожаат қилишарди. У ўз асрида ҳеч ким муваффақ бўлмаган даражада илм олди ва уларни ёзди. У Қуръони каримни тўла ёд олган, қироат турларининг барчасини чуқур ўзлаштирган, уларнинг маъноларини теран ўрганган олим эди...”.
Юқорида айтиб ўтилган маълумотлардан маълум бўлмоқдаки, Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳининг ёзган тафсирлари ҳеч ҳам юзаки тафсир эмас экан. Абдуллоҳ Зуфарнинг гапи борасида эса, мўътабар уламоларнинг обрўсини тўкиш мақсадида атайлаб айтилган гап, деган хулоса қилишимиз мумкин. Имом Табарийнинг ҳаёти ва илмий ижоди билан яқиндан танишган ҳар қандай киши бунга амин бўлади.
Омон Қодиров, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.
Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.
Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.
Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.
Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.
Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати