Фитналар пайтида илм ва етук малакага эга бўлмаган инсон унинг домига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Айниқса, ҳозирги кунга келиб арзимас хато туфайли фитначиларга ёрдам бериши ёки уларнинг сафига тушиб қолиши ҳам мумкин. Фитналарнинг бўлиши тақдирда бор экан, мана шундай фитналар содир бўлган пайтда мусулмон киши қандай йўл тутмоғи лозим? Қандай қилса, ундан сақланиши мумкин? Уламоларнинг Қуръон, ҳадис ва тарихдаги фитналар пайтида салафи солиҳларнинг фитналар пайтида тутган йўлларидан келиб чиқиб бидирган фикрларини қуйида қисқача баён қилишга ҳаракат қиламиз.
Қуръон ва суннатни маҳкам тутиш. Мусулмонларнинг Қуръон ва суннатни маҳкам тутиб, қалбларини улфат қилиб, ўзаро якдил бўлишликлари фитналардан соғ-саломат чиқишнинг энг тўғри ва синалган йўлидир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз”, деб марҳамат қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмассиз. Булар – Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати”, дедилар» (Имом Молик ривоят қилган).
Имом Термизий Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллаоҳу алайҳи васаллам бир кун бомдод намозидан сўнг бизга етук мавъиза қилдилар. Ундан кўзлар ёшланди. Қалблар титради. Бир киши: “Албатта, бу видолашув мавъизасидек бўлди. Ё Расулуллоҳ бизга нимани буюрасиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Сизларни Аллоҳга тақво қилишга, агар қора қул (амир) бўлса ҳам, (уни) эшитиб, итоат қилишга буюраман. Сизлардан ким (мендан кейин) яшаса, кўп ихтилофларни кўради. Ишларнинг янги пайдо бўлганидан сақланинглар. Чунки бу залолатдир. Сизлардан ким шуларга етса, менинг суннатим ва тўғри йўлдаги рошид халифаларимнинг суннатини лозим тутсин. Уни озиқ тишларингиз билан маҳкам ушланглар”, дедилар.
Шаръий илмлардан хабардор бўлиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат яқинлашади, илм олинади, фитналар зоҳир бўлади, бахиллик тарқалади, ҳараж кўпаяди, дедилар. Ҳараж нима. деб сўралди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ўлим”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда “Илмнинг кўтарилиши, илмсизликнинг кўпайиши қиёматнинг аломатларидандир”, дейилган.
Чин дилдан тавба ва истиғфор айтиш. Нима учун айнан тавба ва истиғфор? Чунки иноннинг бошига қандай бало келмасин, кўпинча у гуноҳи сабабидан келади. Бу бало ва мусибатлар фақатгина тавба билан кўярилиши мумкин. Фитна эса мусулмонлар бошига тушган энг катта балолардан ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу билан истисқо қилганда, Аббос розияллоҳу анҳу айтгандилар: “Эй Аллоҳим! Гуноҳ бўлмаса, бало тушмайди. Тавба бўлмаса, бало кетмайди. Қавм мени набийингни ҳурматидан Сенга йўналтирди. Мана бу қўлларимизни Сенга гуноҳлар билан (очамиз), пешоналаримизни Сенга тавба билан қўямиз. Бизни ёмғир билан суғоргин”, деб дуо қилгандилар. Шундан кейи осмон тоғдек ёришди, ҳатто ер серҳосил бўлди. Одамлар яхши яшашди.
Фитналар пайтида сўз ва амаллар Ислом мезонида бўлиши. Ҳар бир мусулмон айтаётган гапларини ўйлаб гапирмоғи, уни Ислом мезонига солиб кейин гапиришлиги вожибдир. Худди шунингдек, қилаётган ишларини ҳам қилишдан олдин Ислом мезонига солиб, ана ундан кейин қилиши лозимдир. Айниқса, фитналар пайтида янада бунга эътибор бермоғи керак бўлади. Чунки ўзи билмаган ҳолатда фитнага аралашиб қолиши ҳеч гап эмас. Чунки Аллоҳ таоло: “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар, масъулдирлар”, деган.
Инсонларни фитнага чақирувчиларга эргашишнинг оқибатидан огоҳлантириш. Уламолар инсонларни фитнага шерик бўлиб қолишнинг ёмонлиги ва унга чқирувчиларга эргашиш ёмон эканлигидан огоҳлантирмоқликлари вожиб амаллардандир. Айниқса, ёшларни бу нарсалардан кўпроқ огоҳлантириш лозим бўлади. Шу билан бирга фитнанинг натижасида келиб чиқадиган қон тўкилишлар, ўзаро душманлик, юртдан хотиржамликни кетиши, жамиятда талон-тарожларнинг тарқалиши каби нарсалардан ҳам огоҳлантиришлари керак бўлади.
Фитнадан четда бўлиш. Мусулмон кишига ўз динини сақлаш учун ҳам фитналарга қўшилмасдан ундан қочиши лозим бўлади. Фитнлар пайтида ўз уйида бўладими, иш жойида бўладими, қаерда бўлса ҳам ундан узоқ бўлиши лозим.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Яқинда фитналар бўлади. Унда ўтирган киши тургандан яхшидир. Турган юриб тургандан, юриб турган ҳаракат қилувчидан яхшидир. Ким ундан сақланадиган ёки бошпаланадиган жой топа олса, ўша ерда сақлансин”, деб марҳамат қилганлар.
Абу Довуд Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса қуйидагилар айтилган: “Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, бахтли киши фитнадан сақланган кишидир, албатта, бахтли киши фитнадан сақланган кишидир, албатта, бахтли киши фитнадан сақланган кишидир ва фитна билан балоланиб сабр қилган кишидир”, деганларини эшитганман.
Эътибор бериладиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳиу васаллам уч бора фитнадан сақланишликка чақирмоқдалар. Сақланишни иложи топилмаганда ҳам фитнага қўшилишга эмас, балки унга сабр қилишга чақирмоқдалар. Ана шундагина нажот топпиш мумкин бўлар экан.
Саҳобаи киромлар ва ўтган салафи солиҳларимизнинг кўплари фитнага аралашмасдан ундан сақланишга ҳаракат қилганлар ва уйларини лозим тутганлар. Улар бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган собит нассга эргашганлар. Муҳаммад ибн Сирин айтадилар: “Фитналар қўзғалганда Расулуллоҳнинг ўн мингта саҳобалари бор эди. Улардан юзтаси ҳам фитнага қўшилмадилар, балки ўттизтага ҳам бормас эди”. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Жамал, Сиффин ҳамда Али ва Муовия розияллоҳу анҳумолар ўртасидаги Таҳким воқеаларида иштирок этмаганлар. Айюб Сижистоний айтадилар: “Саъд ибн Абу Ваққос, Ибн Масъуд, Ибн Умар ва Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумлар йиғилишиб, фитнани зикр қилдилар. Саъд ибн Абу Ваққос: “Мен уйимда ўтираман, унга кирмайман”, дедилар.
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,
Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме масжиди
имом-хатиби Бобохон Бобохонов
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат
– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.
Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.
Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.
– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.
– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.
Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.
Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.
– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?
– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.
Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.
– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?
– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.
Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.
– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?
– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.
Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.
Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.
– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?
– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.
Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.
– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?
– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.
– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?
– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.
Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.
Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.
Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.
Т.НИЗОМ суҳбатлашди.